Мақсадингни эсла!

Мақсадингни эсла!

 Жамшид Муслимов

Санжар Муслимов билан иккинчи сухбат. Биринчиси.

«Дилемма»

Жамшид: Аввалги мақоламиз чиққанидан сўнг Далер деган ўқувчимиздан қизиқарли саволлар келди. У уч муҳим масалани кўтарган.

Биринчиси, янги ишни бошлашдаги ички дилемма ҳақида. Яъни бажариш ўрнига бажармаслик учун минг бир сабаб топилади. Кейин эса "бошлаганимда тўғри бўлармиди?" деб пушаймон бўламиз.

Иккинчиси, фикрлаш ва амалга ошириш орасидаги вақт оралиғини белгилаш масаласи.

Учинчиси эса ўз фикрларимиз ҳақиқатан ўзимизникими ёки ташқаридан сингдирилганми, буни қандай аниқлаш мумкинлиги ҳақида.

Санжар ака: Биринчи саволга жавоб қолган иккитаси учун ҳам калит бўлади. Асосий савол "дилемма" ҳақида, қолганлари унинг давоми. Ўзининг чинакам орзусини топган инсонда ажойиб нарса рўй беради. Уни янги ишдан тўсувчи шубҳалар пайдо бўлганда, бу шубҳалар душман эмас, балки ёрдамчига айланади. Улар фильтр вазифасини бажаради: агар иш орзуга мос келса – давом эт, келмаса – воз кеч.

Қалб орзуси фикрга айланганда бир қанча ҳимоя механизмларини келтириб чиқаради. Чунки у ҳам фикр, демак у ҳам тизим. Ҳар қандай тизимда эса мақсад, структура ва ҳимоя функцияси бўлади. Агар у инсонни ўз мақсадига эмас, балки бошқа мақсадларга ёки паразит фикрларга хизмат қилдираётган бўлса, янги иш режаси ҳам айнан "ҳукмрон фикр тизими" ихтиёрида бўлади. Биз билмаймиз Далерда қандай фикрлар ҳукмрон эканини.

Жамшид: Дейлик, киши сиз айтгандек ўз мақсад-орзусига эга эмас. У қандай топади уларни?

Санжар ака: Мана шу энг қийин иш. Кел, олдин аниқлаб олайлик. Далер саволини кимлар беради? Ўз ҳаёт йўналишини топиб олган одам бермаса керак. У изланишда бўлаётганга ўхшайди.

Масалан, бир аёл ўз ҳаёт йўлини яхши турмуш ўртоқ ва она бўлиш деб белгилаб, бахтини оиласи ва болалари келажаги билан боғласа, у бу саволни бермайди. Йўналиш аниқ. Нима ишлар қилиш, қандай танловлар қилиш равшан.

Ёки кимдир айтади мен доктор, айтайлик офтальмолог бўлиб, касбимда энг зўр мутахассис бўлмоқчиман. Бу ҳолатда ҳам инсон Далер саволлари билан қийналмайди.

Ҳатто кимдир айтса менга касб муҳим эмас, қаерда бўлсам ҳам роҳатли бўлса бас, топган пулим ейиш-кийиниш ва компьютер ўйинларига етса бўлди деса, унинг ҳам ҳаётий мезонлари аниқланган.

Ана энди ҳаёт йўлини топа олмайдиганларга келсак, уларнинг иши анча қийин...

 Ўт ўчириш шланги

Жамшид: Эски замонларда киши ўз ҳаётини туғилган қатлам доирасидан ташқарида кўрмаган. Деҳқон боласи деҳқон, ҳарбий боласи ҳарбий, савдогарники савдогар. Ҳозир эса катта танловлар берилганидек кўринади, аммо одамлар, айниқса ёшлар гаранг бўлиб қолган. У ишдан бу ишга, у соҳадан бу соҳага ўтиб синаб кўраверади. Танловлар орасида изтироб чекади, доимо шубҳалар ичида яшайди.

Санжар ака: Айнан. Бундай одамлар ўт ўчирувчи шлангига ўхшайди. Катта босим остида чиқаётган сув шлангни у ёқдан бу ёққа отиб, сувни ҳамма ерга сочади. Ўт ўчирувчи қўлига олса сув зарбаси керакли жойга, ўт ўчиришга ёки экинларни суғоришга қаратилади. Ана ўша босим кишининг энергияси. Чиқаётган сув унинг ресурслари, кучи, вақти, яъни унинг умри.

Жамшид: Шлангни ушлаб турганчи? У ким ёки нима?

Санжар ака: У инсоннинг марказий "мен"и. Нима деб номласак ҳам бўлаверади. Қалбми, руҳми, нафсми? Марказ десак ҳам бўлади. Муҳими унда ихтиёр, ирода бор. Фақат ўша иродани қўллаши керак. У ё ўша босим остидаги шлангни ўз қўлига олади, ёки ўз ҳолича ҳаракатда ётишига қўйиб беради. Бошқа биров қўлига тушса, у инсон томошабин бўлиб ўз умри бошқаларнинг қўлида ишлатилаётганини кузатиб ўтади. Эртами-кечми сув босими тугайди ва ҳаёт тамом бўлади.

Жамшид: Бу ерда муаммо кўряпман. Киши ўз марказини топмаган бўлсачи? Ўша марказ аслида ўзиникими ёки бошқалар, атрофдагилар ёки умуман етти ёт бегоналарнинг қўлига тушиб қолдими? Буни қандай ажратади?

Санжар ака: Унинг шланги бошқаларнинг ихтиёрига тушиши фақат "паразит фикрлар" сингдирилиши билан бўлади. Улар қандай ишлашини олдинги сафар гаплашгандик. Қайтариб ўтирмаймиз. Аммо эслатаман, паразит фикрларнинг бир тури ҳимоячи фикрлар.

Суҳбатимиз бошида айтдик, қандайдир янги ғоя келса ҳимоячи дарҳол ўзини кўрсатади! Савол шу ҳимоячи кимга хизмат қиляпти? Далер айтган "дилемма" туғилганда дарров ўзига савол бериши керак. Албатта шубҳалар ҳимоя қилмоқчи, аммо айнан нимани, кимни ҳимоясида? Менга энг яқин бўлган орзу, мақсадим, қадриятларим ҳимоясидами ёки катта паразит фикрнинг ҳимоя механизмими? Ўзи билан аниқ суҳбат ўтказиши керак шу дамда.

Жамшид: Далер ўша ҳимоя қилинаётган нарса унинг асл мақсади ёки сингдирилган бегона мақсад эканлигини қандай аниқлаши мумкин? Шу саволни қайта беряпман, негадир унга жавоб берилмагандек.

Санжар ака: Саволни бошқача белгилаймиз. Мақсади йўқ киши қандай қилиб ўз мақсадини аниқлайди? Ўйлаб топади эмас, аниқлайди. Чунки у мавжуд. Ўт ўчирувчи бор, ўчириш воситаси бор, ўт бор. Муаммо ўша ўт ўчирувчи ўзини унутган. Олов ва шлангни кўриб турса ҳам улар билан нима қилишни билмайди. Мақсад аввалидан берилиб бўлган. Инсон фақат ўша айнан нима унга берилганини "эслаш" керак.

«Мақсадингни эсла!»

Жамшид: Бу менга Платоннинг ғояларни эслаш ёки Гуржиевнинг ўзини эслаш таълимотини ёдимга соляпти.

Санжар ака: Бўлиши мумкин. Мен айтаётган нарса янгилик эмас. Уларни турли таълимотларда учратиш мумкин.

Жамшид: Ҳўп, уларни қандай эслайди?

Санжар ака: Кимдир қалби билан дарров ҳис қилиб олади. Юқорида оналик бурчини ўзига олган аёл ёки ўз касби ёки қулайлик принципларини асос қилиб олган инсонларни эсла. Ким учундир эса бу ҳал бўлмаган масала. Улар ҳақида гапирамиз.

У киши, шартли Далер, ўзи учун ёрқин келажакни тасаввур қилиши керак. Дейлик у катта завод эгаси, миллионер ёки катта сиёсат раҳбари бўлмоқчи. Ўша одамлар катта маррага етганда уларнинг атрофида нима бўлади? Далер миллионер ёки катта дипломат образига хаёлан кирганда ўзини қандай ҳис қилади? Қандайдир кўтаринки руҳ бўляптими? Кайфияти яхшиланиб ўзини бахтиёр, қониққан ҳис қиляптими? Туйғулар ижобий бўлса, эҳтимол мана шу унинг йўлидир. Ноқулайлик, хавотир, нохуш туйғулар келса, демак бу йўл уники эмас.

Ёки даҳоларни олайлик. Улар ўзларини қайсидир буюк мақсад учун бағишлайди. Кимдир қора танлилар ҳуқуқлари учун Америкада курашган, кимдир ҳўрланган қатламни қутқариш учун инқилобга ўзини топширган. Албатта улар охир мақсадни ҳаётларида кўрмайдилар, аммо кураш, фаолият шунга қаратилган бўлиши уларни ҳаракатга келтирган, бахтли ҳис қилдирган. Бу миссия масаласи. Миссиянинг эса якуни йўқ, у ўша инсон ҳаётидан ҳам каттароқ бўлиши керак. Муҳими мана шу миссия ҳис қилингандан сўнг ўша курашчилар ўзларини бахтли ҳис қилган. Улар жараённинг ўзидан топган лаззати барча қурбонликлари, азобларидан устун бўлган. Миссия, албатта, ҳамма учун эмас, бу алоҳида катта мавзу...

Жамшид: Бу ерда яна муаммо бор-да. У ўзи тасаввур қилган келажак...

Санжар ака: Эслаган... Келажакни «эслаш» муҳим. Чунки ЎЗИНГДА БОР нарсани эслайсан. Бу ҳудди ўтмишни эслагандек. Ўтмишимизни доим ўзимизга боғлаб хотирага оламиз. Келажак тасаввури ҳам чинакамига ўзимиздан келиб чиқиши керак.

Жамшид: «Эсланган» келажак уники бўлмасачи? Сохта, сингдирилган бўлсачи? Яъни бугун у бир нарсани орзу қилади, кечирасиз, эслайди. Кейин эртага яна бошқасини. Кимдир келиб "сен учун бу зўр" дейди, ақлий аргументлар ва ҳиссий эҳтирослар билан ишонтиради. У ишонади. Киришади. Кейин эса хато танлов бўлганидан афсусланади.

Санжар ака: Агар у ўз йўналишини топиб олган бўлса, бошқа ҳеч ким уни бу йўлдан чалғита олмайди. Ундаги қатъий эътиқод билан ишонган орзуси ташқи ҳужумни осонликча қайтаради. Чунки бу фикр, катта бир мураккаб фикр. Фикр эса, эсла айтганмиз, бу тизим. Тизим камида ўзининг мувозанатли ҳолатини сақлашга интилади.

Жамшид: Мен сизни шунчаки қўйиб юбормайман. Ўша орзусини топа олмаган одамларни билганим учун шу саволга қайтяпман. Келинг, уни топа олиш, ушлаш учун нима қилиш кераклиги ҳақида гапирайлик...

Санжар ака: Тушуняпман. Аммо осон ечим билан одамларни алдамаган яхши. Бу оғир, давомий ички иш. Инсон ўзидан ташқарига чиқиб ўз фикр, ҳиссиётларини кузата олиши керак. Бу бир умрлик машқ...

Жамшид: Рефлексия... Муҳосаба, муроқаба.

Санжар ака: Ҳа, ўшалар.

Жамшид: Кўпчилик буни эплай олмайди. Сабри етмайди, интизоми... Асосан билими етишмайди. Ички паразит фикрлар билан чалғиб бу ишдан узоқлашиб кетади. Чалғитувчи нарсалар кўп ҳаётда. Масалан маиший муаммолар.

Санжар ака: Ҳа, бу фақат ҳаловат шароитида ишлайди. Қийин бўлгани учун ҳам ташқи бир "таҳлилчи"га мурожаат қилишади. Аввалги суҳбатимизни эсла. Раҳбар таҳлилчи консультант маслаҳатчига бекорга мурожаат қилмайди. Энг зўр подшоҳлар ҳам вазирсиз ёки ташқи маслаҳатчисиз бўлмайди.

Католиклар орасида юқори интеллектуал салоҳият ва катта сиёсий кучга эга бўлган, Марказий, Жанубий Америкада кўплаб давлатларга асос солган Иезуитлар тариқатида ҳам шундай анъана бўлган. Иезуит роҳиби ўз устида ишлаши учун бошқа ҳамкасби "Йўлбошчи" вазифасини бажарган. "Йўлбошчи" саволлар билан роҳиб ўз ички дунёсини тартибга сола олган, охирги мақсадлари, руҳий вазифалари, миссиясини қалби билан эслаган. Амир Темур пирлар билан маслаҳатлашганини, улар билан ёзишган мактубларни эсла. Бу ерда энг муҳим жиҳат, "мижоз" ва "йўлбошчи" ўртасида савол-жавоб форматида суҳбат бўлиши! Тўғри саволларда гап кўп.

Йўлбошчи ёрдами керакми?

Жамшид: Ташқи ёрдам... Бу ердан дарров савол келади. Уларни қаердан топса бўлади? Сохта гурулар, бузғунчи секталар, қаллоблар тузоғига тушиб қолиш осон бўлиб қолган.

Санжар ака: Ўша "йўлбошчи" маслаҳатчиларга эҳтиёж борлигидан улар усталик билан фойдаланишади. Лекин эҳтиёж объектив бор. Буни тарих кўрсатяпти. Албатта, бу эҳтиёж кимлардадир хал қилинган. Улар ўз қатлами таъсирида ёки қайсидир лаҳзада қилган танлови билан яшаётганлар. Ва кимдир ўзи мустақил изланишни танлайди. Бу ҳам бир йўл...

Жамшид: Ўзича ўз йўлини топа оладиганлар, «мустақил изловчилар»  деб номлаб турайлик, турли «устоз», «йўлбошчилар», «маслаҳатчилар»га мурожаат қилишдан ҳеч нарса тўсамайди, шундайми??

Санжар ака: Албатта! Фақат ёндашув бошқача. Сен айтган мустақил изловчилар ўша донишмандлар гапига танқидий қарайди ва ички компасига, мезонлари билан гапларини ўлчайди. Мосини, кераклисини олиб, мос бўлмаганидан воз кечади. Аммо бу қанчалик самарали ёндашув, ўша изланувчининг тиришқоқлигига боғлиқ. Рефлексияга талаб долзарблигича қолаверади. Ҳеч қайси ёндашув юз фоиз натижани кафолат бермайди.

Жамшид: Ҳа, қийин экан...

Санжар ака: Ким осон бўлади деди?

Фикр ва ҳаракат оралиғи

Жамшид: Хали иккинчи ва учинчи саволлар биринчисига боғлиқ дедингиз. Лекин келинг ўша иккинчи саволга аниқроқ жавоб бериб кўрайлик. "Фикрлаш ва ишни бошлаш ўртасидаги оралиқ вақт" ҳақида.

Санжар ака: Менга сенинг жавобинг қизиқ.

Жамшид: Бу савол менга методолог Георгий Щедровицкийнинг фикр-амалиёт концепциясини ёдимга солди. Унга кўра самарали тизимли иш фикр ва ҳаракат ўртасидаги узлуксиз алоқани талаб этади. Щедровицкий таъкидлаганидек, вазиятни таҳлил қилиш, ечимлар ишлаб чиқиш ва уларни амалга ошириш бошқарувни йўқотмасдан узлуксиз равишда давом этиши лозим.

Санжар ака: Эҳтимол шундайдир. Агар киши ўз ҳаётий мақсадини топа олса, яъни "ўт ўчирувчи кимлигини англаб қўлига босим остида сув бераётган шлангни олиб оловга йўналтирса", қайси вақт тафаккур юритиш, режалаш, рискларни баҳолаш ва қайси вақт бевосита ишга ўтишни аниқ белгилай олади. Бу ҳаракат ўз-ўзидан чиқади. Чунки унинг миясидаги "миссия фикр тизими" уни ҳаракат ёки тўхтаб туришга ундайди.

Марказингни топ

Жамшид: Далернинг учинчи саволи... яъни "Киши ҳар хил догмалар, «ҳақиқатлар», ишончлар ва ҳоказолар остида фикрлаётганини қандай аниқласа бўлади?"

Санжар ака: Бунинг жавоби осон. Лекин уни аввалги суҳбатимиз ва мана шу суҳбатимизнинг бошидан кузатаётганлар тушуна олади. Ўз йўлини топган киши қалби ва зеҳни билан бегона нарсани ҳис қилади. Аввал топмай кейин машаққатли иш натижасида топса ва энг муҳими ўз фикрларини кузата олса, бегона паразитларни осон аниқлайди.

Муҳими – ўз фикрларини кўра олиш. Албатта улар кириб ўрнашиб бўлган ва улар ўзларини билдиради. Уларнинг бирламчи аломати автоматик хаёлга чиқиши, суҳбатда тилга хаёл назорати ишга тушмасдан чиқиши. Ўз фикрини кузатишга қийналса, махсус саволларга жавобларда кўрса бўлади. Уларни кузатишнинг ўзи уларни енгиш деса бўлади. Балиқни жабрасидан ушлаб олдингми, бу ёқи уни сувга ёки челакка ташлаш ихтиёрингда.

Жамшид: Демак, барчаси «марказни» топишга, ўз ҳаётий мақсадини аниқлашга келиб тақалади. Далер ва бошқа кўплаб изланувчилар учун асосий масала шу экан. Қийин йўл бўлса ҳам, изловчи учун бошқа танлов йўқ.

Санжар ака: Айнан шундай. Ва эсда тут, бу йўлда ҳар ким ўз тезлигида юради. Муҳими тўхтамаслик, доимо ўзи билан суҳбатда бўлиш, саволлар бериш ва жавоб излаш. Ҳаёт мақсади ўйлаб топиладиган нарса эмас, у аллақачон мавжуд. Уни фақат эслаш, аниқлаш керак.



Report Page