Миллий ҳунармандчилик-шофирконлик ишбилармон аёлларга хос
ЎзЛиДеПнинг истиқболли лойиҳаларидан бири – “Ишбилармон аёл-2024” кўрик-танловининг Шофиркон туман босқичи ҳар қачонгидан кўра кўтарикни руҳда ва уюшқоқлик билан ташкил этилди.
Тумандаги бир қатор МФЙлардан кўрик-танловда иштирок этган ҳунарманд, тадбиркор, фермер хотин-қизлар бир-биридан бежирим, сифатли ва харидоргир буюм ҳамда маҳсулотларни ҳакамлар ҳайъати эътиборига ҳавола этдилар.
Кўрик-танлов доирасида ташкил этилган тайёр маҳсулотлар кўргазмасидан жой олган аёлларнинг миллий либослари, апликация усулида тайёрланган сўзана, жойнамоз ва чимилдиқлар, патдўзлик, каштачилик намуналари кўпчиликнинг диққатини ўзига тортди.
Шунингдек, тадбиркорликнинг полиз ва сабзавот маҳсулотларини етиштириш йўналишида аниқ натижаларга эришиб келаётган қишлоқ аёлларининг меҳнати маҳсули ҳам кўрик-танлов давомида муносиб тарзда баҳолаб борилди.
Кўрик-танловнинг якуний натижаларига биноан туманнинг “Жўшўра” МФЙда яшовчи, аёллар миллий либослари тикиш йўналишидаги якка тартибдаги тадбиркор Шаҳло Жўраева 3-ўринга, “Дурман” МФЙда яшовчи моҳир тикувчи аёл Гулсара Каримова 2-ўринга муносиб деб топилди.
Фахрли биринчи ўринга эса қоракўл терисини қайта ишлаш ва ундан турли кийимлар тикиш йўналишида “Искогари” МФЙда фаолият олиб бораётган хусусий тадбиркор Насиба Болтаева лойиқ деб топилди ҳамда кўрик-танловнинг вилоят босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Шунингдек, кўрик-танловнинг бир қатор номинациялари бўйича ғолибликка эришган “Жилвон” МФЙдан Фарида Ходжиева, “Мирзоқул” МФЙдан Малика Жабборова, “Талисангобод” МФЙдан Нозигул Файзиева, “Калон” МФЙдан Зироат Саидова, “Котиён” МФЙдан Ҳилола Тўқсановалар ҳам муносиб тарзда тақдирланиб, уларга ЎзЛиДепнинг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.