“Мен айбдор эмасман!”

“Мен айбдор эмасман!”

Дониёр Рўзметов

Меҳмонхонада битта ҳамкасбимиз бор эди. У ҳеч қачон ўз айбини тан олмас, бунинг устига нуқул ўзгаларни айблаб юрар эди. Ишхонада биронта нуқсон ёки камчилик чиқиб қолса, ўзи айбдор бўлиб чиқмаслиги учун муаммони эшитмасдан ва ўйлаб ҳам кўрмасдан туриб дарров "Буни фалончи қилган бўлиши керак, буни мен қилмаганман" деб ўзи йўқ бўлган бошқа бир ҳамкасбни айблаб юборар эди...

У бир куни ҳаёл суриб ўтириб, меҳмонхонанинг хоналарини ўз нархидан 5 баробар арзон нархда сотувга қўйиб юборибди. Табиийки, бундай нарх бошқа ҳеч қаерда йўқ бўлганлиги сабабли бир-икки соатнинг ичида барча хоналар деярли текин нархларда сотилиб кетади ва меҳмонхона тўлиб қолади. Буни кўрган меҳмонхона директори "Нега бундай қилдинг?" деб сўраса, у айбини тан олиб узр сўрашнинг ўрнига "буни мен қилганим йўқ, буни фалончи қилган бўлиши керак" деб бошқаларни айблай бошлайди. Гоҳ уни, гоҳ буни, гоҳ бошқа ҳамкасбларни айблашга ҳаракат қилади. Унга "ахир бу иш билан сен шуғулланасанку" деса, "мен шуғулланаман тўғри, лекин бошқалар ҳам сотув тизимига киришни биладиларку, балки улар билмасдан қилиб юборгандирлар" деб жавоб беради. Ишқилиб ўзи айбдор бўлиб чиқмаслиги учун у қўлидан келган барча ишни қилади. Холбуки қилар ишни унинг ўзи қилиб қўйганлигини барча, жумладан директор ҳам билиб турган эди. Шу сабадан директор "Майли, бўлмаса текшириб кўрамиз" дедида, эринмасдан кузатув камераларини қараб чиқди. Натижада унинг айбдор эканлиги исботланди. У шунда ҳам бир баҳоналарни қидириб топишга уринар, қисқа қилиб "Узр, билмасдан шундай қилиб юборибман" деб айбини тан олишнинг ўрнига "Менга фалон ишни буюрган эдингиз, шуни қиламан деб ҳаёлим кетиб қолган шекилли, менда айб йўқ" дейиш билан овора эди...

... "Эгилган бошни қилич кесмас" дейдилар, лекин ҳаётда ўз айбини тан олмайдиган инсонлар жуда кўп. Энг ёмон томони, ўз айбини тан олмайдиган инсонлар ўзгаларни айблаш ва баҳоналар топишга уста бўладилар.

Айбини тан олмаслик одати афсуски барчамизда озми-кўпми миқдорда бор бўлади. Бу одатнинг фитратимизда қанчалик миқдорда бор ёки йўқлигига қараб бизнинг мардлик ёки номарлик ҳусусиятимизнинг даражаси маълум бўлади. Чунки айбини тан ола билиш, бунинг устига ўзгаларни ноҳақ айбламаслик инсондан жасорат ва катта куч талаб қилади. Айрим инсонлар жасорат учун куч сарфлашдан кўра айбни ўзларидан соқит қилиб, осонлик билан қутулиб кетишни маъқул кўрадилар ва натижада бора-бора уларнинг табиатларида номардлик, пасткашлик туйғулари шаклланиб боради.

Олимларнинг айтишларича, инсонларда "айбни тан олмаслик" одатининг шаклланишида ота-оналарнинг роллари кўп бўлар экан. Деярли барчамиз гувоҳ бўлган бир ҳолат бор. Биронта бола югуриб бориб столга урилиб бирон жойини оғритиб, йиғлай бошласа, уни тинчлантириш учун онаси "Ким сени урди? Мана шу столми? Ҳозир урамиз бу столни. Бошка сени урмайдиган бўлади. Мана урдик столни. Йиғлама бўлди"! деб овутишга ҳаракат қилади. Яъни, бола аслида ўзининг айби билан, яъни ўзининг эътиборсизлиги ва тартибсизлигининг натижасида югуриб бориб столга урилган бўлишига қарамасдан онаси унга "Бу ўзингнинг айбинг билан бўлди, бошқа бунақа қилиб югурма, акс ҳолда яна бирон жойингни оғритиб оласан" деб тушунтиришнинг ўрнига, столни айблаб, масъулиятни боласидан соқит килади. Болалари урушиб қолганда ҳақиқатни излашнинг ўрнига тўғридан-тўғри овсиннинг боласини айблайдиган овсинлар ҳам кўп учраб туради. Мана шундай ҳолатлар сабабли ота-оналар ўз фарзандларига нотўғри тарбия берадилар ва улардаги ҳақиқатгўйлик, мардлик каби ижобий туйғуларни ўлдиришга хизмат қиладилар. Оталари ва оналари "сенда айб йўқ, айбдор бошқа" деб тургач, болалар бу гапга ишонадилар ва бундан кейин ҳам шундай ҳолатлар юз берганда айбни ўзгалардан излайдиган бўладилар.

Айрим инсонлар фарзандлари катта бўлгач, "уларда салбий одатлар қаердан пайдо бўлиб қолди?" деб ҳайрон бўлиб юрадилар. Улар билмайдиларки, фарзандларидаги салбий ҳислатларининг шаклланишида ўзларининг ҳам айблари бор...

... Дунёда ҳақиқат, адолат ҳукм суришини, номардлар бўлмаслигини орзу қилмайдиган инсон бўлмаса керак. Афсуски, 100% бундай бўлишиинг имкони йўқ деб қўрқаман. Аммо номардларнинг ва адолатсизларнинг сонини камайтириш бизнинг ўз қўлимиздадир. Агар биз фарзандларимиз МАРД ва АДОЛАТЛИ инсонлар бўлишларини ҳоҳласак, уларга болаликлариданоқ тўғри тарбия бермоғимиз ва уларга масъулият туйғусини сингдириб бормоғимиз лозим. Шунда фарзандларимиз табиатан мард, руҳан етук ва қалбан пок инсонлар бўлиб улғаядилар !

Барчамизнинг бахтимизга фарзандларимиз мард, халол, тўғрисуз ва ижобий ҳислатларга эга инсонлар бўлиб камолга етсинлар !

Report Page