Меҳнат қонунчилигидаги “оқ доғлар” 

Меҳнат қонунчилигидаги “оқ доғлар” 


Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 23-моддасига кўра, ҳар бир инсон меҳнат қилиш, ишни эркин танлаш, адолатли ва қулай иш шароитига эга бўлиш ва ишсизликдан ҳимоя қилиниш ҳуқуқига эга.

Шунингдек, ҳар бир инсон ҳеч бир камситишсиз тенг меҳнат учун тенг ҳақ олиш ҳуқуқига, ҳар бир ишловчи киши ўзи ва оиласи учун инсонга муносиб яшашни таъминлайдиган адолатли ва қониқарли даромад олишга, зарур бўлганда ижтимоий таъминотнинг бошқа воситалари билан тўлдирилувчи даромад олиш ҳуқуқига эгадир.

Мазкур принциплар Ўзбекистон Республикаси Консутитуцияси ва Меҳнат кодексида ўз аксини топган.

Меҳнатга оид қонун ҳужжатлари халқаро-ҳуқуқий нормаларга асосан ишлаб чиқилган бўлсада, миллий меҳнат қонунчилигимизда бир қатор камчиликлар мавжуд ва такомиллаштиришни тақозо этади.

Холбуки, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар нормалари халқаро шартномалар нормаларига, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифаларига зид бўлмаслиги, коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларни содир этишга шарт-шароит яратувчи, шунингдек фуқаролар учун ортиқча маъмурий ва бошқа чекловларни жорий этувчи қоидалардан иборат бўлмаслиги лозим.

Шундай бўлсада, меҳнат қонунчилигидаги баъзи бир нормалар коррупциянинг вужудга келишига ва фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилик принципларини бузилишига замин яратмоқда.

Жумладан, Меҳнат кодекси 100-моддаси иккинчи қисмининг 7-бандига асосан ходимнинг пенсия ёшига тўлганлиги, қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи мавжуд бўлганда иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш мумкинлиги белгиланган. Демак, иш берувчи пенсия ёшига етган ходим билан хоҳласа меҳнат шартномасини бекор қилиши ёки уларнинг баъзиларини ишда қолдириши мумкин. 

Амалиётда бу ҳолат фуқароларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда. Иш берувчи пенсия ёшига етиши муносабати билан ўзи истаган баъзи ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиши ёки бошқа бир ходимни ишда қолдириши натижасида устунлик бериш орқали тенг ҳуқуқлилик принципининг бузилишига ва дискриминацияни вужудга келишига сабаб бўлмоқда. Шу билан бирга, демократик давлат ва фуқаролик жамиятини қуришга тўсқинлик қилаётган қариндош-уруғчилик ва маҳаллийчилик каби иллатларнинг илдиз отишига кўмаклашмоқда.

Холбуки, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 141-моддасига асосан жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, фуқароларнинг ҳуқуқларини бевосита ёки билвосита бузиш ёки чеклаш ёхуд фуқароларга бевосита ёки билвосита афзалликлар бериш - базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваригача миқдорида жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади. 

Адлия бошқармаси амалиётида фуқаро Б.У.нинг Молия институти раҳбарияти томонидан пенсия ёшига етганлиги муносабти билан у билан тузилган меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси иккинчи қисми 7-бандига асосан бекор қилинганлиги бўйича йўллаган мурожаати ўрганиб чиқилганда, ариза муаллифи соҳага оид кўплаб дарсликлар, илмий- амалий мақолалар муаллифи эканлиги, иқтисод фанлари номзоди, доцент бўлишига қарамай, у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган, бироқ бошқа пенсия ёшига етган билим салоҳияти пастроқ илмий даражага эга бўлмаган ходим эса ишда қолдирилганлиги маълум бўлган.

 Мазкур ҳолатда иш берувчининг ҳаракатларида ва умуман олганда кодекснинг ушбу моддасида на мантиқ ва на маъно бор. Меҳнат унумдорлиги ва билим салоҳияти паст, бироқ иш берувчининг “таниши” бўлган ходимларни ишда қолдиришдан ташкилот ва муассасаларга, қолаверса бу жамият ва келажак авлодга нима фойда?   

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 мартдаги “Хотин-қизлар меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-табирлар тўғрисида”ги ПҚ-4235-сон Қарорининг 1-бандига кўра, 2019 йил 1 майдан бошлаб аёлларнинг пенсия ёшига тўлганлиги ёки қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи вужудга келганлиги сабабли улар билан тузилган номуайян муддатли меҳнат шартномасини 60 ёшга тўлгунга қадар ёки муддатли меҳнат шартномасини муддати тугагунга қадар иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш тақиқланади.

Меҳнат ҳуқуқларини кафолатловчи ушбу қарор хотин-қизлар учун чинакам совға бўлди ва янги умид ҳамда ишонч учқунларини уйғотди. 

Аммо, ҳуқуқшунос сифатида масаланинг иккинчи, оғриқли томонини эслатиб ўтишим лозим.

“Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуннинг 16-моддасига кўра, турли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг юридик кучи бўйича ўзаро нисбати Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилган органларнинг ваколатига ва мақомига, ушбу ҳужжатларнинг турларига, шунингдек норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган санага мувофиқ белгиланади.

       Норматив-ҳуқуқий ҳужжат ўзига нисбатан юқори юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ бўлиши шарт.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўртасида тафовут бўлган тақдирда юқори юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжат қўлланилади.

Демак, содда қилиб тушунтирадиган бўлсам, Меҳнат кодексининг 100-моддаси иккинчи қисми 7-бандига бу борада ҳеч қандай ўзгартириш киритилмаган ва иш берувчининг пенсия ёшига етган ходим билан тузилган меҳнат шартномани бекор қилиш ваколати мавжуд, Меҳнат кодекси эса Президент қарорига нисбатан юқори юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжат бўлганлиги сабабли, амалиётда 60 ёшга тўлмаган аёллар билан тузилган меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинган тақдирда, ҳатто суд органлари ҳам бу нормани инобатга олмаслиги мумкин.

Меҳнат муносабатлари соҳасидаги яна бир долзарб муаммолардан бири - Меҳнат кодекси 100-моддаси иккинчи қисмининг 1-банди, яъни технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги муносабати билан тузилган меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишини ҳисобланади.

Амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида кўплаб ташкилот ва идораларда штатлар сони қисқариши, ташкилотлар тугатилиши ёки қайта ташкил этилиши натижасида юзлаб, минглаб ходимлар ишсиз қолмоқда.

Меҳнат кодексининг 102-моддасига кўра, бу вазиятда иш берувчи ходимни камида икки ой олдин ёзма равишда огоҳлантириши шарт.

Бироқ, бу муддат давомида ходим ўзига янги иш жой топиши амру маҳол бўлиб, натижада кўплаб оилаларнинг даромадсиз қолишига ва фуқароларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда. Бу масалалар ғарб мамалакатлари қонунчилигида бироз бошқачароқ тартибга солинган бўлиб, баъзи ҳолларда имтиёзлар берилган. 

Хусусан, Германия федератив республикасида ягона тизимлаштирилган меҳнат кодекси мавжуд эмас, меҳнат муносабатлари эса Фуқаролик кодекси ва қуйидаги бир қатор қонунлар билан тартибга солинади:

-        “Меҳнат шартномаси бекор қилинишидан ҳимояланиш тўғрисида”ги ;

-        “Оналикни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги;

-        “Меҳнат таътили бериш тўғрисида”ги;

-        “Иш вақтининг давомийлиги тўғрисида”ги;

-        “Пенсия ёши арафасидаги шахсларнинг қисман бандлиги тўғрисида”ги; 

-         “Маълум бир соҳаларда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорини белгилаш тўғрисида”ги;

-        “Меҳнатни маҳофаза қилиш тўғрисида”ги;

-        “Баъзи бир шахслар тоифаларининг иш жойлари сақланиши тўғрисида”ги;

-        “Байрам кунлари ва меҳнатга лаёқатсиз даврида ишлаган кунлар учун ҳақ тўлаш тартиби тўғрисида”ги;

-        “Тенг муносабатда бўлиш ҳуқуқи тўғрисида”ги;

-        “Уй меҳнати тўғрисида”ги ва бошқа бир қатор Қонунлар.

Германия федератив республикаси қонунчилигига кўра, иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда, огоҳлантириш муддати ходимнинг иш стажига қараб узайтирилади.

Жумладан мазкур ташкилотда узлуксиз 2-5 йил иш стажига эга бўлган ходимлар 1 ой, 5-8 йил иш стажига эга бўлганда 2 ой, 8-10 йил иш стажига эга бўлганда 3 ой, 10-12 йил иш стажига эга бўлганда 4-ой, 12-15 йил иш стажига эга бўлганда 5 ой, 15-20 йил иш стажига эга ходимлар 6-ой, 20 йилдан ортиқ иш стажига эга бўлганлар эса 7 ой олдин огоҳлантирилади.

Меҳнат кодексининг 100-модда иккинчи қисми 4-бандига кўра, ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузганлиги у билан тузилган меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга асос ҳисобланади.

Ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга олиб келиши мумкин бўлган меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузишларнинг рўйхати:

ички меҳнат тартиби қоидалари;

корхона мулкдори билан корхона раҳбари ўртасида тузилган меҳнат шартномаси;

айрим тоифадаги ходимларга нисбатан қўлланиладиган интизом ҳақидаги низом ва уставлар билан белгиланиши кўрсатилган.

Лекин гап шундаки, корхона ва ташкилотларда ходимлар ички меҳнат тартиби қоидаси билан аксарият ҳолларда таништирилмаган ва ходим фаолият юритаётган ташкилотда меҳнат интизомини бир марта қўпол равишда бузиш нималардан иборат эканлиги ҳақида маълумотга эга эмас.

Шунга кўра, ушбу ҳолатлар Меҳнат кодексида аниқ белгилаб қўйилса мақсадга мувофиқ бўлади.

Россия федерацияси, Қозоғистон ва Беларус республикалари Меҳнат кодексларида меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузишга  нималар кириши аниқ белгиланган.

Шунингдек, Меҳнат кодексида масофадан туриб ишлаш тартиби, унга қўйиладиган талаблар ҳақида норма мавжуд эмас. Бироқ, жорий йил коронавирус пандемияси даврида бутун дунё мамлакатлари ушбу иш тизимига ўтишга эҳтиёж сезди.

 Масофавий ишлаш тизими бўйича Меҳнат кодексида ҳуқуқий асослар мавжуд бўлмаганлиги туфайли, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2020 йил 28 мартда 3228-сон билан рўйхатдан ўтказилган Карантинга оид чоралар амал қилиш даврида ходимларни масофавий иш усулида, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлашга ўтказишнинг вақтинчалик тартиби тўғрисида низомга асосан ушбу муносабатлар тартибга солинмоқда.

Аммо, МДҲ давлатлари жумладан Россия федерацияси, Қозоғистон Республикаси меҳнат қонунчилигини такомиллаштириб, масофавий ишлашнинг ҳуқуқий асосини Меҳнат кодексига жорий йил май ойида киритишга улгурди.


Тошкент шаҳар адлия бошқармаси
масъул ходими
Мавлуда Бобораимова



Report Page