Матбуот анжумани

Матбуот анжумани

Дин ишлари бўйича қўмита


Коррупция жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган зарарли иллат ҳисобланади. Мазкур иллат демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказиб, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади. Одамлар хавфсизлигига таҳдид соладиган уюшган жиноятчилик, терроризм ва бошқа салбий ҳодисалар ривожи учун туртки бўлади. Коррупция давлат, иқтисодиёт ривожи, чинакам қулай тадбиркорлик ва инвестиция муҳитига салбий таъсир кўрсатадиган энг асосий тўсиқлардан биридир.


Сўнгги йилларда юртимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги алоҳида қонун, Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгаши, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди. Шунингдек, коррупция ҳолатларининг олдини олиш ва уларни бартараф этишнинг энг муҳим жиҳатларидан бири – давлат бошқаруви тизимида “инсон омили”ни камайтириш учун давлат ва жамият бошқарувига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш йўлга қўйилди.


Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2003-йил 21-ноябрдаги резолюциясига мувофиқ, 2004-йилдан бошлаб “9-декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни” (Интернатионал Дай Агаинст Cорруптион) сифатида нишонлаб келинмоқда. Бу кунни белгилашдан мақсад, коррупция муаммосининг туб моҳиятини тушуниб етиш ва коррупция билан курашиш ҳамда уни олдини олишдан иборатдир.


Шу боис, Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши мажлисининг 2023-йил 23-августдаги 10-сонли баённомаси билан “9-декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни”га бағишланган Аксилкоррупция ойлиги доирасида ўтказиладиган тадбирлар режаси” тасдиқланган.


Мазкур режага мувофиқ, давлат органлари фаолиятининг очиқлиги, уларнинг жамоатчилик ва фуқаролар олдида ҳисобдорлигини таъминлаш ҳамда оммавий ахборот воситалари журналистлар, блогерлар ва фуқароларни қизиқтирган саволларига жавоб олишлари мақсадида “Очиқ эшиклар куни” тадбири ташкил этилиши белгиланган эди.


Шу муносабат билан бугун Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Аксилкоррупция ойлиги доирасида “Очиқ эшиклар куни” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.


Мазкур тадбирда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Уйғун Ғафуров, Ёшлар масалалари ва маънавий маърифий ишлар бўйича проректор Илёс Мирзиётов, Ўқув ишлари бўйича проректор Зокиржон Рўзиев, Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор Зоҳиджон Исломов, Молия-иқтисод ишлари бўйича проректор Салим Дусанов, Коррупцияга қарши курашиш “комплаенс-назорат” тизимини бошқариш бўлими бошлиғи Шуҳрат Эшматов, Академия вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда блогерлар иштирок этди.


Тадбир давомида соҳа проректорлари ҳамда Коррупцияга қарши курашиш “комплаенс-назорат” тизимини бошқариш бўлими бошлиғи Шуҳрат Эшматовнинг маълумотлари тингланди.


Маълумки, Ўзбекистон халқаро ислом академияси мамлакатимиз диний-маърифий соҳасида ҳассос мутахассисларни тайёрловчи нуфузли олий таълим ва илмий тадқиқот муассасаси ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, давлатимиз томонидан мазкур таълим муассасаси моддий-техник базасини ривожлантириш, профессор-ўқитувчи, ишчи-ходим ва талабаларни моддий қўллаб-қувватлаш, меҳнатини муносиб рағбатлантиришга алоҳида аҳамият берилаётир.


2018-йил 16-апрелда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилиниб, ушбу соҳадаги ислоҳотларнинг асосий йўналишлари белгилаб берилди. Мазкур Фармоннинг бир йўналиши сифатида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент ислом университети ва Ўзбекистон ислом академияси негизида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил этилди.


Ўзбекистон Республикаси Олий таъим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан республикамиз олий таълим муассасалари миллий рейтинги ҳамда академик лицейлар рейтинги эълон қилинди.


Олий таълим муассасаларининг 2022-йилдаги фаолияти натижалари бўйича миллий рейтингида Ўзбекистон халқаро ислом академияси фахрли 2-ўринни қўлга киритди.


Ижтимоий-гуманитар соҳа бўйича олий таълим муассасалари рейтингида эса 59,74 натижа билан 1-ўринни эгаллади. Таъкидлаш керак, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ўтган йили 55,95 фоизлик натижа билан республикада 4-ўринда қайд этилганди.


Ўтган йили Ўзбекистон халқаро ислом академияси олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг илмий салоҳияти 66,5 фоизни ташкил этиб, рейтингда 1-ўринни эгаллаган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 70,74 фоизни ташкил этди. Академия мазкур натижа билан 1-ўринни янада мустаҳкамлади. 


Академик лицейлар рейтингида эса Ўзбекистон халқаро ислом академияси академик лицейи 28,83 фоиз кўрсаткични қайд этиб, кўрсаткич эътибори билан ўтган йилдаги натижасини яхшилади.


Бугунги кунда Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Ислом иқтисодиёти ва халқаро иқтисодий муносабатлар, Мумтоз шарқ филологияси ҳамда Исломшунослик факультетлари фаолият кўрсатиб келмоқда.


Шунингдек, мазкур факультетлар таркибида “Ислом иқтисодиёти ва молияси, зиёрат туризми”, “Халқаро муносабатлар ва ижтимоий фанлар”, “Араб тили ва адабиёти Ал-Азҳар”, “Замонавий ахборот-коммуникация технологиялари”, “Ўзбек тили ва мумтоз шарқ адабиёти”, “Чет тиллари”, “Дин психологияси ва педагогикаси”, “Исломшунослик ва ислом цивилизациясини ўрганиш ИCEСCО”, “Ислом тарихи ва манбашунослиги ИРCИCА” ҳамда “Диншунослик ва жаҳон динларини қиёсий ўрганиш ЮНЕСКО” каби замонавий ва халқаро даражадаги кафедралар ташкил этилди.


Ўзбекистон халқаро ислом академияси ўз мақомига муносиб бўлиш ҳамда халқаро миқёсда етакчи ўринларни эгаллаш мақсадида кенг кўламли янгиликларни амалиётга татбиқ этмоқда. Хусусан, сўнгги йилларда Академиянинг нуфузли хорижий олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқалари сезиларли кенгайди. Натижада Академия профессор-ўқитувчилари ва ёш илмий тадқиқотчиларининг халқаро конференция, илмий семинар ҳамда халқаро грантлардаги иштироки фаоллашди. Ўз навбатида, хорижлик профессор-ўқитувчилар, талабалар ва докторантларнинг академия ўқув жараёнига жалб этилиши ҳамда юртимизда илмий-тадқиқот олиб боришга қизиқиши ҳам йилдан-йилга ошиб бормоқда.


Бугунги кунда Ўзбекистон халқаро ислом академияси 40 дан ортиқ нуфузли олий таълим, илмий-тадқиқот муассасаси ва халқаро ташкилотлари билан ҳамкорлик алоқаларини изчил амалга ошириб келмоқда.


Тадбир давомида оммавий ахборот воситалари ходимлари ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишди.

Report Page