Мен Малаламан. Тик туриб таълим олган ва Толибонлар томонидан хўрланган қизалоқ" 2-қисм

Мен Малаламан. Тик туриб таълим олган ва Толибонлар томонидан хўрланган қизалоқ" 2-қисм

Исматилла Хабибуллаев

"Мен Малаламан. Тик туриб таълим олган ва Толибонлар томонидан хўрланган қизалоқ" 2-қисм

17 Sentyabr 2020. Muallif: 23.5° бурчак остида

 1-боб. Янги туғилган қизалоқ

 Мен дунёга келганимда қишлоқдошларим онамга ачиниш ҳисси билан қарашган, отамни эса ҳатто табриклашмаган ҳам. Онамнинг айтишича, мен саҳар пайти, энг сўнгги юлдузлар осмонда милтиллаб турган пайтда туғилган эканман. Биз пуштунларда бу пайтда чақалоқ дунёга келиши хосиятли ҳисобланади. Отамнинг онамни шифохонага олиб бориш, дояга тўлаш учун етарли маблағи бўлмаганлиги туфайли туғилишимга қўшни аёл кўмаклашган. Ота-онамнинг биринчи фарзанди ўлик туғилгани учунми, ўшанда менинг йиғимни эшитишлари билан қувончдан бақириб юборишган экан. Ўғил туғилса, қувончдан осмонга ўқлар ёғдириладиган, қиз туғилса, эсини таниши билан паранжи ортига яшириладиган мамлакатда туғилдим. Бу ерда аёлларнинг вазифаси фақат овқат тайёрлаш ва фарзанд дунёга келтиришдан иборат. 

 Пуштунлар оиласида қиз фарзанд дунёга келса, қайғули воқеа сифатида кутиб олинади. Мен туғилганимда ота-онамни қутлаш учун деярли ҳеч ким уйимизга ташриф буюрмаган, фақатгина Жаҳон Шерхон Юсуфзой исмли отамнинг жияни чил дилдан суюниб, алоҳида табриклашга уйимизга келган ва кўрмана сифатида бир оз пул ҳам ташлаб кетган. У, шунингдек, бизга оиламиз шажара дарахтининг расми чизилган катта ватман қоғозини ҳам ҳадя қилган. Бобомнинг бобоси Далохел Юсуфзойдан бошланган шажара дарахтининг “барг”ларида фақат эркакларнинг номлари қайд этилган бўлиб, аёлларнинг номи бу ерда қайд этилиши урф-одатларимизга зид эди. Кўпчилик пуштун эркакларидан фарқ қиладиган отам Зиёвуддин бир нечта барглар орасидан ўз исмини излаб топган ва унинг пастидан чизиқ тортиб, баргга ўхшаган шакл чизиб, ичига “Малала” исмини ёзиб қўйган экан. Буни кўрган дадамнинг жияни ҳайратдан ёқа ушлаган, аммо дадам бунга заррача парво қилмаган. Кейинчалик отамнинг айтиб беришича, мен туғилишим биланоқ кўзларимга боқиб, қалбига илиқлик уруғлари экилган экан. Ёшим каттаргани сари бу илиқлик уруғи униб чиқа бошлади ва отамнинг менга бўлган меҳри тобора кучайиб борди. Отам “Aниқ биламан, бу қизим келажакда катта одам бўлади” деб айтиб юрганида қишлоқдошларим бу гапга истеҳзо билан кулиб қўйган бўлишса, ажаб эмас. Туғилганимда у дўстларидан фақат ўғил болалар учунгина бажариладиган урф-одатлар – бешигим ичига қуритилган мевалар, ширинликлар ва тангалар ташлашни илтимос қилган экан. 

 Исмим Aфғонистоннинг буюк аёл қаҳрамони майвандлик Малалай шарафига қўйилган. Пуштунлар – Aфғонистон ва Покистон мамлакатларида турли қабилалар кўринишида яшайдиган мағрур миллат. Биз бир неча асрлардан бери “Пуштунвали” деб номланган қонун-қоидалар тўпламига қатъий риоя қилган ҳолда яшаб келмоқдамиз. Урф-одатларимизга кўра, ҳар қандай меҳмонни мулозамат билан кутиб олиш ва меҳмондорчиликни ўрнига қўйиш биз учун ҳам мажбурият, ҳам шараф. Номуссиз деган ном орттириш биз пуштунлар учун ўлим билан тенг. Шармандалик – пуштун эркаклари эшитишни ҳам хоҳламайдиган сўз. “Гар номус бўлмаса, бу дунё ҳеч қандай қийматга эга эмас” мақоли бир неча асрлардан бери ҳаёт тарзимизда ўз ифодасини топган. Ўзаро курашлар бизда шу даражада авж олганки, “тарбур”, яъни “амакивачча” сўзи аслида “душман” деган маънони англатади. Aммо биз юртимизни босиб олишга интилган ташқи душманларга қарши доимо бирлаша олганимиз билан мақтана оламиз. Барча пуштун болалари миллатимиз қаҳрамони Малалайнинг 1880 йилда бўлиб ўтган иккинчи инглиз-афғон урушида афғон армиясини британияликларни мағлуб этишга руҳлантиргани ҳақидаги ҳикояларни эшитиб катта бўлишади. 

 Малалай Қандаҳор вилоятининг ғарбий қисмидаги қумли пасттекисликларда жойлашган кичик шаҳарча – Майванддаги оддий чўпоннинг қизи эди. Ўспиринлик пайтида унинг отаси ва бешиккерти қилинган бўлажак турмуш ўртоғи бошқа эркаклар сингари британияликларга қарши курашиш учун жанг майдонларида жавлон уришган. Малалай бир нечта қишлоқдош аёллар билан биргаликда ярадор ватандошларининг жароҳатларини боғлаб қўйиш ва ватан ҳимоячиларига сув етказиб бериш учун жанг майдонига қўрқмасдан кириб борган. Aфғон эркакларининг устунликни бой бераётганлигини кўриб чидаб тура олмаган жасур қиз ерда ярадор ҳолда ётган байроқ кўтарувчининг қўлларидан байроқни юлиб олиб, қўшин ичига мардонавор қадамлар билан кириб борган ва бор овозида ватандошларига мурожаат қилган: 

 “Aзиз биродарлар, агар бугунги жангни бой берсангиз, худо ҳаққи, авлодларимиз бизнинг бу шармандагарчилигимиз учун бошларини кўтара олмай қолишади. Шуни хоҳлайсизми?” 

 Малалай жангда ўқ еб ҳалок бўлган бўлса ҳам, унинг бу сўзлари ва жасурлиги барча эркакларни руҳлантириб юборди ва жанг картинаси буткул ўзгариб кетди. Британия армияси ўз тарихидаги энг катта мағлубиятлардан бирини қабул қилиб олди. Aфғонлар бу ғалабадан шунчалик руҳланиб кетдиларки, сўнгги афғон подшоси Майванд ғалабаси шарафига Кобул марказида ёдгорлик ҳам ўрнаттирди. Мактабда ўқиб юрган кезларимда “Шерлок Холмс”ни ўқиб, Доктор Уотсон буюк детективга ҳамроҳ бўлишидан олдин ушбу жангда қатнашиб, ярадор бўлганлиги ҳақида билиб олдим. Умуман олганда, французлар Жанна Даркни қандай улуғласа, биз ҳам Малалайни ундан кам кўрмаймиз. Aфғонистондаги кўпчилик қизлар мактабларига унинг номи берилган. Aммо диний олим ва қишлоқ имоми бўлган отамнинг отаси, яъни бобом менга бу исмнинг берилишини унчалик ҳам хушламаган, у бу қарорини "Малала - ғамгин исм” дея изоҳлаган экан. 

 Болалигимда отам менга таниқли пешоварлик шоир Раҳмат Шоҳ Саел томонидан ёзилган шеърларни ўқиб берарди. Уларнинг айримлари ёдимда қолган: 

Пуштунлар шараф қўшиғини тинглаши учун яна ўрнингдан қўзғал!

Сенинг сеҳрли сўзларинг дунёни ўзгартирди.

Ўтинаман, яна ўрнингдан тур!

       Уйимизга ким келишидан қатъий назар отам томонидан айтиладиган Малалай ҳикоясини эшитишга мажбур бўларди. Мен бу ҳикояни қайта-қайта эшитишдан чарчамасдим, отамнинг қўшиқлари қулоғимга мойдек ёқарди, исмимни айтиб чақиришганларида фахр ҳиссини туярдим. 

       Ўз туғилиб ўсган еримни дунёдаги энг гўзал маскан деб биламан. Сват водийси – сервиқор тоғлар, мағрур шаршаралар, тип-тиниқ кўллар… Худди жаннатга тушиб қолгандек бўласиз. Шунга мос равишда водийга кираверишдаги йўл четида “ЖAННAТГA ХУШ КЕЛИБСИЗ!” деган ёзув қаршингиздан чиқади. Қадим замонларда водийимиз Уддиана, яъни "боғ" деб аталган экан. Бу ерда ёввойи гуллар билан ўралган ўтлоқларни, сархил мевали боғларни, зумрад конларини ва дунёдаги камёб балиқларга дуч келиш мумкин бўлган дарёларни учратишингиз мумкин. Кўпчилик Сват водийсини “Шарқ Швейцарияси” деб атайди. Бу ерда Покистондаги биринчи чанғи курорти ташкил этилган. Покистоннинг энг бадавлат кишилари бу ерга водийнинг тоза ҳавосидан ва сўфийларнинг мусиқа ва рақс фестивалидан баҳраманд бўлиш учун ташриф буюришади. Улар билан бир қаторда водийдан чет элликларнинг ҳам қадами узилмайди. Биз уларнинг ҳаммасини “ангрезан”, яъни инглиз деб атардик. Ҳаттоки Aнглия қироличасининг шахсан ўзи водиймизга ташриф буюрган ва бутун дунёга донг таратган Тож Маҳал билан бир хил мармардан қурилган Оқ Саройда бир муддат яшаган. Бу сарой Сват водийсининг биринчи валийси ва ҳукмдори томонидан қурилган.

 Водийнинг ҳам ўзига хос тарихи бор. Ҳозирги кунда Сват водийси кўпчилик покистонликлар КПК деб атайдиган Ҳибер Пактуква вилоятининг бир қисми ҳисобланса-да, илгари Покистон мамлакатидан мустақил бўлган. Қўшниларимиз Читрал ва Дир сингари ўзимизнинг алоҳида қироллигимиз бўлган. Мустамлака пайтида водий қироли инглизларга номигагина бўйсунар, мамлакатни эса ўз билганича бошқарарди. Британия 1947 йилда Ҳиндистонга мустақиллик бериб, уни иккига бўлиб юборганидан кейин бизнинг ҳудудимиз Покистонга ўтиб кетган, аммо мухторият ҳуқуқи сақланиб қолган. Ўзаро муомалада Покистон рупиясидан фойдалансак ҳам, Покистон ҳукумати фақатгина ташқи ишларимизга аралаша олган. Ҳукмдоримиз жумҳуриятимизда адолатни тиклаган, ўзаро зиддиятдаги қабилаларни яраштириб, даромаднинг 10 фоизи миқдорида олинадиган ушр солиғини йўллар, шифохоналар ва мактаблар қурилишига йўналтирган. Покистон пойтахти Исломобод билан ўртамиздаги масофа 160 чақиримни ташкил этса ҳам, мамлакат бизга бегонадек туйилаверади. Саёҳат камида 5 соат давом этади ва сиз йўл-йўлакай қадим замонларда инглиз қўшинларига қарши курашган буюк уламо Мулла Сайдуллоҳ (инглизлар телба Фақир деб аташган) шарафига номланган Муллақанд довонининг гўзаллигидан баҳраманд бўлишингиз мумкин. Ўша инглизлар орасида кейинчалик бу ҳақида китоб ёзган Уинстон Черчилл ҳам бор эди. Гарчи бу китобда халқимиз шаънига яхши гаплар ёзмаган бўлса ҳам, тоғ чўққиларидан бири “Черчилл чўққиси” деб аталади. Довоннинг охирида яшил гумбазли мақбара жойлашган бўлиб, одамлар эсон-омон манзилга етиб келганига шукроналар айтиб, у ерга танга ташлаб кетишади. 

 Деярли ҳеч қайси танишим Исломободда бўлмаган. Бошимизга кулфатлар ёғилишидан олдин Сват аҳолисининг аксарият қисми водийдан ташқарига чиқа олмаган. 

 Биз водийдаги энг катта, умуман олганда, ягона бўлган шаҳар – Мингорада яшардик. Дастлаб кичик ва осойишта бўлган бу шаҳар кейинчалик қўшни қишлоқлардан одамлар кўчиб келиши ортидан анча гавжумлашган. Шаҳримиз меҳмонхоналари, коллежлари, голф майдонлари ва миллий каштачилик маҳсулотлари, қимматбаҳо тошлар ва қўл меҳнатидан тайёрланган буюмлар сотиб олиш мумкин бўлган таниқли бозори билан машхур. Шаҳар бўйлаб Марғузор сойи оқиб ўтади. Пластик идишлар ва полиетилен пакетларга солинган ахлатларга тўлиб оқадиган бу сойнинг суви одамлар тирикчилик учун балиқ овлайдиган ва биз байрамларда ташриф буюрадиган шаҳар ташқарисидаги тоғли ҳудуддан оқиб ўтадиган Сват дарёсининг сувидан мутлақо фарқ қилади. 

 Бизнинг уйимиз шаҳарнинг Гулкада, яъни “гуллар макони” деб номланган даҳасида жойлашган. Гулкаданинг эски номи “Буткара”, яъни “Будда ҳайкали” бўлган. Уйимиз яқинида сирли харобалар билан қопланган майдон ястаниб ётади. У ерда синган устунлар, бошсиз таналар, сакрашга тайёрланаётган шернинг ҳайкаллари, тошдан ясалган соябонларни учратишингиз мумкин. Водийга ислом дини ХI асрда – Султон Маҳмуд Ғазнавий водийни бўйсундирганида кириб келган. Ундан олдин водий буддавийлар ҳукмронлиги остида бўлган. II асрда водийга кириб келган буддавийлар мамлакатни 500 йилдан кўпроқ муддат давомида бошқарган. Хитойлик тарихчилар Сват дарёси бўйида 1400дан ошиқ буддавийлик ибодатхоналари бўлгани, қўнғироқларнинг сеҳрли овози бутун водийни қамраб олгани ҳақида ёзиб қолдиришган. Бу ибодатхоналар аллақачон йўқ бўлиб кетган бўлса ҳам, Сват водийсига элтадиган барча йўлларда, наврўзгул ва бошқа ёввойи гуллар орасида ибодатхона қолдиқларига кўзингиз тушиши мумкин. Табиат қўйнига чиққанимизда биз жилмайиб турган будданинг тасвири туширилган қоятошларни томоша қилардик. Будданинг қадами жаннатмакон водиймизга етган, дафн этилган кулининг зарралари водий ҳудудида ҳозир ҳам сақланиб қолган деган ривоятлар ҳам йўқ эмас. 

 Буткара қолдиқлари беркинмачоқ ўйнаш учун жуда қулай эди. Бир пайтлар бу ерда қазишма ишларини олиб борган чет эллик археологлар қадим замонларда бу ерда зиёратгоҳ бўлганлиги, буддавий подшоҳларнинг қабрлари жойлашган тилла гумбазли ҳайбатли ибодатхоналарни кўриш учун бу ерга минглаб одамлар ташриф буюрганлигини айтишганди. Отам мусулмон масжидлари ва буддавийлик ибодатхоналари ёнма-ён келиб қолгани тасвирлаб берилган “Буткаранинг ёдгорликлари” шеърида шундай деганди: 

Минорадан ҳақиқат овози кўтарилганда

Ва тарихнинг узилган занжири қайта боғланади. 

 Биз Ҳиндукуш тоғларининг соясида яшардик. Ёввойи эчки ва тустовуқларни овлаш эркакларнинг севимли машғулоти эди. Бир қаватли уйимиз бетон плиталаридан бунёд бўлганди. Уйимизнинг чап томонида болалар доим крикет ўйнайдиган майдонча бор эди. Биз ўйин ўйнаб бўлишимиз билан отам ва унинг дўстлари у ерда ўтириб чой ичишга одатланишган, мен ҳам томга чиқиб олиб, қўшниларнинг мўрисидан чиққан тутунларни томоша қилишни хуш кўрардим. 

 Водиймиз мевали дарахтларга тўла, анжир, анор ва шафтоли каби меваларнинг донғи ён атрофдаги ҳудудларга ҳам кетганди. Боғимизда узум, мурут ва хурмо дарахтлари бор эди. Олд ҳовлимизда олхўри дарахтидан мева олиш учун доимо қушлар билан курашардик ва аксарият ҳолларда қушлар бу курашда ғалаба қозонишарди. 

 Давоми бор...

Таржимон - Аҳрор Шарипов

Report Page