Миллий гвардия тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, қонунчиликка киритилаётган ўзгартиришлар мазмун-моҳияти

Миллий гвардия тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, қонунчиликка киритилаётган ўзгартиришлар мазмун-моҳияти

https://t.me/Rasmiy_xabarlar_Official


Бугун АОКАда Миллий гвардия Қўриқлаш бош бошқармаси Ташкилий бошқарма бошлиғи, полковник Исмоил Шомуродов, кадрлар бошқармаси бошлиғи, полковник Баҳромжон Эргашев, Юридик таъминлаш ва мурожаатлар билан ишлаш бўлинмаси бошлиғи, майор Одил Қўлдошев, Миллий гвардия марказий девони Суриштирувни мувофиқлаштириш бошқармасининг катта суриштирувчиси, адлия подполковниги Алишер Усмонов иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбирда мавзу юзасидан кенг маълумот берилди:

https://t.me/aokamediakontent

✔️ Мамлакатимизда барча соҳаларда, хусусан, Миллий гвардия тизимини такомиллаштириш борасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу юртдошларимизнинг тинч ва осойишта ҳаёт кечиришини таъминлашда катта аҳамият касб этмоқда. Миллий гвардиянинг муҳим бўғини саналган Қўриқлаш бош бошқармаси ҳам ушбу ислоҳотлар, ўзгариш ва янгиланишлардан четда қолгани йўқ. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 20 февраль кунидаги “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қўриқлаш бош бошқармасининг фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4997-сонли Қарори ҳам тизимнинг янада такомиллашишига, хизмат кўрсатишнинг янги механизмларини амалиётга кенг тадбиқ этишга хизмат қилади.

Қарорга асосан, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўриқлаш хизмати Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қўриқлаш бош бошқармаси этиб қайта ташкил этилди. Қўриқлаш бош бошқармасининг асосий вазифалари, ташкилий тузилмаси, унинг низоми, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар қўриқлаш бошқармаларининг намунавий ташкилий тузилмаси, Туман (шаҳар) қўриқлаш бўлимларининг намунавий ташкилий тузилмаси ҳамда Қўриқлаш бош бошқармаси ишчи ва хизматчилари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича лавозим тариф разрядларининг рўйхати тасдиқланди.

2021 йил 1 июлдан бошлаб, Қўриқлаш бош бошқармаси ходимларига ҳар ойда уларнинг лавозим маошига 20 фоиз миқдорда ойлик устама жорий этилди. 2021 йил 1 майдан бошлаб, объектларни қўриқлаш тизими «Юқори сифат ва қулай нарх» тамойили асосида босқичма-босқич такомиллаштириш белгиланди.

Бунда, шаҳодатланган таркиб томонидан қўриқланадиган объектларни босқичма-босқич ҳарбийлаштирилган соқчилик қўриғига ўтказилиб, мақбуллаштирилган аралаш қўриқлаш турлари жорий қилинади ҳамда замонавий техник қўриқлаш воситаларини жорий этиш орқали жисмоний қўриқлаш қисқартириб борилмоқда.

Қўриқлаш бош бошқармаси куч ва воситаларини бошқариш тизими қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш орқали такомиллаштирилади:

ортиқча харажатларни қисқартириш ҳамда куч ва воситаларни бошқариш самарадорлигини ошириш учун ҳудудий бўлинмалар сонини мақбуллаштириш;

саф бўлинмаларини туман (шаҳар) қўриқлаш бўлимлари сифатида қайта ташкил этиш;

қўриқлаш хизмати кўрсатилаётган объектлар жойлашиши ва шахсий таркиб сонини инобатга олган ҳолда туманлараро қўриқлаш бўлимларини ташкил этиш.

Бугунги кунда, илғор хорижий тажриба асосида қўриқлаш фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация тизимлари жорий қилиниши натижасида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўриқлаш бош бошқармаси томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг қўриқлашга олинган объектлари сони сўнгги икки йилда 33 фоизга ошди. Ҳозирда Қўриқлаш бош бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан 44 429 та давлат, халқ хўжалиги ва хусусий тадбиркорлик объектлари ҳамда фуқароларнинг 17 464 та хонадони ишончли қўриқланиб келинмоқда. 

Муҳтарам Президентимиз томонидан қабул қилинган ушбу Қарор, замонавий қўриқлаш технологияларини кенг жорий этиш орқали қўриқлаш хизматининг қамровини янада кенгайтириш, ходимларнинг касбий маҳорати, билим ва кўникмаларини ошириш, шунингдек, соҳада бошқарув фаолияти самарадорлигини таъминлаш билан боғлик тизимли муаммоларга ечим бўлди.

2021 йилнинг 22 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясида ходимлар томонидан хизматни ўташ тартибини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги 5089-сонли Қарори қабул қилинди.

Мазкур Қарорнинг 1-иловага мувофиқ «Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ходимларининг хизмат ўташ тартиби тўғрисидаги низом» ва 2-иловага мувофиқ «Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ходимларининг интизом устави» тасдиқланди.

Қарорга асосан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ходимларининг хизмат ўташ тартиби тўғрисидаги низом» билан қуйидагилар жорий этилган.

Янгитдан хизматга қабул қиланаётган номзодларнинг амалий кўникмаларини ошириш мақсадида, хизматга ихтиёрий равишда ёши ўн саккиздан кичик ва ўттиздан катта бўлмаган, шу жумладан ўттиз ёшда бўлган Қўриқлаш бош бошқармаси ҳарбийлаштирилган соқчилик бўлинмаларининг тегишли касбий тайёргарликка эга, тайёргарлик машғулотлари ва танлов босқичларидан ўтган ишчи ва хизматчилари орасидан (бундан тор доирадаги мутахассисликка эга бўлган номзодлар мустасно) танлаб олиш орқали Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қабул қилиниши белгилаб берилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг умумий параметрларига асосланиб, эркак номзодларнинг бўй кўрсаткичлари 178 сантиметрдан, аёл номзодларнинг бўй кўрсаткичлари 170 сантиметрдан паст бўлмаслиги белгилаб берилди. Сержантлик таркиби сафдорлар таркиби билан умумлаштирилиб, сафдор ва сержантлар таркиби ташкил этилиб, “кичик сержант”, “сержант”, “катта сержант” махсус унвонлари Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг минтақавий ўқув марказларида малака ошириш курсини муваффақиятли тамомлаган сафдор-сержант таркибига берилиши жорий этилди.

Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 29 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-726-сонли Қонуни билан Жиноят ва Жиноят процессуал кодексларига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таьминоти тўғрисида”ги Қонуннинг 5-моддасига ўзгартиш киритилиб, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳам қўшилди ва бу билан Миллий гвардия шахсий таркибининг пенсия таьминотидаги ҳуқуқи ушбу Қонунда белгиланди.

Шу билан бирга Мазкур Қонун 28-моддасининг “и” банди, киритилган ўзгартиришга асосан, Миллий гвардия шахсий таркибига ҳам тадбиқ этилади.

Бундан ташқари, “Фуқароларнинг давлат пенсия таьминоти тўғрисида”ги Қонуннинг 37-моддасига асосан, Миллий гвардия шахсий таркиби ҳам қўшилади ва ва бу билан уларнинг ҳуқуқлари кенгайди, пенсия ҳисоблашда уларнинг Миллий гвардия тизимларидаги хизмат даврлари ҳам қўшилиши белгиланди.

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси 78-моддасига асосан, органлар қаторига Миллий гвардия ходимлари ҳам қўшилди ва уларнинг жиноят процессида холис сифатида иштирок этиши мумкин эмаслиги белгиланди.

Ўзбекистон Республикасининг МЖтКнинг 2481-моддасига асосан Миллий гвардияси органларининг мансабдор шахслари Кодекснинг 61 (Оз миқдорда талон-торож қилиш), 1851 (Пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи), 1941 (Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий хизматчисининг (ходимининг) қонуний талабларини бажармаслик), 1951 (Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий хизматчиларининг (ходимларининг) ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш), 196 (Ҳуқуқбузарлик сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ва ички ишлар органларининг ёзма тақдимномаларини бажариш чораларини кўрмаслик) ва 2101 (Ўта муҳим ва тоифаланган объектларга кириш-чиқиш режимини бузиш ёки ушбу объектларнинг қўриқланишини таъминлашга доир мажбуриятларни бажармаслик) моддаларида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни аниқлаган тақдирда, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиш ваколати берилган.

Шу фурсатдан фойдаланиб, матбуот анжуманига йиғилган оммавий ахборот воситалари вакилларидан пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи нохуш оқибатларга олиб келиши мумкинлигини фуқароларимизга, ота-оналарга, тарбиячи-ўқитувчиларга ва айниқса болажонларимизга етказишда бизга ёрдам беришларини сўраб қолардик.

Ҳеч кимга сир эмас, Янги йил арафасида дунё бўйлаб пиротехника буюмларидан фойдаланиш кўламининг ортиши кузатилади. Аммо, байрамга ярашмайдиган лаҳзалик "завқ” ортидан ташвишли ва ҳаттоки қайғули ҳолатлар содир бўлиши мумкин.

Пиротехника буюмлари муомаласи бўйича самарали давлат назорати ўрнатилиши энг аввало фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилишда, хусусан фарзандларимизнинг саломатликлари ва жамоат хавфсизлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади десак муболаға бўлмайди.

2021 йилнинг 1 декабрь куни “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида пиротехника буюмлари муомаласи соҳасида давлат назоратини кучайтиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ҳукумат қарори (724-сон) қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, хавфлиликнинг II классига тегишли маиший пиротехника буюмларининг муомаласи тақиқланади.

Миллий гвардия, Божхона ва Ички ишлар органлари томонидан “Республика ҳудудида пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласини олдини олиш юзасидан ҳамкорликда амалга оширилиши лозим бўлган комплекс тадбирлар режаси” 2021 йилнинг ноябрь ойида ишлаб чиқиб, пиротехника буюмларининг ноқонуний муомаласига барҳам бериш бўйича тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда.

Қайд этишимиз мумкинки, 2021 йилнинг 11 декабрь кунига қадар ноқонуний пиротехника буюмларининг олиб кирилишига, мамлакат ичида сақланиши, сотилиши ва ишлатилишига йўл қўймаслик мақсадларида амалга оширилиб келинган тадбирлар давомида ҳуқуқбузарлардан 753та ҳолат бўйича 2 177 503 032 сўм қийматидаги 5 947 689 дона пиротехника воситалари олиб қўйилган. 54 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган, кўриб чиқиш учун 375 та материаллар судларга ва 277 таси вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссияларга юборилган. 6 та ҳолатда жиноят ишлари қўзғатилган.

Report Page