Мажбурий ижро бюроси 3 минг нафардан кўпроқ қарздорни қидирмоқда. Уларнинг мингдан ортиғи чет элга чиқиб кетган

Мажбурий ижро бюроси 3 минг нафардан кўпроқ қарздорни қидирмоқда. Уларнинг мингдан ортиғи чет элга чиқиб кетган

Расмий хабарлар

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунга биноан Бюронинг давлат ижрочилари томонидан қарздор ва унинг мол-мулки турган жойи ҳақида маълумотлар бўлмаганда, уларни қидириш тўғрисида қарор қабул қилинади.

Хусусан, Бюро органлари томонидан амалга оширилган тезкор-қидирув фаолият натижасида жорий йилнинг ўтган даврида қарздорлиги туфайли 7 минг 800 дан зиёд жисмоний шахсга нисбатан қидирув эълон қилинган бўлиб, шундан 4 минг 500 нафардан (58%) ортиғи топилиб, мажбурий ижро ҳаракатлари ўтказилган.

Ҳозирда 3 минг 264 нафар қарздорни қидириб топиш чоралари кўрилмоқда, айтиш жоизки, ушбу шахсларнинг 2 минг 149 таси республика ҳудудида яшириниб юрганлиги, 1 минг 115 таси эса, чет элга турли мақсадларда чиқиб кетганлиги аниқланган.

Қидирувдаги шахслар топилиши натижасида қарздорлардан жами    30 млрд 700 млн. сўм, шу жумладан 22 млрд 800 млн. сўм алимент пуллари ундирилиб, вояга етмаган фарзандларнинг моддий таъминот олишлари таъминланган.

Бюро органларида суд ҳужжатларига асосан фарзандларнинг оналари тарбиясига олиб бериш билан боғлиқ ижро ишлари доимо долзарб бўлиб келган. Ҳозирда, 80 дан ортиқ ижро ишлари бўйича қидирувда бўлган фарзандларнинг оналари қарамоғига олиб берилиши бўйича 57 та ижро ишлари амалда тамомланди. Қолган ишлари бўйича қидирув ҳаракатлари давом этмоқда.

Мисол учун, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судининг ижро варақасига кўра, вояга етмаган 2 нафар фарзандларни онаси тарбиясига олиб берилиши бўйича олиб борилган қидирув ишлари натижасида, ушбу қўшни республика ҳудудида эканлиги аниқланиб, фарзандларнинг онаси тарбиясига олиб берилиши таъминланди.

 

Шунингдек, жорий йилда қидирув эълон қилинган 4.222 та автотранспорт воситаларининг 3 минг 73 таси, яъни 73 фоизи тезкор тадбирлар натижасида топилди ва қолган 1.149 та автотранспорт воситаларини топиш бўйича қидирув тадбирлари давом этмоқда.

Қидириб топилган 3 минг 73 таси автотранспорт воситалари ундирувга қаратилиши натижасида 40 млрд. 500 млн. сўмлик қарздорлик ундирилиши таъминланган.

Мисол учун, фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судининг ижро варақасига асосан қарздор корхонадан ундирувчи фуқаро фойдасига 280 млн. сўмга моддий зарарни ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати юзасидан Бюронинг Бектемир туман бўлими томонидан ижро иши қўзғатилган.

Ижро ҳаракатлари давомида қарздорга тегишли бўлган Porsche Cayenne русумли автотранспорт воситасига қидирув эълон қилинган эди.

Тезкор қидирув ишлари жараёнида ушбу автотранспорт воситаси Фарғона вилоятидан топилиб, давлат ижрочисига топширилиши таъминланди.

Худди шунингдек, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судининг ижро варақасига асосан қарздор корхонадан               1 млрд. сўм миқдорида кредит қарзи ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати Бюронинг Шайхонтоҳур туман бўлими иш юритувига келиб тушиб, қарздорлик ихтиёрий равишда бартараф этилмагач, корхонага қарашли автотранспорт воситасига қидирув эълон қилинган.

Қидирув фаолияти тезкор ва самарали амалга оширилганлиги боис, қарздор корхонага тегишли “MAN” русумли юк машинасининг бошқа ҳудудда ҳаракатланиб юрганлиги ҳақидаги тезкор маълумотлар аниқланиб, автотранспорт воситаси топилиб мажбурий ижрога қаратилди ва қарздорлик тўлиқ бартараф қилинди.

 

 Энди ижтимоий тармоқлар орқали келиб тушаётган саволларга ўтамиз

Ижтимоий тармоқлар орқали келган ушбу саволда – “Фуқаролик судининг қарорига асосан собиқ турмуш ўртоғимдан алимент ундириш белгиланган эди, ҳозирда у Россия федерациясига кетганлиги сабабли унга нисбатан қидирув эълон қилинган. Қарздор қидириб топилгач, унга нисбатан қандай чора кўрилади?” деб мурожаат қилган:

Жавоб: Мажбурий ижро бюроси томониданШахсларни давлатлараро қидириш тўғрисида”ги МДҲ шартномасига асосан, суд қарорларини ижро этишдан бўйин товлаётган қарздорларни қидириш бўйича халқаро ҳамкорлик амалга ошириб келинмоқда.

Ушбу ҳамкорлик асосида қарздор чет элдан топилиб, Ўзбекистонга олиб келингач, алимент қарздорлигини ихтиёрий тўламаган тақдирда, дастлаб унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 474-моддасига асосан 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси қўлланилади, шундан кейин ҳам карздорлик тўланмаган тақдирда ЖКнинг                        122-моддасига асосан жиноят иши қўзғатилиб, жавобгарлик масаласи ҳал қилинади.