Медиаҳамжамият: аҳоли медиасаводхонлигини ошириш ва ўзини ўзи бошқариш асосида ривожлантириш

Медиаҳамжамият: аҳоли медиасаводхонлигини ошириш ва ўзини ўзи бошқариш асосида ривожлантириш

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати

Бугунги кунда Ҳаракатлар стратегияси доирасида барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли трансформация жараёнларида аҳоли ва жаҳон ҳамжамиятига мамлакатдаги воқеалар ва жараёнлар ҳақида объектив ва ишончли маълумотларни етказиш муҳим ҳисобланади. “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати жамиятдаги ахборот очиқлигини таъминлаш, миллий ахборот маконининг жадал ривожланиши жараёнларини ёқлайди ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдиради.

Мамлакатимизда жамоатчилик фикрини шакллантириш ҳамда хорижда Ўзбекистоннинг ижобий имижини янада оширишда медиа тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Бугун улар ҳукумат ва халқ ўртасидаги очиқ мулоқот, долзарб ва резонансли масалаларни муҳокама қилиш майдонига айланмоқда.

Шунга қарамай, сўнгги пайтларда журналистлар фаолиятига тўсқинлик қилиш ҳолатлари, шу жумладан уларнинг очиқ суд мажлисларида қатнашиш, давлат идораларидан маълумот олиш жараёнларида турли қийинчиликларга учраётганликлари кузатилмоқда. ОАВ вакиллари фаолияти учун ҳуқуқий кафолатлар мавжуд бўлишига қарамай, баъзи давлат идоралари ҳанузгача ОАВ ва блогерлар билан очиқ ва конструктив мулоқотга тайёр эмаслар.

Кўп жиҳатдан, блогерларнинг фаол фуқаролик позициялари, алоҳида веб-нашрлар, ижтимоий тармоқларнинг минглаб фойдаланувчилари самараси ўлароқ бир қатор резонансли вазиятларни, хусусан — куннинг ёруғ пайтида ҳам автомобильнинг яқинни ёритувчи чироқларини ёқиб юриш, “тонировка”ни чеклаш, умумий ўрта таълим муассасаларига қабулнинг янги тартибини жорий қилиш, уй-жой ва кўчмас мулкларнинг ноқонуний бузилиши каби масалалар юзасидан мақбул қарорлар қабул қилишга эришилди. Натижада, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг мулк ҳуқуқи кафолатланишини сўзсиз таъминлаш бўйича муҳим қарорлар қабул қилинди.

Бу каби мисоллар шундан далолат берадики, фуқароларнинг фикрлари ва конструктив таклифлари, гарчи улар ОАВ ёки ижтимоий тармоқлар орқали билдирилган бўлса ҳам, инобатга олинмоқда ва шу билан аҳолининг давлат ва жамият бошқарувидаги иштироки таъминланмоқда.

Бироқ, танганинг иккинчи томони ҳам мавжуд. Тармоқда ўз фикрларини очиқ билдиришга, янги ташаббуслар ва ғояларни таклиф этишга тайёр бўлган фуқаролар билан бир қаторда, майдонга “тролл” деб аталувчи аккаунтлар тобора фаолроқ чиқмоқда. Улар сохта исмлар ортида яшириниб, икки маъноли постлар ёки уйдирма, ёлғон ахборотлар тарқатиб, жамоатчилик онгини бузишга ҳаракат қиладилар. Изоҳларда, аксарият ҳолларда, этика қоидаларига риоя этмай, одамлар шахсиятига тегувчи сўзлардан фойдаланиб, уларни обрўсизлантиришга ёки адоват қўзғашга ҳаракат қиладилар.

Қизиғи, сохта аккаунтларга энг кўп кўрилган хабарлар рўйхатида юқорилаш учун сезиларли даражада камроқ вақт талаб этилади. Ёлғон ахборот сабабли тармоқ фойдаланувчилари хабарни тезроқ бошқаларга ҳам тарқатишга ҳаракат қиладилар. Бундай ҳолатлар натижасида давлат идораларига нисбатан ишончнинг пасайишига, турли миш-мишлар, нотўғри фикрларнинг пайдо бўлишига олиб келади.

Медиа оламида биринчи бўлиш устуворлиги мавжуд бўлиб: ким биринчи маълумот тақдим этса, якунда шу ҳақ бўлиб чиқади. Агар фейк ахборот кетидан расмий раддия билдирилса ҳам, бу вазиятнинг ижобий томонга ўзгаришини кафолатламайди. Ушбу баҳсда рационал аргументлар ҳиссий стереотипларга ютқазадилар.

Қасддан нотўғри маълумотларнинг тарқалиши ҳар қандай жамият учун хавфдир. Бундай хатти-ҳаракатлар, шу жумладан туҳмат, ҳақорат учун фуқаролик, маъмурий ва жиноий жавобгарлик шакллари белгиланади.

Ушбу соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва қонунчиликни такомиллаштириш, шу жумладан, алоҳида тартиблар бўйича аниқлик киритиш ва унификациялаш, уларнинг халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқлигини таъминлаш масаласи ҳамон очиқлигича қолмоқда.

Жумладан, 2019 йилнинг февралида Буюк Британиянинг Халқаро сўз ва ахборот эркинлигини қўллаб-қувватловчи “ARTICLE 19” ташкилоти “Журналистик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ҳамда “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ҳуқуқий жиҳатдан олиб борган таҳлил натижаларини эълон қилди.

“ARTICLE 19” ташкилоти экспертларининг таъкидлашича, ахборот олиш ҳуқуқи нафақат ОАВ вакилларига, балки барча учун кафолатланган бўлиши керак. “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунда журналистларнинг маълумот олиш ҳуқуқи ҳимояси умуман жамоатчиликнинг маълумот олиш ҳуқуқи ҳимоясидан фарқ қилиши ёки қилмаслиги кўрсатилмаган. Шунга кўра, журналистлар ҳамда жамоатчиликнинг ахборот олиш ҳуқуқи субъекти сифатида турлича имкониятга эгалиги бўйича фарқланиши асоси мавжуд эмас.

Ташкилот фикрига кўра, қонунда фуқароларнинг “шахсий ҳаётига аралашиш” аниқ белгиланмаган ва ундан давлат хизматчиларининг даромадлари, мулкка эгалик ҳуқуқи, харажатлар ва жамият манфаатларига дахлдор бошқа масалалар тўғрисидаги маълумотларини ошкор қилишдан ҳимоя қилиш учун фойдаланиш мумкин.

Ахборот асрининг муаммоларига қандай қаршилик кўрсатиш мумкин? “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати шахсий веб-ресурсларни тақиқлаш ва блоклаш орқали муаммони ҳал қилиб бўлмайди, деб ҳисоблайди.

Янгиликлар истеъмолчисида танқидий фикрлаш, танқидий ёндашувни шакллантириш, аҳолини маълумотларни текшириш механизмларига — факт-чекингга ўргатиш лозим. Цензура ўрнатишдан кўра, фуқароларнинг медиасаводхонлиги ва хабардорлигини ошириш мақсадга мувофиқ.

Давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлиги, улар томонидан тақдим этилаётган маълумотларни текшириш имконияти муҳимдир. Агар аҳоли ҳокимият органлари маълумотларига ишонмаса, демак расмий манбаларнинг шаффофлиги билан боғлиқ муаммолар мавжуд. Бунда давлат тузилмаларининг матбуот хизматлари асосий роль ўйнайди.

Рақобатбардош медиабозорни ривожлантириш зарур. Ахборот истеъмолчиси ўзи учун тўғри бўлган маълумотни ўзи танлаши керак. Сўнгги пайтларда Ўзбекистонда қатор хорижий оммавий ахборот воситаларига нисбатан бўлган чекловлар олиб ташланди, бу эса маҳаллий бозорда рақобатни янада кучайишига олиб келади. Рақобат муҳитида медиа маҳсулотларнинг сифати ҳам ошади.

Жамиятда сифатли таҳлил ва ўринли танқидга эга бўлган журналистикага бўлган талаб ортиб бораверади. Ўз навбатида, айниқса ҳудудларда кадрлар билан боғлиқ масалалар кун тартибига чиқади. Шу муносабат билан, бугунги кунда ҳудудларда журналистика ва жамоатчилик билан алоқалар бўйича факультетларни очиш, мавжуд медиажамоалар ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш курсларини ташкил этиш масалаларини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқдир. Бу, айниқса, Президентимизнинг 2019 йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси фонида ўта долзарб.

Шу билан бирга, таъсисчилари давлат идоралари, шу жумладан маҳаллий ҳокимликлар бўлган босма ОАВлар билан боғлиқ вазият ноаниқлигича қолмоқда. Уларнинг фаолияти ва у билан боғлиқ қонунчиликнинг қайта кўриб чиқилиши муҳимдир. Ушбу нашрлар ҳокимлик ва маҳаллий Кенгашлар томонидан кўриб чиқилаётган ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти, ислоҳотлар ва ҳудудий дастурларнинг амалга оширилишининг бориши тўғрисида фуқароларни хабардор қилиш жиҳатдан муҳим вазифаларни бажаради.

Жаҳон амалиёти шуни кўрсатадики, медиа соҳаси учун қатъий чегаралар ўрнатиш керак эмас. Ўзини ўзи бошқариш модели босма ва интернет ОАВларни тартибга солиш учун энг афзал ҳисобланади. ОАВ учун ахлоқий меъёрларни ишлаб чиқиш ва уларга риоя қилиш масаласини соҳа ихтиёрида қолдириш лозим. Мисол учун, бунга ҳар қандай ОАВ иштирок этиши мумкин бўлган, давлатдан мустақил ҳисобланувчи медиакенгашларни ташкил этиш орқали эришиш мумкин. Уларнинг вазифаси касбий ва ахлоқий меъёрларни жорий этиш, шунингдек, ушбу стандартларга риоя этилиши билан боғлиқ шикоятларни кўриб чиқиш ҳисобланади.

Касбнинг аудитория олдидаги жавобгарлигини қатъий англашга асосланган Журналист этикаси институти миллий қонунчилик билан мустаҳкамланган. Куни кеча Ўзбекистон журналистлари уюшмаси томонидан ташкил этилган анжуман доирасида Журналистлар профессионал этикаси кодекси қабул қилинди. Бироқ, унинг самарадорлиги ва ижро механизмларининг амалиётга мослиги масаласи очиқ қолмоқда.

Бундан ташқари, ушбу соҳада Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрнини ошишига тўсқинлик қилаётган омилларни ҳам таҳлил қилиш лозим. Хусусан, жорий йилнинг апрелида “Чегара билмас мухбирлар” халқаро нодавлат ташкилоти (Reporters sans frontières, RSF) томонидан эълон қилинган рейтингда Ўзбекистон беш поғона юқорилаб, 160-ўринни эгаллагани маълум бўлди. Бироқ, вазият ҳали ҳамон “ёмон” деб баҳоланмоқда. Ташкилот ҳисоботида қайд этилишича, назорат, цензура ва ўз-ўзини чеклаш каби ҳолатлар ҳалигача мавжуд бўлиб, расмийларнинг ОАВларни сезиларли даражада назорат қилиши сақланиб қолмоқда.

Юқоридагилар Ўзбекистонда фикр эркинлигини таъминлаш соҳасида бир қатор муаммолар ва камчиликлар борлигидан далолат беради. Бу барча томонлар иштирокида батафсил ўрганиш ва муҳокама қилишни талаб этадиган долзарб масала. “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ушбу масалани мамлакат парламенти даражасида амалга ошириш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайди. Хусусан, давлат сектори, медиаҳамжамият, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, экспертлар ва кенг жамоатчилик иштирокида мамлакатда сўз эркинлигини таъминлаш, журналистнинг профессионал фаолиятини ҳимоя қилиш, шунингдек, ушбу соҳадаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларнинг бажарилиши юзасидан парламент эшитувини ташкил этиш лозим.

Таклиф этилаётган парламент эшитуви давомида вояга етмаганлар учун ноқонуний контент тарқалишига қарши курашишга алоҳида эътибор қаратилишига умид билдирамиз. Физиологик ва психологик ривожланишнинг ўзига хос хусусиятлари сабабли улар турли хил манипуляцияларга осонгина ишониб, Интернетда бузғунчи маълумотлар қурбонига айланишлари мумкин.

Биз парламент ва ҳукуматдан “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги, “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги, “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги, “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ва бошқа Ўзбекистон Республикаси қонунларини самарали қўллаш амалиётининг аниқ дастурини шакллантиришларини кутиб қоламиз.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати


Report Page