Мен Ўзбекистоннинг ЕОИИга қўшилишига қаршиман !

Мен Ўзбекистоннинг ЕОИИга қўшилишига қаршиман !

Дониёр Рўзметов

Дебоча

Ким айтгани эсимда йўқ. Қайсидир илмий тадбирда бир илмли одам айтган эди : Собиқ СССРнинг склети битта учбурчакда мужассам. Бу Москва-Киев-Тошкент учбурчаги. Украина олинса Шарқий Европа, Ўзбекистон олинса бутун Марказий Осиё ва Кавказ олинади. Агар Россия шу учбурчакнинг учала бурчагини қайта тўплай олса, СССРни қайтадан қура олади...

... Тарихимиз аччиқ саҳифаларга бой. Ҳозирги Ўзбекистон ҳудудларидаги давлатларнинг геограрик жойлашуви доим ўзига душман бўлиб келган. Чунки у Осиё қитъасининг маркази, Евросиё ҳудудининг стратегик нуқтасини эгаллаб туради. "Борэ" деб Ўзбекистонни четлаб ўтиш мумкин эмас, чунки водийлару воҳаларнинг атрофлари ўтиш ва яшаш учун имконсиз бўлган тоғлар ва чўллардан ташкил топган.

Шу сабабдан қадим замонлардан бери қайси империя қудратга келса, ҳозирги Ўзбекистон ҳудудларига бостириб келаверган. Дунёда форс, хитой, грек, турк, араб, мўғул, рус босқинчилар истилоларининг барчасига дучор бўлган бошқа ҳудуд бўлмаса керак. Европалик бир тарихчининг "Қадим замонлардан кузатиш мумкинки, Ўзбекистон ҳудудларидаги давлатлар узоқ турмайди. Уларни албатта кимдир босиб олади ёки ўз таъсирига олади" деганини эшитган эдим. Тарихчи Ўзбекистоннинг тақдири келажакда бундай бўлмаслигига умид билдириб, унинг мустақиллигига абадийлик тилаган эди. Мен ҳам унинг тилакларига тилакдошман...


Тарихимизнинг тарихий хатолари ёхуд кўр ҳассасини бир марта йўқотади

... Тарихимиздан қаҳрамонлар излаган пайтда Кир 2 нинг бошини кесган Тўмарис ва Доро 1 нинг армиясини чўлга адаштирган Широқларни эслаймиз. Ўрта асрларга келиб Муҳаммад Хоразмшоҳни хато қилганликда, онасининг гапига кириб, бутун империяни мўғулларга бой берганликда айблаймиз. Агар у ўша даврда келаётган хавфни кўра билганида, зарур пайтда ирода кўрсатиб қатъий қарорлар қабул қила олганида ўз давлати мустақиллигини сақлаб қолган ва ўз халқини ғанимлар томонидан хор қилинишига йўл қўймаган бўлар эди деб тарихдан билимларимизни кўз-кўз қиламиз. 

Шу сабабдан, Жалолиддин Мангуберди шахсини улуғлаймиз ва қадрлаймиз. Чунки у бизга отасиси йўл қўйган сиёсий хатоларни тўғрилашга ҳаракат қилган ва дахшатли душмандан қўрқмаган жаросат тимсоли бўлишдан ташқари давлат ишида хатолар қилмаслик кераклигини англаттирадиган миллий тимсол ҳам ҳисобланади.

Хоразмшоҳлар обрўсини қутқариш учун Жалолиддин етишиб чиққан, аммо тарихимиздаги барча босқинлар пайтида "Жалолиддинлар" топилавермаган. Масалан руслар босқинида бизга ўшандай қаҳрамонлар етишмаган...

... Бизни гапиртирса, ақлимиз оғиз бурнимиздан оқиб чиққунча гапирадиган яна бир мавзу бу руслар босқини мавзусидир. Биз ўзимизча ота-боболаримиз йўл қўйган барча хатоларни яхши биламиз ва уларни қоралаймиз. "Руслар бостириб келган пайтда Қўқон ва Хоразм хонлари, Бухоро амирлари ташқи душманга қарши бирлашмаганлар, агар улар бирмашганда бемалол русларни енган бўлар эдилар ва ўз мустақилликларини қўлдан бой бермаган бўлар эдилар" деб ўша пайтдаги хон ва амирларни хатолар қилганликда айблаймиз. Мен бу гаплар нотўғри демайман. Аксинча. 

"Кўр ҳассасини бир марта йўқотади" дейдилар. Албатта, у ақлли ва фаросатли бўлсагина бир марта йўқотади. Агар бўлиб ўтган воқеа-ҳодисалардан тегишли хулосалар чиқармаса, у ҳассасини қайта ва қайта йўқотавериши мумкин. Шундан келиб чиқиб, мени бошқа бир савол ўйлантиради. Ҳозирдаги мустақиллигимизни йўқотиш хавфи туғиладиган бўлса, биз ҳассамизни қайта йўқотамизми ёки бу сафар тўғри қарор қабул қила оламизми ? 

... 1917 йилда рус инқилоби юз берган Россия ҳудудларида сиёсий ва иқтисодий парокандалик юз беради. Айтайлик, таҳминан 1991 йилдаги СССР билан юз берган ҳолат юз беради ва Марказий Осиё давлатларида мустақил бўлиш имконияти туғилади. Натижада Фарғона томонларда Туркистон мухторияти тузилган бўлса, Бухоро ва Хоразмда халқ республикалари тузилади. Бироқ Марказий Осиёда ҳали таъсирини йўқотмаган янги тузилган РСФСР хонликларни ағдаришни ташкиллаштириб, республикаларга айланган давлатларни йўқотиб юбориб, уларни ўз таркибига қўшиб олиш пайига тушади. Туркистон мухторияти очиқдан очиқ қонга ботириб йўқ қилинган бўлса, Хоразм ва Бухорода катта ташвиқотлар олиб борилади. Уларга "Ўз мустақилликларини йўқотмасликлари, янги тузилган иттифоқда тенг ҳуқуқли республикалар бўлишлари" ваъда қилиниб, уларнинг хавотирлари бостирилади. Маҳаллий республикаларнинг тараққиётда ва иқтисодий томондан Россиядан анча орқада қолганликлари сабабли Россия билан иттифоққа кириш уларга ажойиб имконият бўлиб кўринади. Илк трактор, илк тез ёрдам машинаси ва бошқа илм-фан ва технология тараққиёти намуналари маҳаллий аҳолининг ҳайратига ҳамда ҳавасига сабабчи бўлади. Бундан фойдаланган рус томони ёш республикаларга Россия тузган иттифоққа қўшилсалар, улар ҳам Россиядагидай имкониятларга эга бўлишларини, бой ва бахтли яшашларини уқтириб, уларнинг розиликларига эришади. Тез орада Бухоро ва Хоразм республикалари ваъдаларга учиб, янги иттифоққа қўшиладилар. Бу эзгу ниятлар билан қўшилишнинг оқибатлари барчага маълум. 

Дастлаб мазкур республикалар давлат сифатида мавжудликларини йўқотадилар, сўнгра эса уларнинг ҳудудлари "миллий чегараланиш" баҳонасида Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон, Қорақалпоғистон республикалари таркибларига парчалаб бўлиб берилади. Янги тузилган республикалар эса қоғозда СССРнинг ТЕНГ ҲУҚУҚЛИ АЪЗОЛАРИ бўлсаларда, амалда Россиянинг мустамлакаларига айланадилар. Ўз республикаларини Россияга қўшиб берган сиёсий фаоллар, маҳаллий бойлар кейинчалик, 1937 йилда турли хил баҳоналар билан қамоққа олинадилар ва отиб ташланадилар. Бойларнинг бойликлари давлатнинг фойдасига мусодара этилади. Шу билан "Иттифоққа МУСТАҚИЛ бўлиб қўшилиш ваъдасига учган Ўзбекистон ва қўшни республикалар яна 70 йилга ўз мустақиллигидан айриладилар...


ЕОИИнинг қисқача тарихи

... 2000 йилларда Борис Елсин давридаги сиёсий парокандалик ва иқтисодий инқирозлардан кейин Россия давлати тепасига Владимир Путин келади. У дастлаб давлатда қаттиққўллик билан тартиб ўрнатиб, халқнинг меҳрини қозонгач, президентлик курсисини тарк этгиси келмасдан ҳокимиятда қолишнинг чораларини излай бошлайди. Россия федерациясининг конституцияси 2 муддатдан ортиқ сайланишга рухсат бермагач, у 2008-2012 йиллар орасида ўз ўрнига Дмитрий Медведевни сайлаттириб, амалда ҳокимиятни ўз қўлида ушлаб туради. Чунки конституцияда "2 муддатдан кейин сайланиш мумкин эмас" дейилгани билан "2 муддат сайланган президент келажакда бошқатдан сайланиши мумкин эмас" деган таъқиқловчи банди бўлмаган ва бу юридик бўшлиқдан фойдаланиб, Путин ҳокимиятга қайтиб келишни режалаштиради.

2012 йилда президентликка қайтиш учун Путинга рус халқининг ички ҳисларига етиб борадиган "янги орзу" керак эди. Чор Россияси ва собиқ совет иттифоқи даврларида улкан империянинг эгалари бўлган рус халқи учун энг маъқул орзу бу Россиянинг қайтадан улкан империяга айланиши эди. Буни тўғри тушунган Путин русларга Владивостокдан Португалиягача ҳудудларни эгалловчи иттифоқ, Евросиё иттифоқи режасини тақдим этади. У Евроосиё иттифоқи ғоясини ўзи ўйлаб топгани йўқ эди. Бу ғоя 19 асрда туғилиб, 1920 йилларда оммалашади. Собиқ совет иттифоқининг ҳудудлари ва уларга мафкуравий томондан қарам бўлган давлатларнинг ҳудудлари катта бўлгач, бу ғояга ўрин қолмайди. Аммо 1990 йилларда собиқ иттифоқ тарқалиб, Россия федерацияси ўз нуфузини йўқотгач, Евросиё ғояcи, тўғрироғи орзуси қайта туғилади. Миллатчи Александр Дугин ва у каби сиёсий фаоллар бу ғояни дастаклаб Путин маъмуриятигача етиб борадилар. Янги ғояга мухтож Путинга Евроосиё иттифоқи таклифини 1994 йилда Нурсултон Назарбоев ҳам берганлиги яхши баҳона бўлади. Қарабсизки, Путин "Бу менинг фикрим эмас, Марказий Осиёликларнинг ўзлари сўраяпти" дейиши мумкин бўладиган ҳолат юзага келади. Бу худди бир пайтлар "хонликларнинг ўзлари Россиядан қўшиб олишини сўраганлар" дегандай чиройли сиёсий баҳона эди. 

Евроосиё иттифоқи орзуси бу "янги" Россиянинг империалистик режаларининг тамал тоши эди. 2014 йилда Украинадаги сиёсий воқеалар баҳонасида Қиримнинг Россияга қўшиб олиниши русларни Путиннинг ваъдалари жиддий эканлигига ишонтирди ва улар янги орзулар билан Путинни қўллай бошладилар. 

Бироқ бундай улкан сиёсий лойиҳани амалга ошириш учун улкан молиявий воситалар ва имкониятлар керак бўлади. Россиянинг молиявий қудрати асосан энергия хом ашёлари экспортига асосланганлиги амалда унинг нозик томони бўлиб чиқади. Қирим воқеаси сабабли Ғарб давлатлари Россияга қарши санкциялар қўллаши Россияни ўз режаларини дадил амалга ошириш имконидан маҳрум этади. Россия дастлаб ўзини санкциялар таъсир қилмагандай қилиб кўрсатишга ҳаракат қилган бўлса ҳам кейинчалик иқтисодиёти ўсишдан тўхтаб, рақамлар орқага кета бошлагач, рус ҳукумати буни яширмайдиган бўлади. Аксинча, нимаики қийинчилар бўлса, барчасига санкциялар сабаб қилиб кўрсатиладиган бўлади.

Шундан кейин Путин ўзининг Евроосиё иттифоқи ваъдасини амалга ошириш учун собиқ совет республикаларини сиёсий ва ҳарбий баҳоналар ҳамда мафкуравий ташвиқотлар ёрдамида қўлга олишга интила бошлайди. Бир нечта сабаблар, хусусан улкан умумий чегаралар ва ўз давлатларида рус миллатига мансуб аҳолининг кўп бўлганли учун Қозоғистон ва Белоруссия Россияга қулоқ солишга мажбур бўлади. Бунинг устига юқорида айтилганидай Евроосиё иттифоқи деган ғояни Назарбоев илгари сурганлиги Қозоғистоннинг ўз оғзидан илинишига сабаб бўлади. Кейинчалик кичкина "балиқчалар" - Арманистон, Қирғизистон ва Тожикистонлар "Қозоғистон ва Белоруссия шу ердаку" қабилида иттифоққа интиладилар. 

Бироқ, юқорида айтилганидай Россия ўз ғоясини амалга ошириш учун барча республикаларни йиғса ҳам агар Украина ва Ўзбекистонни "ололмаса", режалари амалга ошмайди. Чунки Ўзбекистон Марказий Осиёнинг юраги, тарихий, сиёсий, географик маркази ҳисобланади.

Украина томон қилинган ҳаракатларнинг оқибати нималар билан тугагани, тўғрироғи нималар билан давом этаётганлигини барчамиз биламиз. Бошқа республикалар билан солиштирганда Ўзбекистоннинг бахти, бу унинг Россия билан умумий чегараларга эга бўлмаганлиги ва Ўзбекистонда рус миллатига мансуб аҳолининг нисбатан кам эканлигидир. Ўзбекистон нафақат Россия билан, балки бошқа империал амбицияларга эга давлатлар - Хитой ва АҚШ билан ҳам шундай географик ва этник қулайликка эга бўлиб, бу Ўзбекистонга уларнинг буткул таъсирига тушиб қолмаслик, улар тузган сиёсий иттифоқларга киришга мажбур бўлмаслик, аксинча уларнинг ўрталарда нейтрал позицияда ўз мустақиллигини сақлаб қолиш имконини беради.

Украинани ололмаган Россия Ўзбекистондаги сўнгги йиллардаги очиқлик сиёсатидан фойдаланиб, Ўзбекистонни қайтадан ўзи тузган иттифоқ ва ташкилотларга чорлай бошлайди...


Россия СССР эмас

Ўзбекистонда халқ орасида Евроосиё иттифоқига қўшилмаслик тарафдорлари кўп бўлсада, унга қўшилиш тарафдорлари ҳам мавжуд. Уларнинг орасида янглиш тушунчалар ва пропагандалар таъсирида қўшилиш керак деб юрган инсонлар бор.

Мен "Мигрантларга яхши бўлади", "Иттифоққа қўшилсак чегаралар очилади", "Бу иқтисодий ташкилот, унга қўшилсак мустақиллигимизни йўқотмаймиз" деган соҳта ташвиқотларга ишониб қолганларни айтмаяпман. Халқимиз орасида республикамизнинг ички муаммоларидан норози бўлган ва "собиқ СССР пайтида яхши эди, Евроосиё иттифоқига қўшилсак яна ўша даврларга қайтамиз" деган ишонч билан иттифоққа киришнинг тарафдори бўлган инсонлар бор. Мен мана шу инсонларни назарда тутяпман.

Мен "СССР даври яхшироқ эди" ва "СССР даври ёмонроқ эди" деган фикрларнинг барчасини ҳурмат қиламан. Ким нимага ишонса, бу уларнинг ҳуқуқи. Аммо ўтмиш хотиралари, соғинчлари инсонларнинг кўзларини шамғалат қилиб, бу уларнинг келажак режаларида тарихий хатога йўл қўйишларига олиб келадиган бўлса, бунга муносабат билдириш керак бўлади.

Тўғри, Россия юридик жиҳатдан СССРнинг меросхўри деб тан олинган. Аммо собиқ СССР ва ҳозирги РОССИЯ БИТТА НАРСА ЭМАС. Сиз қумсаган, севган ва қадрлаган СССРни ҳозирги Россиядан топа олмайсиз, чунки ҳозирги Россиянинг сиёсий доктринаси, иқтисодий модели, геосиёсий мақсадлари ва имкониятлари бошқа. Собиқ иттифоқ коммунист тузумда бўлган бўлса, ҳозирги Россия олигархлар монополияси устига қурилган либерал (капиталист демаслик учун) авторитар давлат ҳисобланади. Яъни ҳозирги Россия сиз қумсаган ва ҳозир мавжуд бўлмаган СССРнинг буткул тескариси ҳисобланади. Шу сабабдан, Россияга ёки у ташкил қилган иттифоқларга қўшилиш ҳеч кимга СССРни қайтариб бермайди. Агар СССРни соғинганингиз учунгина ташвиқотларни қўллаб, юртни Россияга қўшишга кўмаклашадиган бўлсангиз кейинчалик ҳақиқатни англаганда кеч бўлган бўлади.

Ундан кейин, Россия ва унинг иттифоқи деганда "рус халқи" тушунилмайди. Аслида, рус халқининг бу сиёсий ўйинлар билан иши ҳам йўқ. Уларнинг дарди оддий ўзбек халқи каби меҳнат қилиш, кунини кўриш, оила боқишдан, ниятлари эса уй-жой қуриш, машиналар сотиб олиб, дунё давлатларига саёҳат қилишдан иборатдир. Бу сиёсий мақсадлар асосан Россия президенти Путин ва унинг атрофидаги бир ховуч элитаники холос. Шу сабабдан, Евроосиё иттифоқи ҳақида танқидий фикрлар билдирилганда, дарров фикр муаллифини "русофоб"га чиқариш керак эмас...


Қўшилишнинг оқибатлари

Евроосиё иқтисодий иттифоқи ҳақида кўпчилик фикр билдиряпти. Иттифоқнинг тарафдори бўлганлардан бошқа барчанинг фикрлари бир жиҳат юзасидан муштарак : Бу иттифоқ СИЁСИЙ иттифоқ бўлиб, ундаги ""иқтисодий" сўзи алдамчи, чалғитувчи холос. Бу сўз "Хавотир олманглар, бу иқтисодий иттифоқ, сиёсий ниятларимиз йўқ" деб чалғитмоқчи бўлади. Бироқ иттифоқнинг низоми, қоидалари, шартлари ва унинг фаолияти қараб чиқилса, иттифоқ айнан сиёсий эканлигини ва асосан Россиянинг манфаатларига хизмат қилишини билиш мумкин.

Иттифоққа кириш бор, чиқиш йўқлиги, кириб бўлгач, фақатгина шу иттифоқ аъзолари билангина савдо қилиш мумкинлиги, ўз давлати номидан махсулот чиқара олмаслиги ("Made in Uzbekistan" эмас, "ЕОИИда ишлаб чиқарилган" деб ёзилади) каби муҳим жиҳатлар борки, бу "Кирсак, мустақилликни қўлдан бермаймиз" дейдиганлар учун жавоб бўлади. "Иттифоқ аъзолари аллақачон Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ташкилоти доирасида ҳамкорлик қилмоқдалар" деганлар эса ташкилот ва иттифоқ бошқа-бошқа нарсалар эканлигини билишлари керак деб ўйлайман. Агар айтилганидай МДҲ фойдали бўладиган бўлса, янги иттифоқ тузиб овора бўлмасдан айнан унинг доирасида ҳамкорликни давом эттиравериш керак. 

Ўзбекистон Иттифоқнинг ҳар бир аъзоси билан, жумладан Россия билан ҳам ўз манфаатларидан келиб чиқиб, тенгшерикчилик асосида иқтисодий муносабатларни олиб бормоқда. Иттифоққа кириш Ўзбекистонни бу имкониятдан маҳрум қилади ва эртага Россия ёки бирон аъзо давлат иттифоқнинг қоидаларига амал қилмайдиган бўлса, Ўзбекистон мустақил қарор қабул қила олмайди. ЕОИИда иттифоқнинг қоидаларига амал қилмаслик одатий ҳол эканлигини ОАВларда чоп этиб келинаётган мақолалардан билиб олиш мумкин. Гоҳо Қозоғистон Қирғизистон махсулотларини ўтказмай қўяди, гоҳо Россия Берлорусга нефт бермай қўяди, яна бир сафар Россия Қозоғистоннинг махсулотларини санитария сабабларига кўра ўз ҳудудига киритмай қўяди. 

Бу мунтазам юз бериб турадиган ҳодисаларнинг умумийлиги шундаки, улар ҳар сафар бирон давлат Россиянинг айтганини қилмаса, ёки Қозоғистондаги каби лотин алифбосига ўтишга ҳаракат қилса, ёки бу давлатлар Россияга экспорт қиладиган махсулотлар ўша пайтда Россияга керак бўлмаса юз беради. Яъни бу ерда муносабатлар иқтисодий бўлса ҳам унинг ичида юз берадиган ўйинлар айнан сиёсийдир. ЕОИИга аъзо давлатлар раҳбарларининг бир-бирларидан норози бўлиб қилган кўплаб баёнотлари бунга мисол бўла олади. 

Ўзбекистон иттифоқ аъзоларига қараганда ўз мустақиллигини анча мустаҳкамлаган ва уни қадрлайдиган давлат эканлигини ҳисобга олсак, иттифоққа кирган тақдирда ўзбек махсулотлари қандайдир сабабларга кўра чегаралардан ўтмай қолиши, "иттифоқнинг стандартларига тўғри келмай қолиши" ва бошқа ҳодисалар юз бериши эхтимоли катта. Фақат у пайтда, Ўзбекистон иттифоқдан чиқиб кетаман деса, аллақачон кеч бўлган бўлади.

"ИҚТИСОДИЙ ИТТИФОҚ"нинг иқтисодий кўрсаткичларига эътибор берадиган бўлсак, иттифоқ давлатлари ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик рақамлари улар иттифоққа аъзо бўлган даврдагидан анча пастлигини кўриш мумкин.

Ваҳоланки Иттифоқнинг ташкил қилиниш ва аъзоларнинг унга қўшилишдан мақсадлари иқтисодий фаровонликка эришиш эди. Ёмон натижаларни оқлаш учун Россия томони Ғарб санкцияларини баҳона қилиб келтиради. Бу рост ҳам дейлик. Агар иттифоққа аъзолик Россияга қўшилиб санкцияларга тушишга, санкцияга тушмаса ҳам иттифоқнинг қийинчиликларини биргаликда кечишга сабаб бўладиган бўлса, бундан Ўзбекистонга нима фойда ? Ўзбекистонга санкциялар бадалини тўлаш зарурми ?

Ўзбекистондаги монополлардан безор инсонлар иттифоққа қўшилиш халқни монополлардан қутқаради деб ишонмоқдалар. Афсуски, иттифоқ бу муаммони баттар қилса қиладики, асло ҳал қилмайди. Биринчидан, иттифоққа киришда Ўзбекистон қўядиган талаблардан бири бу монополларнинг бизнесларига тегмаслик шарти бўлади. Иккинчидан, Иттифоққа аъзо давлатларнинг тузумига эътибор берсак, улар ҳам асосан монополлар ҳукмронлиги устига қурилган авторитар давлатлар эканлигига гувоҳ бўламиз. Агар Ўзбекистон иттифоққа кирадиган бўлса, ўзбек монополлари иттифоққа аъзо давлатлардаги монопол ҳамкорлари билан қайта топишадилар ва бир иттифоқ доирасида ишлай бошлайдилар. 

Халқнинг ҳиссиётлари, "жигарга яқин" муаммоси орқали иттифоқни фойдали қилиб кўрсатишга уринаётганлар "Меҳнат мигрантлари"ни мисол қилиб келтирмоқдалар. Гўёки, иттифоққа аъзо бўлинса, ўзбек фуқаролари Россияда бемалол ишлай оладиган ва рус полицияси дискриминациясига учрамайдиган бўладилар. Бу аргументнинг ғирт ёлғон эканлигини бир неча экспертлар, интернет ОАВ нашрлари мисоллар билан исботлаб бердилар. Биринчидан, иттифоққа кирилса, ўзбек мигрантлари аввалгидан кам пул тўлайдиган бўлмайдилар, аксинча улар патент ўрнига Россияда солиқ тўлай бошлайдилар. Иккинчидан, иттифоққа киргач қирғиз ва тожик меҳнат мигрантларининг аҳволи яхшилангани йўқ. Аксинча, иттифоқ доирасида улар учун яратилган мажбуриятлар рус иш берувчилари уларни эмас иттифоққа аъзо бўлмаган бошқа давлат фуқароларини ишга олишга ундамоқда. Агар иттифоққа кирилса, бу кун ўзбек мигрантларининг ҳам бошига тушиши мумкин. Энг ёмони, иттифоққа аъзо бўлгандан кейин ҳам рус полициясининг қирғиз ва тожикларга нисбатан дискриминацияси тўхтагани йўқ.

Энг асосий масала, ўзбек мутасаддиларининг ўзбек мигрантларини Россияда, Қозоғистонда қора ишларни қилишларига ёрдам беришлари ва улардан келадиган пулларга кўз тикишларидир. Улар аслида мигрантларнинг Россияга кетишларини ва ишлашлари ҳақида эмас, балки Ўзбекистонда ишлай олишлари ҳақида ўйлашлари керак. Чунки ёшларимиз қора ишларини қилишга эмас, балки ақлий меҳнатга, катта пул тўланадиган соҳаларга кўпроқ қизиқишлари керак. Масалан мен Россия раҳбарияти ўз фуқароларини Ўзбекистонга келиб ўзбекларнинг қора ишларини қилишларини, Тошкент кўчаларини супуришларини кўзлаб режалар қилишларини тасаввур қила олмайман. Ўз халқини мигрант бўлишини рағбатлантираман деб биров хўжайин иттифоққа кириш эса ақлга сиғмайдиган ташаббусдир.


Сўнгги эслатмалар 

Россия сиёсий ҳаётини кузатиб борадиган инсонлар у ерда юз бераётган сўнгги сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий янгиликлардан бохабар бўлсалар керак деб ўйлайман.

Сиёсий томондан, 2008 йилда президентликдан кетгиси келмасдан, ўрнига 4 йил давомида Дмитрий Медведевни қолдириб, 2012 йилда қайтиб келган Путин яна икки муддат президент бўлгач, "2022 йилда президентликдан кетадими ?" деган савол барчани ўйлантираётган эди. Чунки Путиннинг асли характерини тушуниб бўлган инсонлар, ҳатто русларнинг ўзлари ҳам у осонгина ҳокимиятдан кетишини тасаввур қила олмаётган эдилар. Саволнинг жавоби кўп куттирмади. У ҳокимиятда қолмоқчи экан.

Владимир Путин навбатдаги марта конституцияга ўзгартиришлар киритиб, ўзига ҳокимиятда истаганча қолиш ҳуқуқларини кафолатлаб олди. Эндиликда Россия ўз халқи олдида ишончни, легитимлигини йўқотган Путин билан узоқ йиллар давомида бирга ҳаёт кечиришига тўғри келади. Путинга эса ўз легитимлигини қабул қилдириш ва юртни бошқаришда қийинчиликларда дуч келмаслик учун навбатдаги "қаҳрамонликлар" керак бўлади. 2014 йилда бу қаҳрамонлик Кримнинг Россияга қўшиб олинишида намоён бўлган бўлса, эндиги эҳтимолий лойиҳалардан бири собиқ СССР ҳудудидаги республикаларни Россия қарамоғи остида қайта бирлаштирилиши бўлиши мумкин. Унинг илк "маданий" кўриниши ЕОИИни катталаштириш, жумладан унга Ўзбекистонни киритиш бўлади деб ўйлайман. 

Бу ишни уддалаш учун энди Путиннинг олдида бутун умри турганлигини ҳисобга олсак, бизнинг раҳбарларимизга сабр тилашимизга тўғри келади.

Иқтисодий томондан, Россия 2000 йилда нефт ва газ экспортига қандай қарам бўлган бўлса, 2020 йилда ҳам ўшандай қарам бўлиб қолмоқда. Россия ҳали ҳам Ғарб давлатларининг санкциялари остида яшаётганлиги, сўнгги пайтларда нефт нархининг кескин тушиб кетганлигини ҳисобга олсак, яқин, ўрта ва узоқ муддатларда Россиянинг ва ЕОИИнинг иқтисоди катта қийинчиликларга дуч келади деб таҳмин қилиш мумкин.

Ижтимоий томондан ҳам Россияда аҳвол яхши эмас. Миллий миқёсда маошларнинг пастлиги устига пенсия реформалари келгуси кекса авлодларнинг келажагини савол остига қўймоқда. Коронавирус пандемияси оқибатида кўплаб иш ўринлари ҳам йўқолишини таҳмин қилсак, бу рус аҳолиси орасида ижтимоий норозиликларнинг кучайишига ва чет эллик мигрантларга нисбатан нафратнинг кучайишига сабаб бўлиши мумкин.

Шундан келиб чиқиб, ҳозирги аҳволдан хабардор бўла туриб, ЕОИИга киришга интилиш мазахизм, ўз жонига жафо қилишдан бошқа нарса эмас деб ўйлайман. 


Хулоса

Биз тарихдаги ота-боболаримизнинг хатоларини эслаб, уларни тўғри қарор қилмаганликда айблашни қойиллатамиз. Мана, бугунги кунда олдимизда ота-боболаримизнинг олдида турган синовлар турибди. Энди биз ўзимиз нима қиламиз ? Яхши бўлиб кетиши умидида мустақиллигимизни гаровга қўйиб, иттифоққа қўшиламизми ёки вақт борида ақлимизни йиғиштириб оламизми ?

Шахсан мен учун Евроосиё иттифоқига қўшилиш тарихимиздаги навбатдаги энг катта хатолардан бири бўлади ва агар шу қарор оқибатида мустақиллигимизни йўқотадиган бўлсак, бу 70 йил давом этадими, 120 йилми ёки абадийми, буни айта олмайман. Ҳозирги Ўзбекистон яна қандайдир "миллий ёки иқтисодий чегараланишлар"га дуч келиб йўқ бўлиб кетмаслигига ҳам кафолат йўқ. Агар шундай бўлса, келгуси авлодлар Хоразмшоҳлар, хонлар ва бошқа даврлардаги хатоларни санаган пайтларида бизнинг давримизни ҳам санаб юрадилар деб қўрқаман. Ўз давлатидан айрилган уйғур биродарларимизнинг ёки ҳеч қачон ўз давлатига эга бўлмаган курдларнинг аҳволига қаранг. Бугун бизнинг давлатимиз, ҳудудларимиз, мустақиллигимиз бор. Агар худо кўрсатмасин тарихий хатолар билан улардан айриладиган бўлсак, ўз давлати йўқ халқларнинг аҳволига тушиб қолиш ҳам ҳеч гап эмас.

Шу сабабдан, мен барча зиёлиларимизни, юртимиз ва халқимиз тақдирига бефарқ бўлмаган барча инсонларни, журналистлару блогерларни жим турмасликка чақираман. Юртимизда кўп муаммолар бор. Газ, свет, йўл, маош, прописка ва ҳоказолар. Бу муаммолар бизнинг ички муаммоларимиз. Бир кун келиб орамиздан ақллироқ, виждонлироқ, абжирроқлари чиққанда бу муаммоларни ҳал қилаверади. Аммо тақдиримизни иттифоқ ҳал қиладиган бўлиб қолса, ҳозир Тошкентдан ҳал бўлаётган барча муаммолар Москвадан ҳал бўладиган бўлади. 

Мен ЕОИИга қарши эмасман. Унинг аъзолари билганларини қилаверсинлар. Мен Ўзбекистоннинг ватанпарвар фуқароси сифатида давлатимиз бу иттифоққа қўшилишига қаршиман ! Халқимизни ва раҳбарларимизни ҳам унга қўшилмасликка чорлайман! Чунки мен бу ташаббусни миллий манфаатларимизга зид ва навбатдаги тарихий хато деб биламан.

Яхшиси, келинглар нейтрал позициядаги мустақил давлат бўлиб қолайлик ! ЕОИИга аъзо давлатлар билан ҳам дўст-иноқ бўлиб қолаверамиз!



PS. Мақоладаги фиркларга далил бўладиган айрим ҳаволалар рўйхати :


1. Кризис ЕАЭС: почему не работают базовые принципы объединения

https://zolord.ru/%D0%BD%D0%BE%D0%B2%D0%BE%D1%81%D1%82%D0%B8/krizis-eaes-pochemu-ne-rabotayut-bazovyie-princzipyi-obedineniya?fbclid=IwAR1oiGNga8jBVuCDcJGUUWtrVTQy7pN8e7ZFoXUoOQUQCPDtAehRtQAfDZ4

2. Сооронбай Жээнбеков: Казахстан не выполняет условий соглашения ЕАЭС

https://kaktus.media/doc/405855_sooronbay_jeenbekov:_kazahstan_ne_vypolniaet_ysloviy_soglasheniia_eaes.html?fbclid=IwAR3vcdV_CQ_8QSUxRqhyU1bpqhRkdupU7foccdHH6h1XHMaUKlTYFBpiuiU


3. Разногласия в ЕАЭС: Минторг Казахстана хочет разбирательства против России

https://liter.kz/25960-2/?fbclid=IwAR3PeLOiUDBomV5UNvTpduGZDz3aqhSxmpevdLm-1w6Xj9lQuCGoxuM63tU


4. https://www.facebook.com/rozmetov.doniyor/posts/10222243976587675


5. Лукашенко: Россия не разрешает поставки нефти из Казахстана в Беларусь, но мы расширим лист поставщиков

https://www.currenttime.tv/a/belarus-oil-russia/30389112.html?fbclid=IwAR1sN52-1mSOgGk7WJVlaylT7RnYTXomTsJrouQcTtzsGtdsujEwV_BqBEA


6. Массовое избиение кыргызских мигрантов российской полицией вызвало негодование

https://central.asia-news.com/ru/articles/cnmi_ca/features/2019/12/19/feature-01?fbclid=IwAR1EQZHU9quibJ9nlYfwbU04XpgbLdORfHFvOp0VsDzBk3DJ0TXOum7f4e0

Report Page