“Media start” лойиҳаси НИЗОМИ
@mediastartuzbot“Media start” лойиҳаси”нининг НИЗОМИ
1. Умумий қоидалар
1.1. Мазкур Низом аҳолининг медиа саводхонлигини ошириш, Ўзбекистон ва бутун дунёда бўлаётган воқеа-ҳодисаларни холис ва ҳаққоний ёритиш, соғлом фикрли журналист ва блогерларни қўллаб-қувватлаш, блогерлик фаолиятига қизиққан ёшларга ҳар томонлама кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган – “Media start” лойиҳасининг (кейинги ўринларда – Лойиҳа) амалга ошириш механизми ва тартиб-таомилларини белгилайди.
2. Лойиҳанинг мақсад ва вазифалари
2.1. Лойиҳанинг асосий мақсади қуйидагилардан иборат:
блогерлик фаолиятига қизиқувчи ёшларни бепул ўқитиш;
ўқишни муваффақиятли тамомлаган ёшларнинг соҳа бўйича лойиҳаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва зарур техникалар билан таъминлаш;
мутахассисларни иш билан таъминланишига ва блогерлик фаолияти орқали даромад топишига кўмаклашиш;
миллий медиа майдонда сифатли ва ижобий контент ишлаб чиқаришни рағбатлантириш.
2.2. Лойиҳанинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
блогерлик фаолияти бўйича назарий ва амалий ўқув курсларини ташкил этиш;
ижтимоий тармоқлар, замонавий дастурлар ва технологиялардан фойдаланиш кўникмаларини ўргатиш;
Ўзбекистон ва бутун дунёда бўлаётган воқеа-ҳодисаларни холис ва ҳаққоний ёритишни ўргатиш, фактчекинг кўникмаларини шакллантириш;
соғлом фикрли журналист ва блогерларни қўллаб-қувватлаш, блогерлик фаолиятига қизиққан ёшларга ҳар томонлама кўмаклашиш.
3. Тингловчиларга қўйиладиган талаблар
3.1. Лойиҳада 18 – 30 ёшдаги, блогерлик фаолиятига қизиқувчи, Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган олий ўқув юрти талабалари иштирок этишлари мумкин.
Лойиҳа Тошкент шаҳрида ташкил этилади (тингловчи Тошкент шаҳрида яшаши ёхуд ҳар куни Тошкент шаҳрига қатнай олиш имкониятига эга бўлиши талаб этилади).
3.2. Тингловчиларга ўз соҳаси бўйича билим ва кўникмаларга эгалиги, ижтимоий тармоқларда фаолият юритишга қизиқиши, ижодий ва креатив фикрлаши устуворлик беради.
3.3. Номзод тингловчиликка қабул қилингандан кейин лойиҳанинг ўқув курслари, йиғилишлари ва амалий тадбирларда мунтазам иштирок этиши лозим.
Қўшимча талаб ва афзалликлар:
Тингловчилар ижодкорликка мойил, янгича фикрлай олиш, жамоада ишлаш ва мулоқот қилиш кўникмаларига эга бўлиши;
Замонавий рақамли технологиялардан (смартфон, ноутбук, ижтимоий тармоқ платформалари, фото ва видео муҳаррир дастурлари) фойдаланиш бўйича асосий кўникмаларнинг мавжудлиги (қўшимча устунлик сифатида қабул қилинади);.
Ахборот билан ишлаш, таҳлил қилиш ва қисқа ҳамда аниқ ифода қила олиш, ижтимоий тармоқларда ишлаш тажрибасига эга бўлиш, шахсий блог ёки ижодий ишлардан намуна тақдим этиш номзод учун афзаллик сифатида қаралади;
Давлат тилида иш юрита олиш, рус ва инглиз тилларида эркин мулоқот қилиш (тингловчи учун халқаро ҳамкорлик соҳасида иштирок этиш учун устуворлик сифатида қабул қилинади).
3.4. Лойиҳа жараёнида тингловчиларнинг масъулиятли бўлиши, интизомга риоя қилиши ва ўз устида ишлашга тайёр бўлиши талаб этилади.
4. Тингловчиликка номзодларни танлаш тартиби
4.1. Тингловчиликка талабгорлар бўлган шахслар “Media start” лойиҳаси”да иштирок этишни истаган тақдирда эълон қилинган “Mediastartuzbot” (@mediastartuzbot) телеграм боти орқали рўйхатдан ўтади ва қуйидаги маълумотларни киритади ва бу билан ўзларининг шахсга доир маълумотларини амалдаги қонунчилик талабларига кўра йиғиш ва сақлашга розилик берган ҳисобланади:
- исм-фамилияси, отасининг исми;
- туғилган санаси;
- туғилган жойи;
- яшаш манзили;
- фотосурат (9х12 ҳажм, JPEG форматда);
- таҳсил олаётган таълим муассасаси;
- соҳа бўйича олган сертификат, дипломлари (агар мавжуд бўлса);
- ижодий ишларидан намуна/портфолио (агар мавжуд бўлса);
- алоқа учун телефон рақами ва бошқалар.
4.2. Тингловчилар мазкур Низом бўйича рўйхатдан ўтиш жараёнида киритган маълумотлари асосида танлаб олинади ҳамда оғзаки ва ижодий имтиҳондан оффлайн тарзда ўтказилиб, “Media start” лойиҳаси”да иштирок этиш келишувини имзолагандан сўнг тингловчилига айланади.
Рўйхатдан ўтиш учун: @mediastartuzbot