“Металлург” ёшлар жамоаси эътироф этилди
Мамлакатимиз миллий чемпионатларида 1998 йилдан буён қатнашиб келаётган Бекобод шаҳридаги “Металлург” профессионал футбол клуби моддий техника базасини мустаҳкамлаш, шарт- шароитларни замонавий даражага олиб чиқиш, футболчиларнинг янги авлодини тарбиялашда асосий омил саналувчи футбол академиясини барпо этиш юзасидан бир қатор ишларни амалга оширди.
Ўтган икки йилда энг яхши натижаларга эришилди. Суперлига жамоалари ўртасида кучли бешликка кирди. Андрей Шипилов бошчилигидаги мураббийлар истеъдодларни кашф этиш, барча ёш тоифадагиларни бирлаштириш борасида катта ишларни амалга оширди.
Натижада мамлакатимизнинг барча ёш тоифасидаги терма жамоаларида бекободлик футболчилар пайдо бўлди. Жумладан, Шаҳзодбек Убайдуллаев Ўзбекистон миллий терма жамоасига, дарвозабон Владимир Вагин ҳамда ҳужумчи Маҳмуд Қудратиллаевлар U-22 Олимпия терма жамоасига, Одилбек Абдумажидов, Даврон Анваров, Шаҳзодбек Неъматжоновлар U 19 ёшлар терма жамоасига жалб этилди.
“Металлург” U 21 жамоаси бу йил мамлакат биринчилигида ҳам муваффақиятли иштирок этди. Нозим Эсанов етакчилигидаги ёшлар Бекобод футболи тарихида янги – зарҳал саҳифани очишди. Ёшлар биринчилигида 62 очко жамғариб, Coca Cola Суперлиганинг кичик олтин медалларига сазовор бўлди. Бундай муваффақиятга пойтахт жамоаларидан ташқари, “Нефтчи”, “Машъал” мушарраф бўлган.
Бекобод шаҳрида “Металлург” U 21 жамоасини тақдирлаш маросими бўлди. Шаҳар ҳокими Зафар Файзуллаев, “Ўзметкомбинат” АО бошқаруви раиси ўринбосарлари Рамон Атакулов, Музаффар Убайдуллаев, SFI Management Group молия директори Азамат Шамсиев ёшларни ғалаба билан қутлашди.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси бош котиби Аваз Махсумов, Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси директори Диёр Имомхўжаев профессионал футболни юқори даражага кўтариш борасида кўрсатилаётган ғамхўрлик, эътибор учун “Металлург” ПФК муассислари, ҳомийлари, шаҳар ҳокимлигига миннатдорлик билдирди. ЎФАнинг ташакурнома ва эсдалик совғаларини топширди.
Бекобод шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати.