МЕНДИРМАН МУНОСАБАТ БИЛДИРУВЧИ !
Дониёр РўзметовКеча илк серияси эфирга кетган "Мендирман Жалолиддин" сериали ҳақида табиий равишда турли хил муносабатлар билдириляпти. Яна битта муносабат ортиқчалик қилмайди деб мен ҳам муносабатимни билдирсам.
Бошидан айтиб қўяй, мен бош ролда ким ўйнаган, ўзбеклар қайси ролларда ўйнаган, пул бекор сарфланганми ёки йўқми деган мавзуларни муҳокама қилиш ниятим йўқ. Бу ташаббускор ва ташкилотчиларнинг қарори ва иши. Пул ўзлариники, лойиҳа ўзлариники, кутган натижаларига эришиш нима нима зарур деб топсалар шуни қилганлар. Агар уларнинг натижаси маъқул бўлмаса, ўзимизга маъқул бўлган вариантни олишга бизга ҳеч ким ва ҳеч нарса халақит қилмайди.
Масалан менга сериалнинг "Мендирман Жалолиддин" деган номи ёқмади. У нафақат Озодбек Назарбековнинг сериални ўз клипига мослаш хоҳишини билдиради. Балки бундай сўз бирикмаси дунёдаги ҳеч қайси тилда мавжуд эмас ва ҳеч бир тилда, жумладан ўзбек тилида тушунарли эмас. Шундай бўлса-да, бу ташаббускорларнинг қарори ва менга ёқмаганлиги менинг муаммом.
Муҳокама бўлаётган шортик ва футболкадаги инсон ҳолати ҳам кичик детал деб ўйлайман. Албатта унинг бўлмагани яхши эди, аммо бундай хатолар дунёдаги энг профессионал олинган киноларда ҳам бўлиб туради. Бу худди биз клавиатурада бирон ҳарфни хато ёзиб юборганимиздай гап. Унинг бўлмагани яхши, лекин асосий мавзу у эмас. Асосий мавзу сериалнинг ўзи, унинг мазмуни, мақсади, фалсафаси, сифати ва натижаси бўлиши керак.
Энди мавзунинг "юраги"га кирсак.
ТАРИХИЙ СЕРИАЛМИ ?
Сериал раҳбарияти сериалдаги тарихий ноаниқликлар, номутаносибликларнинг олдини олиш учун "Сериалда тўқималар ишлатилганлигини" такрор-такрор айтяптилар. Тан олиб айтиш керакки, бу "узрли сабаб" кўпчиликка етарли бўляпти. Яна кимлардир "Бу ҳужжатли фильм эмас, барчаси ҳужжатларга асосланган бўлиши керак эмас, аксинча тўқималар билан бойитилса қизиқарли бўлади" деб асос келтирмоқдалар. Бу гапда ҳам жон бор. Аммо...
Аммо ташаббускорлар сериални "Тарихий сериал" деб урғулаб тарғиб қилмоқдалар. Шундай бўлгач, унинг тарихий ёки тарихий эмаслиги савол остига олиниши бор гап.
Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, тўғри, сериал ҳужжатли фильм эмас ва унда тўқималар кўп, лекин у тарихий сериал эмас дейишга асос кўпроқ. Аниқроғи бу "тарихий сериал" тарихчилар учун ЁМОН ТУШдай гап. Тушунтираман.
Шахсан мен тўқималар ишлатилишини қўллаб-қувватлайман. Чунки биринчидан, тарихий маълумотларда бир сериал қилиш учун воқеалар етарли эмас. Иккинчидан, бадиий тўқималар фильмни ва Жалолиддин Мангуберди шахсини янада улуғлаш, гўзаллаштириш, таъсирини ошириш ва томошабинларга етказиб беришга хизмат қилади.
Аммо тўқима баҳонасида тарихий хатолар ва тарихий ёлғонларга қўл уриш керак эмас. Чунки сериал кутилаётганидай дунё оммасига етиб борадиган бўлса, уларда тарихимиз ва тарихий шахс ҳақида нотўғри тасаввур ва маълумотлар шаклланади. Одамлар дангаса ва кўпчилик китоб ўқимайди. Оқибатда сериалдаги воқеалар рост экан деб ўйлайди.
Тўқимага мисол : Хоразмшоҳ яширинча бозорга боради ва солиқлар асоссиз равишда оширилганлигини аниқлаб келади. Бу воқеа ҳақида ҳеч қайси тарихий манбада ёзилмаган. Аксинча бу ривоятсифат воқеа дунёнинг барча халқларида подшонинг адолатли эканлигини кўрсатиш учун ишлатилади. Шу сабабдан, бу воқеанинг Хоразмшоҳга нисбатан ҳам ишлатилиши ҳақиқатдан бадиий тўқима ва унинг ишлатилиши кинонинг тарихий аҳамиятини бузмайди. Аксинча.
Аммо Темур Малик Жалолиддин Мангубердининг устози бўлиши, уларнинг иккаласи Чингизхоннинг олдига элчи бўлиб боришлари, йўлда карвонсаройда учрашишлари ва ҳоказолар тўқима эмас, балки тарихий ёлғонлардир. Агар бир серияда шунча хато бўладиган бўлса, қолган 12 серияда нималар бўлишини хавотир билан кутиш мумкин.
Бундан ташқари, образларнинг ёшлари ва кўринишлари борасида ҳам номутаносибликлар бор. Масалан, Чингизхон 1155 йилда туғилган ва кинодаги воқеалар пайтида таҳминан 60 ёшидан ошган чол бўлган. Кинода у 1198 йилда туғилган невараси тенгги 20 ёшли Жалолиддин билан ўртоқдай бўлиб ўтирибди. Жалолиддиннинг отаси Оловуддин Муҳаммад Хоразмшоҳ 1169 йилда туғилган ва таҳминан 50 ёшда, аммо унинг 1150 йилда туғилган таҳминан 70 ёшга яқин онаси иккаласи тенгдай кўринган.

Шундай экан, бу сериални тарихий эмас, тўқима сериал деб айтиш мумкин. Унга фақат ҳамма биладиган Жалолиддин Мангуберди образи ва Хоразмшоҳлар давлати образ қилиб олинган холос. Агар Жалолиддиннинг ўрнига Абдусаттор деган тўқима образ олиниб, шоҳликнинг номи бошқа бўлганида бу воқеаларни кўрган одам гап Хоразмшоҳлар ва Жалолиддин Мангуберди ҳақида бораётганлигини билолмаган бўларди.
Энг алам қиладигани, сериалда шундай хатолар бўлмаслиги учун тарихчилар ва Жалолиддиншунослар сериал ҳақида гап чиққанидан бери ўз ёрдамларини таклиф қилиб келадилар. Аммо уларнинг аксариятининг таклифлари эътиборга олинмади. Тўғри улар билан ишлаш қийин бўларди, чунки улар тарихий ҳақиқатларга қаттиқ ёпишиб олган бўлардилар. Аммо бундан қўрқиб уларни лойиҳага умуман яқинлаштирмаслик ҳам хато иш бўлди.
ЭТНОГРАФИЯ, МЕЪМОРЧИЛИК ВА ОҲАНГЛАР
Бу мавзуда мен ижодкорларга сал-пал адвокатлик қиламан. Фильмда 1910 йилда қурилган Исломхўжа масжиди кўрсатилганлиги, бинолар сўнгги асрларда қурилган мадрасаларга ўхшаб қолганлиги, устар устида пахта гулли пиёла турганлиги ва ҳоказо деталлар танқидга учраяпти.
Аммо танқидчиларнинг аксарияти "аслида қандай бўлиши керак эди?" деган саволга жавоб бера олмайдилар. Буни таҳмин қилмаяпман, аниқ биламан. Чунки ўз вақтида кино ижодкорлари Хоразмшоҳлар даври архитектураси, Кўҳна Урганч шаҳрининг меъморий конструкциясини топишда ёрдам сўраб алоқага чиққан эдилар. Шундан кейин мен "Хоразм ва хоразмликлар" гуруҳи ва бошқа каналлар орқали, билимдорнлар, тарихчилар ва бошқа мутахассисларга алоқага чиқдим ва биргалашиб маълумотлар изладик.
Шунда билдикки, тарихий ва этнографик манбаларда мазкур даврнинг аниқ тасвири йўқ экан. Тўғри, Кўҳна Урганч қалъасининг археологик қазишмаларга асосланган макетини топдик ва у макетдан фильмда фойдаланилган. Аммо на тарихчиларнинг китобларида, на сайёҳларнинг таърифларида деталли маълумотлар топилмади. Унда фақат "Катта шаҳар эди", "Фалон миллион одам яшар эди"га ўхшаган умумий гаплар бор эди холос. На Хива шаҳри, на ҳозирги Кўҳна Урганчдаги ёдгорликларнинг қолдиқлари ўша даврдаги Кўҳна Урганч шаҳнинг аниқ тасвирини тарихий ҳақиқатлар асосида кўрсатиб бера олмайди. Шундай бўлгач, ижодкорлар имкон қадар ўзларида бор маълумотларга ҳозирги Хива шаҳридаги обидаларни аралаштириб, тарихий тасвир яратишга интилганларини тўғри тушуниш ва бемалол оқлаш мумкин деб ўйлайман.
Фильмдаги кийимлар, безаклар, белгилар ва бошқа этнографик кўринмалар ҳақида ҳам худди шундай гап. Барча мутахассислар излаб ҳам Хоразмшоҳлар даврида қандай бош кийим кийилганлиги, кийимлар, безаклар, уларнинг матолари ва кўринишлари ҳақида маълумотлар топа олмадик. Топилган маълумотлар фильмда иштирок этган шахсларнинг 100 дан бирини кийинтиришга ҳам етмасди. Ҳатто кўпчилик "Зўр чиқибди, тарихий жиҳатдан тўғри" деб ўйлаётган Хоразм чўгирмаларининг ҳам Хоразмшоҳлар даврида кийилганлиги ҳақида на ёзма, на археологик манба йўқ эди. Шу сабабли, ижодкорлар кийимларни Хоразм этнографиясидаги турли даврларга оид кўринишларидан фойдаланишларига тўғри келган. Бу балки тарихий жиҳатдан тўғри бўлмаслиги мумкин, аммо фильмда "хоразмий муҳит"ни имкон қадар ҳақиқатга яқин қилиб беришга ёрдам берган.
Ҳар ҳолда, фильмда этнография масаласида ўзимиздаги афғон қалпоғи, Фарғона дўпписи, Бухоро зарчопони ва ҳоказоларни аралаштириб ишланадиган клип ва кинолардан кўра масъулиятли ва профессионал ёндашилган.
Мен сериалда Хоразм куйлари, умуман ўзбек оҳанглари ишлатилмаган деган танқидларга қўшилмайман. Аксинча, фильмда асосан ўзбек, жумладан Хоразмнинг куйлари ишлатилганлигини таъкидлайман. Тўғри, анча жойларида Озодбек Назарбековнинг "Мендирман Жалолиддин" қўшиғи оҳанглари ишлатилган ва бу уларнинг танлови. Аммо бу ўзбек қўшиғининг оҳанги. Бундан ташқари бир нечта жойларда хоразмча норим-норим куйи жуда чиройли ва муносиб қўлланган.
Менга етиб келган "ички гаплар"дан биламанки, дастлаб турклар кинода фақат туркча куйлардан фойдаланмоқчи бўлганлар. Аммо орада Озодбек Назарбековнинг жамоасидаги ўзбек мусиқачилар оҳанглар ўзбекча бўлишини таклиф қилганлар ва буни чалиб кўрсатиб берганлар. Шунда турклар ўзбек оҳанглари ҳам чиройли чиқишини тан олиб, куйларни ўзбек ижодкорларга берганлар. Агар кейинги серияларда ўзгармаса, биринчи серияда мен фақат ўзбекча куйларни кузатдим.
БАҲО МАСАЛАСИ
Ҳозрича сериалга тўлиқ баҳо бериш имконсиз. Мен берадиган баҳом фақат биринчи сериядан келиб чиқади.
Ижодкорлар танқид қилинишларини олдиндан билиб, "Биз танқидларга тайёрмиз" дейишяпти. Бу яхши, аммо фильм эфирга кетгач унга муносабат билдириш учун Озода Нурсаидова, Алишер Файз, Фарҳод Саидов ва бир икки журналистлар каби "киношунослар"ни олиб чиқиб мақтаттириш нотўғри бўлибди. Тарихий кино ҳақида гапиришга биронта тарихчи, биронта этнограф олим ёки биронта нейтрал кино ижодкор таклиф қилинмаган.
Ваҳоланки, сериал ҳақида тилёғламаликларсиз ҳам кўп яхши гапларни айтиш мумкин ва танқидларга барибир жавоб бериш керак бўлади. Уларга эфирда жавоб берилмаса, халқнинг орасида айланиб айланиб, шишиб салбий хулосаларни ҳосил қилади. Масалан, мана мен танқид ва фикрларимни ёзяпман. Уларни ёзаётиб, менда ижодкорларга на ғараз, на душманлик йўқ. Аксинча уларни ҳеч қандай манфаатсиз, холис ёзяпман. Менимча танқидларимга жавоб бериш ҳам қийин эмас.
Энди, менинг баҳоларимга келсак, тарихий фильм деб қаралса, юқоридаги асосларга кўра "3" баҳо бераман. Агар оддий ижодий сериал сифатида қаралса, "4" баҳо бераман.
Сериални Ўзбекистон кино махсулотлари билан солиштирилса, албатта осмон билан ерча фарқи бор. Аммо дунё кино саноати махсулотлари билан солиштирилса, ўртача баҳога муносиб. Сериалдаги диалогларнинг сифатсизлиги ва соҳталиги, эпизодларнинг зўракилиги ва ҳатто тасвирларнинг сифати борасида ҳам жаҳон саҳнасида "бомба" бўлиб портлашига ишонмайман.
Хулоса ўрнида яна бир нолиб қўяй. Ўзи шунча ваҳималар ва гап-сўзлар билан сериал ниҳоят эфирга берилди. Энди унинг ҳар ҳафта бор йўғи бир серияси берилиши нимаси энди. "Ўзбекча" бўлса охиригача "ўзбекча" бўлсин дейишган шекилли шугина кинони ҳам 3 ой давомида чўзиб кўрсатишмоқчи. Анекдотда айтганидай, "Э борэеее деворардим-у, боламсизлар-да!"
"Уч замон" каналига ҳали обуна бўлмаганлар учун ҳавола: 👉 https://t.me/uchzamon