''Мазмунсиз яшашга асло ҳаққимиз йўқ!''

''Мазмунсиз яшашга асло ҳаққимиз йўқ!''


Маълумки, Вобкент туманида китобхонликни кенг тарғиб қилиш ва чинакам маънавий муҳит яратиш мақсадида, Бухоро давлат университети магистранти, шоир Суҳроб Ҳамроев ва унинг раҳбарлигидаги ''Учқун'' адабий тўгараги аъзолари томонидан, чинакам ватанпарвар, илм эгалари ва жамият ҳаётига бефарқ бўлмаган фуқароларимиз кўмагида, ҳар ойда бир бор ''Мазмунсиз ҳаёт кечиришга асло ҳаққимиз йўқ'' шиори остида китобхонлик тарғибот тадбирлари ўтказилиб келинмоқда. 

Бу галги тадбир истеъдодли ўқувчилари билан туманда алоҳида ажралиб турадиган 28-умумий ўрта таълим мактабида бўлиб ўтди. 

Мазкур тарғибот тадбирида иштирок этганларнинг аксари ижодкор бўлганлиги боис, қизғин мушоира бошланиб кетди. Мактаб ўқувчилари томонидан ижро этилган гўзал рақс ва мусиқий чиқишлар эса, кўнгилларга ҳузур бағишлади. 

Тадбир давомида ''Учқун'' адабий тўгараги аъзоси Гулбаҳор Сулаймонованинг ''Тирик сатрларда яшайсан, халқим'' номли илк шеърий китобининг тақдимоти ҳам ўтказилиб, муаллиф Ватанни тараннум этувчи шеъри ва илк китобини йиғилганларга армуғон этди.

Айниқса, тумандаги 10-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиси, инглиз тили бўйича фан олимпиадасининг вилоят босқичи 1-ўрин соҳибаси Райҳона Ҳафизованинг инглиз тилидаги байрам табриги йиғилганларнинг ҳаваси, ҳайрати ҳамда эътирофига сазовор бўлди.

28-мактаб ўқувчилари ўзларининг махсус тайёрланган чиқишлари билан меҳмонларнинг ҳайратини янада оширишди.

Тадбир сўнггида китобхонлик маданияти ва тарғиботини кучайтиришда жонбозлик кўрсатиб келаётган бир гуруҳ туман фуқароларига ''Учқун''лар раҳбари ғояси остида тайёрланган ''Ҳоким ишончи'' ташаккурномалари ҳамда эсдалик совғалари ҳокимлик номидан, туман ҳокими маслаҳатчиси Юсуф Насуллаев, 28-мактаб директори Роҳила Отаева ҳамда ижодкор Суҳроб Ҳамроев томонидан топширилди. Тақдирланганлар орасида Бухоро давлат университети психология (оила психологияси) таълим йўналиши 1-босқич талабаси Мунис Рахматова ҳам бор.

Бу ишонч фуқароларимизнинг эртанги кунга бўлган умид-ишончини юксалтириб, юксак марраларга сафарбар этиши муқаррар!

Ўйлаймизки, бу кун ҳам олдингилари каби иштирокчиларнинг қалбида узоқ вақт акс-садо беради.

✍ Жасурбек ЭСАНОВ, 

Бухоро давлат университети талабаси, 

''Учқун'' адабий тўгараги аъзоси

Report Page