"Маҳалла" хайрия жамоат фондининг 2021 йилдаги фаолияти таҳлили ва устувор вазифалар 

 "Маҳалла" хайрия жамоат фондининг 2021 йилдаги фаолияти таҳлили ва устувор вазифалар 

https://t.me/aoka_uz

Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни манзилли қўллаб-қувватлашга 1,5 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарф этилди. Яна шунча маблағ боқувчисини йўқотган, вояга етмаган етимлар, якка-ёлғиз қариялар, ногиронлар ҳамда табиий офатлардан азият чеккан юртдошларимизга молиявий ёрдам кўрсатишга йўналтирилди. Жумладан, 58 нафар фуқарога ногиронлик аравачалари, 49 нафар фуқарога эса эшитиш ва ортопедик мосламалар олиб берилди. 5 мингдан зиёд аҳолига кийим-кечак, 4 мингга яқинига эса озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Шунингдек, 3 минг нафар фуқарога нақд пул кўринишидаги моддий ёрдамлар кўрсатилди.

Дарвоқе, фондимиз кам таъминланган оилаларни иссиқ кийим-кечаклар билан таъминлаш масаласига ҳам алоҳида ёндашиб келмоқда. Ўтган бир йилда “Мурувват” ва “Саховат” уйларида яшовчи ватандошларимиз ҳамда эҳтиёжманд аҳоли қатламига салкам 1 миллиард сўмлик кийим-кечак маҳсулотлари олиб берилди.

Бундан ташқари, 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни доирасида ҳудудларда хайрия тадбирлари ташкил этилди. “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда эмас” шиори остидаги ўтказилган мазкур тадбирларда “Ногиронлик уй”лари тарбияланувчилари ҳамда уйда ётиб қолган имконияти чекланган юртдошларимизга ногиронлик аравачалари, эшитиш ва ортопедик маҳсулотлар тарқатилди, “Мурувват” ва “Саховат” уйларида истиқомат қилаётган ватандошларимиз учун ҳам хайрия, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди.

Дарвоқе, фондимиз нафақат эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлаш, балки фуқаролар йиғинлари фаолиятини замон талабларига мослаштириш, маҳалла идораларини мебель ва компьютер жиҳозлари билан таъминлашга ҳам жиддий эътибор қаратди. Жумладан, 2021 йилда 4 мингдан ортиқ маҳалла идораларининг коммунал тўловлардан бўлган 2 миллард сўмдан зиёд қарздорлиги фонд ҳисобидан қоплаб берилди. Фуқаролар йиғинларини компьютер ва мебель жиҳозлари билан таъминлашга эса 6,5 миллиард сўмдан зиёд маблағ йўналтирилди.

Маҳалла идораларининг иш самарадорлигини ошириш бевосита у ерда меҳнат қилаётган ходимларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга боғлиқ. Мазкур масала ҳам фондимизнинг доимий эътиборида. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 19 минг нафардан зиёд маҳалла ходимларига қарийб 33 миллиард сўмлик бир марталик моддий ёрдам пуллари ажратилди.

Ўтган йилдан бошлаб фондимиз яна бир хайрли ишга қўл урди. “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони соҳиблари фонд маблағлари ҳисобидан “Навбаҳор сиҳатгоҳи”да даволаниши ва дам олишлари ташкиллаштирилмоқда. Сиҳатгоҳда йил давомида 500 нафарга яқин “Маҳалла ифтихори”лари бепул ҳордиқ чиқарди. Дарвоқе, жорий йилдан бошлаб жонкуярлиги, фидойилиги ва ватанпарварлиги билан маҳалладошларига ўрнак бўлиб келаётган юртдошларимиз, фонд тизимида юқори кўрсаткичларга эга бўлган ходимларга ҳам сиҳатгоҳда бепул дам олиш имкониятлари яратилади.  

Сўзимиз якунида яна бир фикрни қайд этмоқчимиз. Эртадан бошлаб мамлакатимизда “Яшил йиллик” умуммиллий лойиҳасига старт берилади. “Маҳалла” хайрия жамоат фонди мазкур лойиҳада фаол қатнашишни режалаштирилган. Лойиҳа доирасида 1 миллионга яқин мевали ва манзарали дарахт кўчатларини экишни мўлжаллаяпмиз. Шунингдек, янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми Наврўз байрами муносабати билан хайрия тадбирларимизни янада кўпайтирамиз. Байрам муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фахрийлари, кекса авлод вакилларини ҳар томонлама эъзозлаш, Меҳрибонлик ва Мурувват уйлари тарбияланувчилари, Саховат уйларида яшаётганлар, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Меҳр дафтари”га киритилган ҳамда кўмакка муҳтож инсонларнинг ҳолидан хабар оламиз. Уларга беғараз моддий ёрдам кўрсатамиз.

Report Page