Маст ҳолдаги фуқаро ички ишлар органлари ходимининг хизмат вазифасини бажаришга тўсқинлик қилди

Маст ҳолдаги фуқаро ички ишлар органлари ходимининг хизмат вазифасини бажаришга тўсқинлик қилди

Ички ишлар вазирлиги

Юртимиздаги барча давлат ташкилотлари ходими халқимиз фаровонлиги, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари устувор бўлишини таъминлашга хизмат қилмоқда. Сўзимиз давомида қонуний манфаатлар устуворлиги деган сўзни ишлатганимиз бежиз эмас. Боиси айрим юртдошларимиз уларга бўлаётган ҳурмат, эътибор ва кўмакларни суистеъмол қилганча, қонунбузарликларга йўл қўйиб, давлат ташкилотлари ходимлари билан қўпол муносабатда бўлмоқда ёкиуларга қўл кўтариб, тан жароҳати етказмоқда. Натижада эса бу каби фуқаролар қонун олдида жавоб беришларига тўғри келмоқда.

Шу каби ҳолат 2019 йилнинг 17 август куни Навоий вилоятида ҳам юз берган. Хусусан, Шу куни соат 19:10ларда Навоий вилояти Ички ишлар бошқармаси ЙҲХБ инспектори Навоий шаҳар, И.Каримов кўчаси бўйлаб ҳаракатланиб келган, давлат рақам белгиси 85 971 SAA бўлган “Кобальт” русумли автомашинани пиёдага йўл бермаганлиги учун тўхтатиб, ҳайдовчидан автомашинани бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларини тақдим этишини сўраган, аммо ҳайдовчи Жасур Сайитовда мазкур автомашинани бошқариш ҳуқуқини берувчи тегишли ҳужжатлари бўлмаган. Шу сабабли, инспектор қонуний тартибда ҳайдовчи Ж.Сайитовга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштириб, автомашинани Навоий шаҳридаги жарима майдончасига олиб келган.

Бундан хабар топган ҳайдовчи Ж.Сайитовнинг 44 ёшли отаси Алишер Ҳайитов жарима майдончасига маст ҳолатда келиб, инспектор томонидан автомашина жарима майдончасига қўйилишига фаол қаршилик кўрсатган. Сўнг уни ҳақоратлаб, унга қўл кўтарган ва тан жароҳати етказган. Натижада жиддий жароҳат олиб, РШТЁИМ Навоий филиалига олиб борилган. Ҳозирда унга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан Навоий шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўз ўрнида фуқароларимизга бу каби ҳаракатлар қонунбузарлик ҳолати эканлигини эслатиш билан бирга, ҳар қандай келишмовчилик ва эътирозларини тартиб бузарликка қўл урмай, қонуний йўл билан ҳал этишга эътибор қаратишларини сўраб қоламиз.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси

Report Page