Меросга алоқадор муҳим масала
Islom Moliyasi | Ислом молияси
Зино ва мерос бўйича ёзилган маълумотни ўқиган баъзи обуначилар нима учун болани зинокор ота тан олса ҳам у шу отадан мерос ололмайди, яъни болада нима айб деган маънода савол беришди. Бу ерда бир нарсани тушуниш керак, бола бу ҳолатда айбдор дейилмаяпти, балки шу болани шундай нопок йўл билан дунёга келтирган ота-онага бу қандай аламли оқибатларга эга иш эканлиги билдирилмоқда. Бу масалани яхшироқ тушуниб олиш учун динимизнинг асосий мақсадларини ёдга олишимиз керак бўлади.
Ислом динининг таълимотлари, қонун-қоидалари ва амалларидан беш асосий мақсад кўзда тутилгандир: динни, жонни, ақлни, наслни ва молни асрашдан иборат!
Инсоннинг бахту саодатига оид барча масалалар мана шу беш муҳим нарса – дин, жон, ақл, насл ва молни асраш, муҳофаза қилиш иши билан боғлиқдир.
Ислом кишиларни бирор ишга буюрган бўлса, ушбу беш нарсани асраш учун буюргандир.
Ислом кишиларни бирор нарсадан қайтарган бўлса, ушбу беш нарсани муҳофаза қилиш учун қайтаргандир.
Ислом инсон саодати учун бош омиллардан бири деб билган ва шариатнинг мақсадларидан бўлган катта масалалардан бири инсон наслини муҳофаза қилишдир. Ана шу мақсад юзасидан шариатда никоҳ, талоқ, идда ва шунга ўхшаш кўпгина ҳукмлар жорий қилинган.
Аллоҳ таоло инсон зотининг никоҳланган эркак ва аёлнинг қўшилиши орқали покиза йўл билан кўпайиб боришини ирода қилди ва буни ҳаётий заруратга айлантирди.
Буларни жорий қилган Зот – Аллоҳ таолонинг Ўзи Ўзининг охирги ва мукаммал шариати бўлмиш Исломда инсон наслини муҳофаза қилишнинг барча чораларини ҳам кўриб қўйган. Бунинг учун шариатга бир қанча ҳукмларни киритган. Улардан баъзиларини қисқача эслаб ўтамиз.
1. Ислом шариати инсон наслини муҳофаза қилиш мақсадида никоҳни жорий қилди. Аллоҳ таоло «Нур» сурасида мўъмин-мусулмонларга амр қилиб айтади: «Ораларингиздаги никоҳсизларни ва қулу чўриларингиздан солиҳларини никоҳлаб қўйинг. Агар фақир бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазлидан бой қилур. Аллоҳ Восиъдир, Алиймдир» (32-оят). Бинобарин, мусулмон жамияти аъзолари ўз ораларида никоҳсиз кишиларни қолдирмасликка ҳаракат қилишлари лозим бўлади. Мазкур ишлар ушбу ояти каримага ҳамда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Никоҳ менинг суннатимдир, ким менинг суннатимдан юз ўгирса, мендан эмасдир» деган ва бошқа кўпгина шунга ўхшаш ҳадисларига амал қилингани туфайли бажарилади. Никоҳ орқали эру хотиннинг боғланиши нафсни қондириш ва насл қолдириш учун ягона табиий ва ҳалол йўлдир. Шунинг учун Исломда ҳалол никоҳ орқали оила қуриб яшашга қаттиқ тарғиб қилинади, оила қуриш йўлидаги тўсиқлар олинади ва барча керакли омиллар юзага келтирилади.
Ислом эркак ва аёл ўртасидаги жинсий ҳаёт фақат оилавий ҳаёт чегарасида, ҳалол-пок, очиқ-ойдин, эълон қилинган, ҳаммага билдирилган никоҳ орқали бўлишини йўлга қўйган. Ана ўшанда ҳамма нарса жойида бўлади. Болалар ҳам насл-насабли, ҳалол-пок ўсадилар. Ҳеч қандай шубҳа ҳам бўлмайди. Эр-хотин ҳам, бола-чақа ҳам, қариндош-уруғлар ва бутун инсоният ҳам хотир-жамликда, сиҳат-саломатликда умр кечирадилар.
2. Ислом шариати инсон наслини ва унинг поклигини муҳофаза қилиш мақсадида шариатга иддани киритди.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг «Бақара» сурасида шундай деб марҳамат қилади:
«Талоқ қилинган аёллар ўзларича уч қуръу кутарлар. Агар Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлсалар, улар учун Аллоҳ бачадонларида халқ қилган нарсани беркитишлари ҳалол бўлмас» (228-оят).
«Идда» сўзи араб тилида «санаш» маъносини англатади. Шариат истилоҳида эса «Идда – эридан ўлим ёки талоқ туфайли ажраб қолган аёл бошқа эрга тегмасдан, кутиб турадиган оралиқ муддатдир».
Бу ҳукмнинг шариатга киритилиши бир неча ҳикматларга эга, шулардан бири – идда орқали эридан ажраган аёлнинг ҳомиладорми, йўқми экани аниқланади. Шу билан насл-насаб аралаш-қуралаш бўлиб кетишининг олди олинади.
3. Ислом шариати инсон наслини муҳофаза қилиш мақсадида насабнинг поклигига катта аҳамият берди ва насл аралашиб кетишининг олдини олиш чораларини кўрди. Хусусан, ўз боласидан бошқани болам дейиш, ўз отасидан бошқани отам дейиш ҳаром қилинган.
Аллоҳ таоло “Аҳзоб” сурасининг 4 оятида шундай дейди:
«...ва асранди болаларингизни сизга фарзанд қилган эмас. Булар оғзингиздаги гапларингиздир. Аллоҳ эса ҳақни айтур ва У (тўғри) йўлга ҳидоят қилур».
Шунингдек, ўз отасидан бошқа бировни «отам» деб даъво қилиш ҳам катта гуноҳдир. Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким отасидан бошқа (одам)га унинг отасидан бошқа (одам) эканлигини билиб туриб даъво қилса, жаннат унга ҳаромдир», деганларини эшитдим (Бухорий ва Муслимлар ривоят қилганлар).
Чунки, юқорида айтиб ўтилганидек, ислом кўзда тутган катта мақсадлардан бири инсон наслини муҳофаза қилишдир. Исломда инсон наслининг тоза, пок, очиқ-ойдин бўлишига жиддий эътибор қаратилган. Агар шундай қилинмаса, ҳаром-ҳалол аралашиб, ота боласини, бола отасини, она қизини, қиз она-сини, ака синглисини, сингил акасини танимайдиган бўлиб кетади – инсоният ҳалокатга учрайди. Насли бегона болани ўз наслидан бўлган болалари қаторига қўшиш билан кўпгина ҳаром-хариш ишлар юзага чиқади. Маҳрамлик-номаҳрамлик қоидалари бузилади, бир кун келиб, ота ўз қизига ёки ака ўз синглисига уйланиб қўйиши мумкин. Мерос масаласида ва бошқа кўпгина масалаларда ўнглаб бўлмас хатолар вужудга келиши муқаррар. Шунинг учун ҳам исломда бу иш ҳаром қилинган.
Демак, бегона болани ўзининг номига ўтказиб олиш эмас, балки у аслида кимнинг фарзанди бўлса, ўшанинг номида қолдириш ҳамда уни шариат ҳукмига мувофиқ боқиш, тарбиялаш керак ва бу жуда катта савоб бўлади.
4. Ислом шариати инсон наслини муҳофаза қилиш мақсадида яқин қариндошлар орасида никоҳни ҳаром қилди. Ислом шариати улкан ҳикматларни ҳамда насаб алоқаси, эмикдошлик ва қудачилик алоқаларини эътиборга олиб, маълум тоифа аёлларнинг никоҳини маълум тоифа эркакларга ҳаром қилган.
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида шундай деб марҳамат қилади: «Сизларга оналарингиз, қизларингиз, опа-сингилларингиз, аммаларингиз, холаларингиз, ака-укаларингизнинг қизлари, опа-сингилларингизнинг қизлари, эмизган оналарингиз, эмикдош опа-сингилларингиз, хотинларингизнинг оналари, ўзингиз қовушган хотинларингизнинг қарамоғингиздаги қизлари – агар у(хотин)лар билан қовушмаган бўлсангиз, сизга гуноҳ йўқ – ва пуштингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинлари ҳамда опа-сингилни жамламоғингиз ҳаром қилинди. Аввал ўтган бўлса, мустасно. Албатта, Аллоҳ Ғофурдир, Роҳиймдир» (23-оят).
5. Ислом шариати инсон наслини муҳофаза қилиш мақсадида ота-оналарга ва жамиятга ёш авлод учун жавобгарликни юклади.
Исломда инсон насли олий мақомда бардавом бўлиши учун фарзандларнинг ҳуқуқлари риоя қилинган ва бу борадаги масъулият уларнинг ота-оналари ёки яқин қариндошлари, қолаверса, улар яшаётган жамият аъзоларига юклатилгандир. Бу ҳақларни адо этиш вожиб бўлиб, унга амал қилиш мажбурийдир. Фарзандларнинг ҳуқуқлари борасида уламолар зикр қилган талабларни баъзиларини келтирамиз:
· Насаб.
Никоҳнинг асл мақсадларидан бири ҳам насл-насабни сақлашдир. Бусиз оила ҳам, жамият ҳам бўлмайди. Фарзанднинг ота-онаси никоҳдан ўтиб, ҳалол-пок яшагандагина насаби аниқ ва пок бўлади.
· Бўлажак фарзандга муносиб она ва ота танлаш.
Ислом фарзанд ҳақида у ҳали дунёга келмасидан анча олдин, оила қуришга тайёргарлик кўрилаётган пайтдан бошлаб қайғура бошлайди. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Нутфангиз учун (муносиб жуфти ҳалол) ихтиёр қилинглар. Муносибларга никоҳланинг ва шундайларга никоҳлаб беринг» (Ибн Можа ва Дора Қутнийларга нисбат берилган). Оила қурилар экан, бўлажак ота-онанинг диндорлиги, одоб-ахлоқи, инсонийлигига алоҳида эътибор берилади. Чунки улардаги яхши хислат ва фазилатлар ҳам, ёмон одат ва кўникмалар ҳам болага кўчиши исбот талаб этилмайдиган ҳақиқатдир.
· Ақийқа қилиш.
Салмон ибн Омир Зоббий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Fулом ақийқаси биландир. Бас, унинг учун қон оқизинг ва ундаги нопокликни кетказинг», – дедилар». Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.
· Янги туғилган боланинг қулоғига азон ва такбир айтиш.
Янги туғилган боланинг қулоғига кирган биринчи товуш Аллоҳнинг зикри бўлишининг ўзига яраша баракаси бўлади.
· Янги туғилган боланинг танглайини пок ва ширин нарса билан кўтариш.
Бу тадбирни кейинчалик ҳам боланинг луқмаси пок-ҳалол бўлишига биринчи қадам сифатида кўриш мумкин.
· Нафақа.
Болаларнинг нафақаси – уларни озиқ-овқат, кийим-кечак, турар жой билан таъминлаш отанинг бурчидир. Бу нарсаларда ҳам ҳалоллик, поклик муҳим саналади. Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида: «Уларни маъруф ила едириб, кийинтириш отанинг зиммасидадир», – деган (233-оят). Боланинг сабабидан онага нафақа бериш вожиб бўлганидан кейин, боланинг ўзига нафақа бериш вожиб бўлишида ҳеч қандай шубҳа қолмайди.
· Болага тарбия бериш.
Аллоҳ таоло «Таҳрим» сурасида шундай деб марҳамат қилади: «Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошлардан бўлган ўтдан сақланг» (6-оят). Аҳли аёлини, фарзандларини диндор қилиб тарбиялаш оила бошлиғининг Аллоҳ таолонинг олдидаги бурчи эканига юқоридаги ояти карима ёрқин далилдир.
· Балоғатга етгандан сўнг уйлантириб, оилали қилиб қўйиш.
Ота-оналар мазкур таълимотларга амал қилиб, жисмоний ва руҳий-маънавий етук фарзандларни туғиб, тарбия қилиб, тарбиясини гўзал қилиб, ўзлари яшаб турган жамиятга қўшишлари инсон наслини муҳофаза қилиш борасидаги улкан хизмат бўлади. Улар ушбу хизматлари учун кўплаб ажр-савоблар оладилар.
6. Ислом шариати инсон наслини муҳофаза қилиш мақсадида наслга зарар етказадиган жинсий алоқаларни ҳаром қилди.
Мўминлар ўз қалблари, шахслари, ибодатлари, сўзлари ва ишлари ҳамда молларини покиза тутишлари билан бирга, жинсий ҳаётларини ҳам пок тарзда олиб борадилар. Бу эса ўз навбатида инсоннинг руҳи, оиласи ва жамияти поклигига далолат қилади. Бу поклик бошқалари каби ниҳоятда зарур бўлган покликдир. Шу туфайли, аввал айтилганидек, инсоннинг руҳи, оиласи ва жамияти покланади. Шу туфайли инсоннинг насли пок бўлади. Шунинг учун ҳам Ислом шариатида инсон наслини муҳофаза қилиш мақсадида зино ҳаром қилинган. Аллоҳ таоло «Исро» сурасида марҳамат қилади: «Ва зинога яқинлашманглар. Албатта, у фаҳш иш ва ёмон йўлдир» (32-оят). Оятда «зино қилманглар» эмас, балки «зинога яқинлашманглар» дейилмоқда. Бу амр «зино қилманглар», дегандан кўра қаттиқроқдир. Мўмин-мусулмон одам зино қилиш тугул, унинг яқинига ҳам йўламаслиги керак. Зинога олиб борувчи сабаблардан ҳам узоқда бўлиши лозим. Чунки: «Албатта, у фаҳш иш ва ёмон йўлдир».
Мўмин-мусулмонлар бу ишнинг нақадар хатарли эканини тушуниб етмоқлари ва ундан қайтмоқлари лозим. Уламоларимиз «Зинодан қайтариш ҳақидаги ушбу оятнинг ўзидан аввалги – фарзандларни ўлдирмаслик ҳақидаги оятдан кейин ва ноҳақ одам ўлдиришдан қайтарган оятдан олдин келиши бежиз эмас» деган фикрни айтганлар. Зинокор иложи борича ушбу ҳаром алоқа туфайли бола бўлиб қолмаслигига уринади. Мабодо бола бўлиб қолса ҳам, туғилишидан олдин уни ўлдиришга ҳаракат қилади. Агар зинодан бўлган бола ҳаётга келса ҳам, ҳаромдан бўлгани учун жамиятнинг тўлақонли аъзоси бўлиб юриши қийин бўлади.
7. Ислом шариати инсон наслини муҳофаза қилиш мақсадида наслга зарар етказадиган жинсий алоқаларни қилганларга жазо белгилаган. Инсон наслини муҳофаза қилиш мақсадида унга зарар етказадиган жинсий алоқаларни қилишни ўзига эп кўрганларга қарши ислом шариатида кескин чоралар кўрилиб, уларни инсоният душмани, унга қарши жиноят содир этган унсур сифатида жазолаш йўлга қўйилган. Исломда зино улкан жиноят ҳисобланади. Зеро, одамларга шаҳватларини тартибсиз равишда, хоҳлаган йўл билан қондираверишларига ижозат берилса, инсоният насли, унинг маданияти, маънавияти тез фурсатда ҳалокатга учрайди. Агар инсон оилавий ҳаётнинг масъулияти, оғирликлари ва машаққатларини бўйнига олмасдан, фақат шаҳватини қондиришга ҳаракат қиладиган бўлса, ундан ҳеч қачон бола тарбиясида, оила ва жамиятда бирор фойдали ишни кутиб бўлмайди.
Кўриб турганимиздек, ислом шариатида инсон наслига зарар етказадиган барча ишлар ҳаром қилинади.
Зинодан бўлган болага мерос тегиши масаласига қайтадиган бўлсак, айтиб ўтилганидек у онаси ва онаси тарафдан мерос олиши (1)*, унга уни тан олган отаси ўз мол-мулкининг 1/3 дан кўп бўлмаган қисмини васият қилиши (2), ота-она тириклигида ўша фарзандга ўзларига тегишли мол-мулкнинг истаган қисмини ҳадя қилишлари (3) мумкин. Бироқ, буларнинг барчаси бу дунёдаги мол-мулкка алоқадор ўткинчи масалалардир. Асосий сўроқ-савол ҳар бир одам бу дунёдаги қилмишлари юзасидан жавоб берадиган кунда бўлади.
Валлоҳу аълам.
Манба: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг
"Мукаммал саодат дастури" китоби асосида тайёрланди.
_______________________________________
*агар у бола ва она мусулмон бўлишса