Медиа соҳасидаги германиялик мутахассис “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази таклифига кўра Ўзбекистонга келди. 

Медиа соҳасидаги германиялик мутахассис “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази таклифига кўра Ўзбекистонга келди. 

@Oilamarkazi


Немис иқтисодиёти ва халқаро ҳамкорлик фондининг Бош экспертлар хизмати (SES) эксперти, фалсафа фанлари доктори, сиёсатшунос ва олим Юрген Вермзер жорий йилнинг 11 февралига қадар Тошкент, Фарғона ва Бухоро шаҳарларида бўлиб, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ходимлари, журналистика соҳасида таълим олаётган ёшлар, магистрантлар, илмий тадқиқотчилар, шунингдек, оила масаласини ёритишга ихтисослашган оммавий ахборот воситалари ходимлари, блогерлар билан учрашади. Ташриф доирасида у бир қатор давра суҳбатлари, семинар-тренинглар ҳамда маҳорат дарсларини ўтказади.

Дастлаб германиялик мутахассис “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази директори Дилором Тошмуҳамедова ҳамда муассасанинг бир гуруҳ ходимлари билан учрашди.


Мулоқот чоғида Д.Тошмуҳамедова Ўзбекистонда минг йиллик тарихий илдизларга эга оилавий қадриятларни сақлаш, оила институтининг жамият ривожидаги ролини мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратилаётганини, аслида бундай олижаноб мақсадга миллатимиз ҳамиша интилиб келганини таъкидлади.

— Бу жиҳатдан кўпгина давлатлар, ҳатто ривожланган мамлакатлар биздан ўрнак олса арзийди, — қайд этди Д.Тошмуҳамедова. — Афсуски, бугунги глобаллашув жараёнида оилавий қадриятларимиз завол топмоқда Бундай салбий ҳолатни бартараф этиш — бош вазифамиз. Шу боис марказимизда оила муаммолари тизимли равишда ўрганиляпти ҳамда уларга илмий асосланган ечим топишга ҳаракат қилинмоқда. Аммо биз олиб бораётган илмий тадқиқотлар натижаларини оммалаштириш, улар қандай тенденцияларни намоён этаётганини кенг жамоатчиликка маълум қилиш, муҳими, бу ҳақда содда, хақчил тилда гапириш керак. Мана шу нуқтаи назардан етакчи хорижий мутахассислар масалакасидан фойдаланишга қарор қилдик.

Ўз навбатида жаноб Юрген Вермзер ўзбекистонлик медиа соҳаси вакиллари, жамоатчилик билан алоқалар бўйича мутахассислар ҳамда олимлар билан бевосита танишиб, ўзаро мулоқот қилиш ва фикр алмашиш имкониятини тақдим этгани учун “Оила” марказига самимий миннатдорлигини билдирди.

— Ўзбекистонга келганимдан жуда хурсандман, — деди меҳмон. — Бу юрт, айниқса, унинг Самарқанд, Бухорога ўхшаш донғи етти иқлимга кетган кўҳна шаҳарлари ҳақида германияликлар кўп эшитган. Ўйлайманки, сафарим самарасиз кечмайди. Уч ҳафта мобайнида ҳамкасбларим билан журналистик фаолиятим давомида орттирган билим ва тажрибамни тўкис бўлиша оламан.

Ташриф доирасида Ю.Вермзер “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказининг ҳудудий бўлимлари ҳамда Паркент туманидаги Келин-куёвлар инновацион мактаби фаолияти билан танишади. Шунингдек, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети, Халқаро пресс-клуб, “Севимли” телеканалида учрашувлар ўтказади. Қолаверса, жорий йилнинг 1 февраль куни хотин-қизлар ва оила масалаларига доир ўтказиладиган йирик медиа анжуманда қатнашади.


Олмон мутахассиси иштирокидаги дастлабки тренинг машғулоти бугун — 23 январь куни пойтахтимиздаги “Гранд Орзу” меҳмонхонасида бўлиб ўтмоқда. Тадбирга “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказининг жамоатчилик билан ишлашга масъул бўлган бир гуруҳ ходимлари, шунингдек, талаба ва магистрантлар жалб қилинган. Улар PR-хизмати ишини самарали ташкил этиш, инқирозли коммуникация менежменти, ОАВ билан муносабатларни мустаҳкамлаш санъати бўйича билим ва кўникмаларни ўзлаштиради.

“Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази 

Матбуот хизмати


Report Page