Меҳнат интизоми – ютуқлар гарови.

Меҳнат интизоми – ютуқлар гарови.


Жорий йилнинг 27 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлар палатаси Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи Нозимжон Инамов раҳбарлигида Косонсой туман кадастр агентлиги бўлими ва филиали шахсий таркиби билан “Меҳнат интизоми – ютуқлар гарови” мавзусида кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди. Тадбирда Кадастр агентлиги Наманган вилояти бошқармаси Комплаенс-назорат хизмати бош мутахассиси М.Нурматов иштирок этди.

               Йиғилиш аввалида бошқарма бошлиғи иштирокчиларга Кадастр агентлиги Наманган вилояти бошқармаси Комплаенс-назорат хизмати бош мутахассиси М.Нурматовни таништириб унга сўз берди.

Нотиқ сўзининг аввалида барча ютуқларнинг гарови энг аввало меҳнат жамоаларида меҳнат ва ижро интизоми қай даражада йўлга қўйилганлигига боғлиқ эканлигидан бошлади. Шу муносабат билан бугунги кунда Раҳбарият томонидан қуйи бўғинларда қатъий тартиб ва темир интизом ўрнатилишига эътибор қаратилаётганлиги, меҳнат ва ижро интизомига сўзсиз риоя этилиши барча нохуш ҳолатларнинг олди олинишига, меҳнат жамоаларида давлатимиз томонидан соҳа ходимлари олдига қўйилган вазифалар ўз вақтида ва самарали ижро этилишига замин яратиши ҳақида гапириб ўтди. М.Нурматов сўзини давом эттирар экан, бўлим ва филиалда навбатчиликлар ташкил этиш, ходимларни ишга келиб кетишларини қайд этиб бориш, шунингдек ходимларнинг иш вақтидаги ҳаракатларини қайд этиб бориш ҳамда ташкилотга ташриф буюрувчиларни рўйхатга олиш китобларини юритиб борилиши зарурлиги, салбий сабаблар билан соҳадан четлатилган собиқ ходимларни идорага келишларига ва ходимлар билан алоқага киришишларига йўл қўймаслик юзасидан топшириқлар берди. Сўзга чиқувчи шунингдек, давлат идораси ҳисобланган кадастр бўлимлари ва филиалларида Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунига қатъий риоя этишлари юзасидан кўрсатмалар берди. Йиғилишда шунингдек, мамлакатимиз фуқаролари жорий йил

24 октябрида бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий воқеа – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловларида фаол иштирок этишлари, ҳар бир шахс ўзининг сиёсий дунёқарашидан келиб чиқиб муносабат билдириши лозимлиги ҳақида гапириб ўтилди.

Йиғилиш якунида бошқарма бошлиғи Н.Инамов ходимларни кийиниш ва муомала маданиятига риоя қилишларини, ташкилотга турли юмуш билан ташриф буюраётган фуқароларга нисбатан хушмуомалада бўлиш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш юзасидан чоралар кўришга чақирди. Бошлиқ иштирокчиларни яна бир бор меҳнат ва ижро интизомига қатъий риоя этишга чақириб, деҳқон хўжалиги ерларини Жаҳон банки иштирокидаги “Кўчмас мулк ва кадастр тизимини рўйхатга олиш тизимини модернизация қилиш” лойиҳаси доирасида ишлаб чиқилган ахборот тизимига киритиш, ерларни аукцион орқали сотувга қўйиш бўйича берилган топшириқлар ижросини таъминлашда янада фаол бўлишга ундади.

Йиғилишда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган бир қатор саволларга тўлақонли ва ҳар томонлама асосланган жавоблар олдилар. Тадбир очиқ мулоқот ва ишчанлик руҳида ўтди.

Матбуот хизмати

Report Page