Mirzo Boburning bir jumlasi.

Mirzo Boburning bir jumlasi.


   “Бобурнома”… Қуриганда ҳам ҳиди гуркираб турадиган дасторбошга ўхшайди бу асар — ҳар гал қўлга олганда янгитдан ифор таратади. Шунинг учун уни бот-бот ўқийман. Тилининг бир оз мураккаблиги шунга даъват этса ҳам ажаб эмас. Аммо ҳар галги мутолаа чоғида аввалгисида англамаган ё чала уққан маъноларни топиб завқ қиламан. Ҳозир бутун бошли “Бобурнома” эмас, ундаги бир жумла ҳақида фикрлашмоқчиман.

БОБУРНИНГ БИР ЖУМЛАСИ

Зуҳриддин Исомиддинов

Бобур

“Бобурнома”… Қуриганда ҳам ҳиди гуркираб турадиган дасторбошга ўхшайди бу асар — ҳар гал қўлга олганда янгитдан ифор таратади. Шунинг учун уни бот-бот ўқийман. Тилининг бир оз мураккаблиги шунга даъват этса ҳам ажаб эмас. Аммо ҳар галги мутолаа чоғида аввалгисида англамаган ё чала уққан маъноларни топиб завқ қиламан. Ҳозир бутун бошли “Бобурнома” эмас, ундаги бир жумла ҳақида фикрлашмоқчиман.

Бунга эса яқинда ўқиганим Комил Авазнинг “Тонг эпкини” деган китоби сабаб бўлди. У ўндан ортиқ ҳикоя, ўнтача эссе, яна шунча мақолаю бир неча мактубдан ташкил топган. Албатта, бу ҳикоя ва эсселарнинг ўз фазилату нуқсонлари бор. Гап бунда эмас. Китобнинг охирида, илова қисмида Набижон Боқийнинг Комил Авазга ёзган мактуби ҳам берилибди. Набижоннинг хатида “Бобурнома”да ўз жонига қасд қилмоқ ҳолати бор. Нашр асносида уни “Қўналға” романингизга “едириб” юборсангиз бўлади” деган таклиф битилган экан. Бу фикр Комил Авазга ҳам маъқул тушиб, у “Бобур… “Ўзумни ўлумга қарор бердим”, дея жонига қасд қилиш учун боғ гўшасига боради…” деган гапларни дарж этади. Демак, Набижон ҳам, Комил оға ҳам Бобур ўзини ўлдириш ниятида бўлган, деб тушунибдилар.

Наҳот шундай бўлса?!

Ажабки, Бобур сўзларини ўз жонига суиқасд маъносида деб тушунганлар фақат икки киши эмас. Айримлар бояги жумлани “Ўзумни ўлумга (ўлдиришга) қарор бердим”, дея қавс орасида изоҳлаб такдим этади.

Улуғ шоиру мутафаккирлар асарларидаги бир мисра ёки жумла ҳам гоҳо ниҳоятда эътиборли бўлади. Шу парча унинг ҳаётидаги нафақат муҳим бир паллани, балки умрлик эътиқодини ойдинлаштиришда ҳам фавқулодда аҳамият касб этиши мумкин.

Ғарб илмида даҳо адиблар ижодидаги биргина сўз ёки парча талқинига оид бундай мисоллар беҳисоб. Ўзбек адабиёти тарихи майдонида эса бир жумла устидаги тадқиқотларга эҳтиёж янада кўп.

Шифоталаб Бобур азбаройи ихлосидан Хожа Аҳрорнинг “Волидия” асарини назмда таржима қила бошлайди. “Ушбу ният била “рамапи мусаддаси махбуни аруз” ва “зарбгоҳи махбуни маҳзуф” вазнидаким, мавлоно Абдурраҳмон Жомийнинг “Субҳа”си ҳам бу вазндадур, рисола назмига шуруъ қилдим, ҳам ўшал кеча ўн уч байт айтилди”, деб ёзади у. Яъни, таржима Жомийнинг “Субҳа” асари билан бир хил вазнда. Аммо Бобурни бизга тушунтирмоқчи бўлган баъзилар ўзи уни тушунмай, “Бобур Хожа Аҳрорнинг “Волидия”сини ҳам, Жомийнинг “Субҳа”сини ҳам ўгирган” деб уқтирадики, оқибат, илмда янглиш ахборот пайдо бўлади…

Албатта, араб алифбоси “инжиқлик”ларию қўлёзмалардаги бадхатликлар орқасида келиб чиқадиган чалкашликлар бисёр. Аммо бугун биз сўз юритмоқчи бўлган масала қўлёзмаларгаю услубга умуман дахлдор эмас. Гап шундаки…

Кимдир биров қай бир масалада янглишади. Банда беайб эмас. Орадан бир қанча вақт ўтиб ўзга бир одам ўша хатони такрорласа, бунгаям чидаш мумкин — балки бояги янглиш фикрни тўғри деб билгандир, ёки бўлмаса, ўзи янгитдан хатога йўл қўйгандир. Бироқ шу хато фикр ҳали у, ҳали бу одам томонидан айтилаверса, нақд ҳақиқат деб эътироф этилиш даражасига келса, ундай “аксиома”ни бартараф қилган маъқул. Айниқса, бундай қарашлар улуғ адиб ёки алломанинг эътиқодини, ҳаётий аъмолини талқин этишга оид бўлса.

Кейинги вақтда айрим мақола ва бадиий асарларда гўё Бобурнинг бир пайтлар “ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган”и ҳақиқатдай очиқ ёзила бошлади. “Бобурнома”дан олинган парча бунга “далил” қилиб келтирилади.

Бобурнинг “Ўзумни ўлумга қарор бердим” деган жумласига таянган муаллифлар буни шоирнинг оғир изтироблари натижаси, дея ўйлагандир. Бу “иқрор”дан шундай ҳукм чиқаришдан осони йўқ. Аммо…

Тожу тахт талашида Бобурнинг бошига оғир, таҳпикали кунлар кўп тушган. Неча марта накд ўлим чангалидан қутулиб ҳам кетган. Буларни у “Бобурнома”да саргузаштлари тавсифи сифатида эмас, ўшандай пайтда кишининг хаёлидан ўтадиган изтиробларни тасвирлаш, ўзини бу вартага ташлаган “дўст”ларнинг кирдикорларини қоралаш ва чин эътиқоднинг халоскорлик қудратини дапиллаш учун эслаб ўгади.

Ана шундай ҳолатлардан бири 1502(3) йили бўлиб ўтган.

Ҳар томони баланд девор билан ўралган бир қўрғон ичига душманлар қамаб олган, ёнида биронта ҳам қўлдоши қолмаган Бобур қаттиқ қўрқади: “…Муни дегач, манга ғариб ҳолате бўлди. Оламда жон ваҳмидин ёмонроқ нима бўлмас эмиш. …Ўзумда бетоқатлиғе фаҳм қилдим. Қўптум, боғ гўшасиға бордим. Ўзум била андиша қилдим. Дедимким, киши агар юз, агар минг яшаса, охир ўлмак керак.

Агар сад сол мони, в-ар яке рўз,

Бибояд рафт аз ин коҳи дилафрўз.

Ўзумни ўлумга қарор бердим. Ўшал боғда бир сув оқиб келадур эди, вузу қилдим, икки ракаат намоз ўқудум, бошимни муножотқа қўюб, тилак тилайдур эдимким, кўзум уйқуға борибтур…” (174-175).

Яъни, Бобур ўлимни бўйнига олади. Бу ўзини ўлдиришга қарор қилади, дегани эмас, балки душман томонидан ўлдирилишига амин бўлиб, ўлимига иқрор бўлади. Бу — мусулмон киши учун фазилат. Чунки мусулмоннинг шеваси “қазога розию балога собир”лик. Шунинг учун ҳам, Бобур нақд ўлим олдидан таҳорат олиб, икки ракаат намоз ўқийди.

“Меҳробдан чаён” романида Мирзо Анвар ҳам Худоёрхон жаллоди қўлида бўғизланишга тайёрланаркан, қатл майдонида икки ракат намоз адо этгани ёдингизда бўлса керак.

Бу намознинг тарихи шундайки, мушрикларни исломга даъват этиш учун юборилган бир неча муслим асирликка тушиб қолиб, ўлдирилади. Ўлим олдидан уларнинг бири — Ҳубайб сўнгги тилаги сифатида икки ракаат намоз ўқишга изн сўрайди. Бу илтимос қондирилади.

“…Кейин Ибн ал-Ҳарас ул кишини қатл қилди. Шу кундан эътиборан, тутқунликда қатл қилинаётган ҳар бир мусулмон учун қатл олдидан икки ракаат намоз ўқимоқлик Ҳубайбдан одат бўлиб қолди” (Бухорий. Ал-жоми ас-саҳиҳ, 2-жилд. Тошкент, 1997, 307-бет).

Ўз жонига қасд қилиш эса исломда энг оғир гуноҳлардан. Ўзини ўлдирган одамга жаноза ўқилмайди, гўрда сўроқ-савол қилинмайди ва жони тўғри жаҳаннамга кетади, дейилади. Қуръони мажидни савоб йўлида ўз қўли билан кўчирган, исломнинг ҳар беш фарзини шеърий йўсинда батафсил баён қилган (бундан “Китоб ус-салот” нашр этилган), “ислом учун овораи ёзи бўлган” Мирзо Бобур наҳот ўз жонига қасд қилмоқчи бўлса?!

Душман ўраб турибди. Ўлдирувчилар — тайин. Нега энди шу ҳолатда одам ўз жонига қасд қилади? Башарти, Бобур ўзини ўлдирмоқчи бўлса (аслида, буни тасаввур этиш ҳам амримаҳол), икки ракаат намозни ўқимаган бўларди. Чунки ҳатто ислом йўлида жанг қилиб, кўп кофирларни ўлдирган, ўзи ҳам оғир яраланиб ўлаётган (демакки, шаҳид бўлаётган) бир одамнинг азобга чидаёлмай, қиличини кўкрагига ботириб ўз мамотини тезлаштиргани, яъни ўзини ўлдиргани учун Расулуллоҳ уни “жаҳаннам аҳлидан” эканини башорат қилган. Бу тарих Бобурга сизу биздан яхшироқ маълум эди ва Бобурнинг ўлимни бўйнига олиб ўқиган икки ракаат намози — шаҳидлар намози эди.

Ифода нуқтаи назаридан ҳам мазкур талқин хато. Чунки Бобур муаллиф дўстларимиз ундаётган ҳаракатга “кўнганида” “Ўзумни ўлдурмакка қасд қилдим” деб битган бўлар эди. Бобурнинг жумласи (“Ўзумни ўлумга қарор бердим”) эса “ўлимим муқаррар эканини билдим, ўлимимга иқрор бўлдим” дегани, холос (қарор, иқрор, муқаррар — бари бир ўзакдан). Гап битта жумла талқинидагина эмас, Бобурнинг эътиқоди, тийнатини тайин этишда.

Бобур ўзини ўлдиришга қарор қилиши — ғалат ва унинг шаънига номуносиб. Бунақа хато тахминлар чин ҳақиқат тарзида талқин этиладиган бўлса, оммапашиб кетади, ҳатто олий ўқув юртига кириш имтиҳони тестларида “Бобур қачон ўзини ўлдирмоқчи бўлган? Жавоб: а) фалон йили; б) пистон йили…” каби саволлар пайдо бўлиши ҳам ҳеч гап эмас.

Манба:»Тафаккур» журнали, 2/2008

1348629258_babur-1.jpg


07

«БОБУРНОМА» — жаҳон адабиёти ва манбашунослигидаги муҳим ва ноёб ёдгорлик; ўзбек адабиётида дастлабки насрий мемуар ва тарихий-илмий асар. Муаллифи Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Эски ўзбек (туркий-чиғатой) тилида ёзилган (тахм. 1518/19—1530). «Бобурия»,«Воқеоти Бобур», «Воқеанома», «Тузуки Бобурий», «Табақоти Бобурий»,«Таворихи Бобурий» каби номлар б-н ҳам маълум. Бобурнинг ўзи эса «Вақое» ва «Тарих» деган номларни ишлатган.

«Бобурнома»да 1494—1529 й.ларда Марказий Осиё, Афғонистон ва Ҳиндистонда содир бўлган тарихий-сиёсий воқеалар йилма-йил ўта аниқлик б-н баён қилинган бўлиб, улар муаллиф ҳаёти ва сиёсий фаолияти б-н бевосита боғлиқдир.

«Бобурнома» ўзида баён қилинган воқеалар жараёнига кўра 3 қисмга: Бобурнинг Мовароуннаҳр (1494—1504), Афғонистон (1504—24) ва Ҳиндистон (1524— 30)даги ҳукмдорлик даврига бўлинади. Биринчи қисмда Бобурнинг отаси — темурийларнинг Фарғона улуси ҳокими Умаршайх Мирзо (1461—94) хусусида ҳамда Бобурнинг Фарғона тахтига ўлтириши (1494 й. июнь), аммо Темурийлар давлатида авж олган тахт учун кураш оқибатида ўз улусидан маҳрум бўлиши (15-а. 90-й.лари), Самарқанд учун Шайбонийхонга қарши олиб борган жангу жадаллари (1497— 1501)нинг беҳуда кетиши, ва ниҳоят, тожу тахтдан бутунлай ажраб, Ҳисор тоғлари орқали тахм. 250 навкар б-н Афғонистонга юз тутиши (1504) ҳақидаги воқеалар батафсил зикр қилинган. Иккинчи қисмда Бобурнинг Кобулни забт этгани, сўнг у ерда мустақил давлат тузгани (1508), Эрон шоҳи Исмоил Сафавийнинг ҳарбий ёрдами б-н Самарқандни яна ишғол қилгани (1511), лекин шайбонийлар (Убайдулла Султон, Муҳаммад Темур Султон ва Жонибек Султон)дан енгилиб (1512), Кобулга қайтгани, кейин эса Ҳиндистонни забт этишга ҳозирлик кўра бошлагани хусусидаги воқеалар баён этилган. Учинчи қисм эса Бобурнинг Деҳли султони Иброҳим Лўдийни мағлуб этиб, Шим. Ҳиндистонни босиб олгани (1526) ва Бобурийлар давлатини барпо қилгани ҳақидаги маълумотлардан иборат.

«Бобурнома»да келтирилган барча маълумотлар, хусусан Фарғона, Тошкент, Самарқанд, Ҳисор, Чағониён ва Шим. Афғонистоннинг 15-а. 80—90-й.лари ва 16-а. 1-чорагидаги сиёсий аҳволига доир хабарлар ўзининг батафсиллиги б-н шу хусусдаги бошқа адабиётлардан тубдан фарқ қилади. Шунингдек, асар муаллифнинг муайян тарихий воқеа ҳақида ҳамда ўзаро душманлик қилган темурийлар — Умаршайх, Султон Аҳмад, Султон Маҳмуд, Бойсунғур Мирзо, Султон Ҳусайн ва бошқаларнинг хулқ-атвори, табиати хусусида билдирган фикр-мулоҳазалари б-н ҳам аҳамиятлидир.

Асарда, ижтимоий-табиий фанлар, тарих, фалсафа, фиқҳ, дин таълимоти, тилшунослик, жуғрофия, табиатшунослик, маъданшунослик, деҳқончилик, боғдорчилик ва бошқа соҳаларга оид аниқ ва ҳанузгача ўз тарихий ва илмий аҳамиятини йўқотмаган маълумотлар, илмий асосланган хулосалар келтирилган. Асарда бевосита Бобурнинг ўзи лашкарбоши сифатида қатнашган бир неча катта-кичик жанг манзаралари маҳорат б-н берилган. Ўша даврдаги қўшин тузилиши, уруш олиб бориш, жанг усуллари, қамал ҳолатлари, қурол-яроғ турлари, қурғонбузар қурилмалар б-н бир қаторда асарда кўплаб ҳарбий-маъмурий истилоҳлар (туман, улус, кўкалтош, эшикоға, ахтачи, тархон, шиғовул, шарбатчи (шарбатдор), мубашшир, туғчи, мирохур, рикобдор, доруға, мурчил, манжаниқ, ўрон ва б.) ҳам учрайди.

Шунингдек, «Бобурнома»да темурийлар қўшинининг тузилиши, ҳарбий санъати ва б. ҳақида ҳам ноёб маълумотлар бор. Бундан ташқари, Мовароуннаҳр, Афғонистон, Хуросон ва Ҳиндистон ўтмиши ва замонавий ҳолати, халқлари, қабилалари, уларнинг тили, маданияти, касб-ҳунари, урф-одатлари, расм-русумлари, анъанавий тадбир-маросимлари, шунингдек ўша давр жамиятига хос ижтимоий табақаларга тегишли маълумотлар баён этилади. Айниқса Фарғона, Андижон, Самарқанд, Кобул, Ҳирот, Агра каби йирик шаҳар-вилоятларнинг жуғрофий-маъмурий тузилиши, маданий ҳаёти, туманлари, аҳолиси, қ.х., дарё ва сув ҳавзалари, чўл-адирлари, тоғ-саҳролари, боғу роғлари, табиати, иқлими, ҳайвонот ва ўсимликлар дунёси, табиий бойликлари ҳақида муфассал маълумотлар берилади. Хусусан 15—16- а.ларда Туркистон вилоятида яшаган қора қўйлук (қўюнлук) қабиласининг ҳамда Мовароуннаҳрдаги турк-мўғул қабилаларининг урф-одатлари, ҳарбий маҳоратлари ҳақидаги маълумотлар, айниқса илмий жиҳатдан ғоятда қимматли бўлиб, улар ўзбек, қозоқ, қирғиз ва б. туркий халқлар этник тарихини ўрганувчилар учун муҳим аҳамиятга эгадир. «Бобурнома»да Фарғона, Самарқанд ш.лари ва шу номдаги вилоятлар, Оҳангарон водийси, Ўратепа ва унинг атрофи, Масчо, Ҳисор, Чағониён, Бадахшон, Кобул вилояти ва б. жойлар географик жиҳатдан ғоятда қизиқарли тавсиф қилинган бўлиб, муаллиф ўзи юрган йўллар, ўзи бўлган шаҳар ва қишлоқларни ғоят даражада аниқ тасвирлаган.

«Бобурнома»да Алишер Навоий, Абдураҳмон Жомий, Шайхим Суҳайлий, Ҳусайн Али Туфайлий, Осафий, Биноий, Сайфий Бухорий, Оҳий, Муҳаммад Солиҳ каби ўнлаб ижодкорлар, Хожа Абдулло Марварий, Қул Муҳаммад Удий, Шайх Нойий, Юсуф Али, Мулло Ёрак, Шоҳқули Ғижжакий, Ҳусайн Удий, Беҳзод, Шоҳ Музаффар каби кўплаб санъаткорлар тавсиф этилиб, уларнинг ижодий фаолиятларига холис баҳо берилади. Жумладан, Алишер Навоий ҳақида шундай дейилади: «Алишербек назири йўқ киши эди. Туркий тил била то шеър айтибтурлар,— ҳеч ким онча кўп ва хўб айтқон эмас».

«Бобурнома» 15-а. ўзбек бадиий насрининг ёрқин намунаси сифатида соф бадиий лавҳалар, жонли тасвирлар, анъанавий лирик чекинишларга бой. Насрий матн ичида келтирилган халқ мақол-маталлари, иборалари, ибратли ўгитлар, шеърий парчалар унинг бадиийлигини янада оширади, ўзига хос жозиба бағишлайди.

075

«Бобурнома» 16-а.дан бошлаб ҳозиргача дунёнинг кўп тиллари — инглиз, голланд, француз, форс, немис, итальян, рус, ҳинд, урду ва б. тилларига бир неча марталаб таржима қилинди, шарҳ-изоҳлар б-н нашр этилди. Англия, Америка, Франция, Россия, Ҳиндистон, Покистон, Афғонистон, Туркия, Япония каби ўнлаб мамлакат олимларининг илмий тадкиқотларида «Бобурнома»»нинг инсоният яратган ўлмас обидалар қаторида алоҳида ўринда туриши таъкидланади.

«Бобурнома»»нинг жаҳонга машҳур бўлишида, асосан инглиз шарқшуносларининг хизмати катта бўлди. Европадагина эмас, балки жаҳонда биринчи тўлиқ нашрини (инглиз тилида) 1826 й.да Ж. Лейден ва В. Эрскин амалга оширди. Ф. Талбот эса мазкур нашр асосида 2 марта (1878, 1909) унинг қисқартирилган нашрларини чоп эттирди. 1921 й.да инглиз шарқшуноси А. Бевериж «Бобурнома»ни мустақил суратда асл нусхадан қайта таржима қилди. Биргина Англиянинг ўзида «Б.» таржималари 9 марта нашр этилди.

Кейинги йилларда ««Бобурнома»нинг проф. В. Такстон томонидан АҚШда (Кембриж ш., Гарвард унти, 1993) ҳамда икки жилд ҳажмда, мукаммал сўзлик, кўрсаткич ва шарҳизоҳлар б-н Японияда (Киото,

1995—96) илмийтанқидий матни нашр этилди.

Маълумки, «Бобурнома» қўлёзмалари матнида баъзи йиллар (1504—05, 1509—18, 1520—24) тафсилоти учрамайди, 1508 ва 1520 й. воқеалари баёни тугал эмас. Мана шу узилиш бўлган ўринларни инглиз шарқшунослари бошқа тарихий манбалар асосида маълум даражада тиклаганлар. «Бобурнома» форсчага (1586), ундан парчалар Витсен томонидан голланд тилига (1705), А. Кейзер томонидан қисқартирилган ҳолда немис тилига (1828), Паве де Куртейл томонидан тўла ҳолда француз тилига (1871) таржима қилинган. «Бобурнома»ни таржима қилиш ва тадқиқ этишда, шунингдек Афғонистон (Абдулхай Ҳабибий), Покистон (Рашид Ахтар Надвий, Шоҳ Олам Мавлиёт), Ҳиндистон (Мирзо Насриддин Ҳайдар, Муҳиббул Ҳасан Ризвий), Туркия (Р . Р. Арат ва Н. И. Баюр) каби мамлакатлар олимларининг хизмати ҳам катта. Рус шарқшунослари (Н. И. Пантусов, С. И. Поляков, В. Вяткин) ҳам «Бобурнома»дан парчаларни таржима қилганлар. Н. И. Ильминский «Бобурнома»ни Қозонда нашр эттирди (1857).

«Бобурнома»ни ҳамда Бобурнинг шеърий меросини ўрганишда ўзбекистонлик олимлар ҳам салмоқли ҳисса қўшдилар. Проф. Фитрат томонидан тузилган «Ўзбек адабиёти намуналари» хрестоматиясида «Бобурнома»дан парчалар, Бобурнинг 31 ғазали,2 маснавий ва 28 рубоийси берилган. М. Салье «Бобурнома»ни рус тилига тўла таржима қилиб, 3 марта (1948, 1982, 1993) нашр эттирди (С. Азимжонованинг кириш сўзи ва таҳрири остида). П. Шамсиев ва С. Мирзаевлар томонидан «Бобурнома»нинг икки жилдли (1948) ва бир жилдли (1960) нашри чоп этилди. 1956—66 й.ларда Бобурнинг уч жилдли танланган асарлари чоп этилиб, унга Бобурнинг шеърий девони (1жилд) ва «Бобурнома» (2—3жилдлар) кирган. Бобур ва унинг илмий меросини ўрганишга С. Азимжонова катта улуш қўшган. «Б.»нинг М. Салье томонидан қилинган таржималари унинг батафсил сўз бошиси ва таҳрири остида нашр этилган.




Report Page