Миробод тумани ҳокими Ш.А.Пулатовнинг туман худудини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш юзасидан кенг жамоатчиликка ва туман Кенгаши депутатларига Мурожаати

Ассалому алайкум, ҳурматли депутатлар ва йиғилиш қатнашчилари !
Барчамизга маълумки, 2021 йилнинг 24 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев аҳолини рози қилиш, яшаш шароитларини яхшилаш, шунингдек, махаллалар худудида олиб борилаётган ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари билан танишиш мақсадида пойтахтимизнинг Шайхонтохур туманига ташриф буюрдилар.
Ташриф давомида давлат раҳбарининг Тошкент шахрида, маҳаллаларда “Обод маҳалла” дастури ва “Яшил макон” умуммиллий лойиҳа доирасида олиб борилаётган ишлар билан танишдилар.
Тумандаги ижтимоий соҳа объектлари билан танишиш жараёнида умумтаълим мактабларида фарзандларимизнинг таълим-тарбия олишлари учун яратилган шарт-шароитларни ўргандилар.
Шунингдек, давлат раҳбарининг аҳоли хонадонларига кириб, самимий сухбати давомида, яшаш шароитлари ва дунё қараши, келажакдаги режалари ҳақида фикр алмашдилар.
Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!
Давлат раҳбарининг қарорига мувфиқ “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси асосида кўчатлар экиш, парваришлаш ва кўкаламзорлаштириш тизимини самарали ташкил этиш мақсадида Бизнинг Миробод туманида хам “Долзарб 40 кунлик” эълон қилинди. Мазкур лойиҳа доирасида 2021 йилнинг куз ва 2022 йилнинг баҳор мавсумларида “1 миллион дарахт” ташаббуси бўйича дарахт ва бута кўчатларини экиш дастури ишлаб чиқилди.
Туман ҳокимлиги томонидан 39 та маҳаллаларда аниқланган бўш ер майдонларига дарахт ва бута кўчатларини экиш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.
Маҳалларда фаоллар иштирокида олиб борилаётган ишларда нафақат бошқарма ва ташкилотлар ҳодимлари, балки ҳудудда истиқомат қилувчи аҳолини, айниқса депутатлар ва ёшлар фаоллигини оширишни зарур деб ҳисоблайман. Тасаввур қилинг, ҳар бир хонадондан фуқароларимиз фарзандлари билан кўчат экса, парвариш қилса, бу ташаббуслар туманимиз кўркамлигига, яшиллигига, экологиясига, тозалигига ва чиройига қанчалик ижобий таъсир кўрсатади.
Миробод туманида “Обод маҳалла” дастури ва “Яшил макон” умуммиллий лойиҳа доирасида аҳолига қулай шароит яратиш мақсадида мавжуд вазиятни инобатга олган ҳолда, худуд тозалиги, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, дарахт кўчатларини экиш ва уларни парвариш қилиш бўйича ишларимизни жадаллаштиришимиз зарур.
Кўп қаватли уйлар олдидаги бетартиб панжаралар ва ўзбошимча ўрамалар, панжараларни бартараф қилиш, хазонрезгилардан тозалаш, тўпланиб қолган маиший ва бошқа турдаги чиқиндилар олиб чиқиб кетилишида назорат ишлари кучайтириш;
Мулкчилик шаклидан қатъий назар барча корхона, бошқарма, ташкилот ва идораларнинг ўз ички ҳудудларида ва туташ ҳудудда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ҳамда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида мавжуд дарахтларни парваришлаш, шакл бериш ишларига доимий эътибор қаратсак, махалламиз, туманимиз, қолаверса шаҳримиз кўрки ва озодалиги янада ортади.
Шу билан бир қаторда, маиший чиқиндиларни белгиланган жойларга ташлаш, санитария қоидаларига риоя қилиш, айниқса, ёшларимиз тарбиясида ушбу масалада эътиборли бўлишни фуқароларимиз онгига сингдириб боришимиз мақсадга мувофиқ бўлади.
Бу каби савобли ишларга аҳолини бефарқ бўлмасликка чақириш, тушунтириш ва тарғибот ишларини олиб боришда депутатлар ва маҳалла фаолларини роли катта. Барча маҳаллаларда олиб борилаётган ишларда нафақат идора ва ташкилотлар ходимлари, балки ҳудудда истиқомат қилувчи аҳоли орасида ташаббускорлик, туйғусини ошириш зарур.
Сўнги кунларда шаҳарда, шунингдек туманимизда хам ноқонуний қурилишларнинг кўпайиб кетгани, бу эса аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётгани ҳеч кимга сир эмас. Суд томонидан қабул қилинган қарорлар ижросини таъминлаш юзасидан бугунги кунда барча туманда ноқонуний, ўзбошимча қурилган бино иншоотлар бартараф этилмоқда.
Таассуфлар бўлсин-ки бундан кўпроқ ўзимиз хамда фуқароларимиз азият чекмоқда? Чунки ушбу бино ва иншоотни қуриш учун қанчадир маблағ сарфланган. Аммо қилаётган иши ноқонуний эканини, қонун устувор бўлган жамиятда ўзбошимчаликка йўл қўйилмаслигини билмайди ёки билмаганга олади.
Ютуқларимиз ўзимизники. Лекин, тан олишимиз керак, бу борада йўл қўйилган хато ва камчиликларимиз ҳам етарли, бу йўналишда барча ишимизни тубдан қайта кўриб чиқишимиз, жамоатчилик ва депутатлик назоратини кучайтиришимиз, биргаликда уни бартарф этиш чораларини кўришимиз керак.
Хурматли депутатлар!
“Ватан остонадан бошланади”, “Менинг маҳаллам, менинг уйим”, “Маҳалла Ватаннинг бир бўлаги” каби минг йиллик қадриятларни аҳоли орасида янада жонлаштиришимиз зарур бўлмоқда. Бу ишларни тарғибот қилишда, Сиз депутатларнинг ҳуқуқ ва ваколатларингиз етарли.