Маҳаллада тарғибот тадбири

Маҳаллада тарғибот тадбири


Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан Тошкент вилоят суди ва вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари ҳамкорлигида Тошкент вилоятидаги жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар сони ортган ҳудудларда уларни келиб чиқиши ва содир этилишининг сабаб ва шароитларини ўрганиш ва таҳлил қилиш мақсадида манзилли тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда. Ана шундай тадбир Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманидаги «Фаровон» маҳалласида бўлиб ўтди. Унда Олий суд раисининг ўринбосари Х.Тўрахўжаев, вилоят суди раиси Д.Таджибаев ва туман суди раиси Х.Хотамовлар иштирок этди. 


Тумандаги “Фаровон”, “Янги турмуш”, “Йўнғичқоли” Гулобод маҳалла фуқаролари, раис ва ўринбосарлари, туман Агросаноат ва транспорт касб-ҳунар мактаби жамоаси ва ўқувчилари таклиф этилган, тадбирда бугунги кунда республикамизда жиноят ва ҳуқуқбузарликларга қарши кураш, унинг олдини олиш мақсадида олиб борилаётган ишлар хусусида маълумот берилди. Шунинг баробарида жиноятларнинг айрим турлари ортган ҳудудларда аҳоли бандлиги ёки тирикчилик манбаига эга бўлиш чораларини кўриш, уларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш масалаларидаги ишларни жонлантириш лозимлиги таъкидланди. Жумладан, таҳлилларга кўра, Ўртачирчиқ туманида йўл транспорт ҳодисаси билан боғлиқ жиноятлар сони ортгани, бунинг оқибатида аянчли ўлим ҳолатлари қайд этилгани таъкидланди. Бундан ташқари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, профилактика инспекторлари, фуқаролар йиғинларида фаолият кўрсатаётган комиссиялар масъулиятини ошириш, хусусан, жазони ижро этиш муассасаларидан қайтиб келган шахсларнинг реабилитацияси бўйича ишларни қатъий назоратга олиш кераклигига урғу берилди. Тадбир якунида бу борадаги нохуш ҳолатларнинг олдини олиш бўйича иштирокчилар томонидан ҳам муҳим таклиф ва мулоҳазалар ўртага ташланди.



Тошкент вилоят суди
Жамоатчилик ва оммавий ахборот
воситалари билан алоқалар бўлими


Report Page