Машҳур ақидавий фирқалар  

Машҳур ақидавий фирқалар  

@kukaldoshuz

Машҳур ақидавий фирқалар

Агар тарихга назар ташлайдиган бўлсак, Аҳли сунна вал жамоадан ажралиб чиққан фирқаларнинг барчасини ё ўзларининг сифатлари билан, ё қилаётган асосий даъволари билан, ё ўша фирқаларнинг дастлабки ташкилотчиси исмига нисбатан ном олганларини ва тўғри йўлдан адашганликлари туфайли бирма-бир йўқолиб кетганларини кўрамиз. Ҳа, қайси даврда бўлмасин, ҳақ йўлдан озган тоифаларнинг маълум вақт ичида барҳам топишлари, Аҳли сунна вал жамоанинг эса ҳақ йўлда бардавом бўлиб келишига тарих гувоҳлик беради. 

Юқорида баён қилинган фирқаларнинг энг машҳурлари ва ақида китобларида улар билан Аҳли сунна вал жамоа ўртасидаги баҳсларга кенгроқ ўрин ажратилгани асосан қуйидаги фирқалардир:

Хавориж фирқаси. “Таҳким”[1] воқеасидан кейин пайдо бўлган ушбу фирқа турли гуруҳларга бўлиниб кетган бўлиб, улардан ҳозирда “Ибозия” фирқасигина сақланиб қолган. Бу фирқа вакиллари Мағрибда ва Арабистон ярим оролининг жанубий-шарқида учрайди. Бу тоифа мўътазилий фирқасининг кўпгина дастурларини ўзлаштириб олганлар. Жумладан, яхши ва ёмон нарсалар ақл билан билинади, деб ҳисоблайдилар. Аллоҳ таоло ҳақидаги “муташобиҳ” (бир-бирига зид икки хил маъно эҳтимоли бор) хабарларни таъвил қилишга (ақл етадиган маънога ўтказишга) уринадилар, охиратда Аллоҳ таолони кўришни инкор қиладилар. Шу билан бирга, осийлар дўзахда абадий қоладилар, деган қарашлари ҳам сақланиб қолган. Ибозийлар мазкур қарашларини мўътазилийлар билан бир хил эканини инкор қилмайдилар, балки мўътазилийлар бу қарашларни биздан олишган, деб даъво қиладилар.

Хаворижларда такфир тушунчаси ва уларга уламоларнинг раддиялари

Такфир сўзи “бировни куфрга киритиш”, “Исломдан ажратиш” маъноларини англатади. Хавориж фирқаси ўзларига қарши бўлганларни кофирга чиқариб уларнинг қонларини тўкишни ҳалол санаганлар. Ўзларига қарши чиқувчиларнинг диёрларини “Дорул ҳарб”[2] деб номлаганлар. Улар Али розияллоҳу анҳунинг “таҳким” ни қабул қилишини куфр деб ҳисоблаганлар. Яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тарбияларини олиб улғайган, тириклигидаёқ жаннат башорати берилган “Ашараи мубашшара” (Жаннатий экани айтилган ўн киши)дан бири бўлган зотни кофирга чиқаришган.

Ҳар бир даврда ҳам Аҳли сунна вал-жамоа уламолари “жаҳолатга қарши маърифат” билан курашга алоҳида эътибор қаратганлар. Адашган фирқаларнинг хатоларини тушунтириб, уларни тўғри йўлга солишга, мусулмонларнинг бирдамлиги-ю тинч-тотувлигини асраш йўлида жонбозлик кўрсатиб келганлар.

Али розияллоҳу анҳу ўзларига нисбатан бундай ҳукм чиқарган шоввозларнинг ғаройиб даъволарига жавоб бериш ва уларга тўғри йўлни кўрсатиш учун Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуни элчи қилиб юборган. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ва хавориж етакчилари ўртасида қуйидаги басҳ-мунозара бўлиб ўтган:

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: Уни (яъни мўминлар амири Али розияллоҳу анҳуни) нимада айблайсизлар?

Хаворижлар: “Уч нарсада”.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Қандай нарсалар?”

Хаворижлар: 1. Аллоҳнинг амри бўлган нарсада кишиларни ҳакам қилди. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло:  “Ҳукм фақат Аллоҳ ихтиёридадир”[3], деган; 

 2. Уришди-ю, лекин таҳқирламади ҳам, ўлжа ҳам олмади. Агар улар мўмин бўлсалар, улар билан уришиш ҳалол эмас эди. Агар улар кофир бўлсалар, улар билан уришиш ҳам, уларни таҳқирлаш ҳам ҳалол бўлган бўларди.

 3. Барча мўминларнинг амири бўлишидан ўзини озод қилди. Агар у мўминларнинг амири бўлмаса, кофирларнинг амири бўлади-да, дейишди.

Абдуллоҳ ибн Аббос розяллоҳу анҳу: “Агар сизларга Аллоҳнинг китобидан ва Расулининг суннатидан сўзларингиз хато эканига далолат қиладиган далил келтирсам қайтасизларми?”.

 Хаворижлар: “Нега қайтмас эканмиз?”.

Абдуллоҳ ибн Аббос розяллоҳу анҳу: “Аллоҳнинг амрида кишиларнинг ҳукм қилишига келадиган бўлсак, Аллоҳ таолонинг Ўзи китобида шундай деган:

“Эй иймон келтирганлар! Эҳромда бўла туриб, овни ўлдирмангиз! Сизлардан кимки уни қасддан ўлдирса, (жазоси) худди (хонаки) ҳайвон ўлдириш билан баробар жазодир: у (ҳам бўлса) Каъбага (юриб) бора оладиган қурбонлик бўлиб, унга ўзларингиздан икки адолатли киши ҳакамлик қилур” (Моида сураси, 95-оят).

Бошқа бир оятда эр-хотин ўртасида ҳакамлик қилиш ҳақида бундай деган:

 “Агар улар (эр-хотин)нинг оралари бузилиб кетишидан қўрқсангиз, эр оиласидан бир ҳакам, хотин оиласидан бир ҳакам юборингиз. Агар (эр-хотин) ислоҳни хоҳласалар, Аллоҳ ўрталарини мувофиқлаштиргай” (Нисо сураси, 35-оят).

Демак, Аллоҳ таоло ҳакамликни кишиларга топширган. Сизлардан Аллоҳ ҳаққи билан сўрайман айтинглар-чи, мусулмонларнинг қони ва ораларидаги ислоҳ тўғрисида кишиларнинг ҳакам бўлишлари афзалми ёки нархи тўрт дирҳам бўлган қуён тўғрисида ва хотин билан яшаш тўғрисида ҳакам бўлишлари афзалми?”.

Хаворижлар: “Йўқ, албатта бу афзал”.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Сизларни бу фикрдан қайтардимми?”.

Хаворижлар: “Ҳа, албатта”.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Сизларнинг уришди-ю, таҳқирламади ҳам, ўлжа ҳам олмади, деган сўзларингизга келадиган бўлсак, оналарингиз Оишани таҳқирламоқчи эдиларингизми? Агар онамиз эмас, десаларингиз кофир бўласизлар. Сизлар иккита залолат орасида тараддудланиб қолгансизлар. Энди сизларни бу фикрдан қайтардимми?”.

Хаворижлар: “Ҳа, албатта”.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Барча мўминларнинг амири бўлишидан ўзини озод қилди, деган сўзларингизга келадиган бўлсак, сизлар рози бўладиган бир нарсани айтаман. Аллоҳнинг Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳудайбия кунида Абу Суфён ва Суҳайл ибн Амрлар билан сулҳ тузганда: эй Али, бу Аллоҳнинг элчиси Муҳаммад сулҳ тузган нарсалар, деб ёз, дегандилар. Шунда Абу Суфён ва Суҳайл ибн Амрлар: сени Аллоҳнинг элчиси деб билмаймиз. Агар сени Аллоҳнинг элчиси деб билганимизда сен билан урушмас эдик, дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Эй, Аллоҳим, сенинг элчинг эканимни Ўзинг биласан, дедиларда: Эй Али (ёзганингни) ўчириб ташлагин ва: “Бу Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ҳамда Абу Суфён ва Суҳайл ибн Амрлар сулҳ тузган нарсалар” деб ёзгин, – дедилар...”.

Ушбу жавобдан сўнг икки мингдан зиёд кишилар хаворижликдан қайтган эдилар.

Ҳозирги кунимизда ҳам замонамизнинг юздан ортиқ энг мўътабар уламолари “замонавий хаворижлар”га худди шу услубда “очиқ хат” билан мурожаат қилдилар. Кошки эди булар ҳам бор ҳақиқатни англаб етиб, тўғри йўлга қайтсалар... 

Устоз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ “Очиқ хат” асарларида мусулмонлар орасидаги нохушликларнинг бош сабаблари ва уларни бартараф қилиш чора тадбирлари ҳақида батафсил баён қилган.  


[1] Али розияллоҳу анҳу ва Муовия розияллоҳу анҳулар ўртасидаги битим аҳди.

[2] “Дорул ҳарб” луғатда “уруш диёри” маъносини билдиради. Истилоҳда эса куфр ҳукмлари очиқ-ойдин кўриниб турадиган ўлкалар “Дорул ҳарб” (мусулмон бўлмаганлар диёри) дейилади.

“Дорул ислом”луғатда Ислом диёри маъносини билдиради. Истилоҳда эса Ислом дини ҳукмлари очиқ-ойдин кўриниб турадиган ўлкалар “Дорул ислом” (Ислом диёри) дейилади.

[3] Юсуф сураси, 40-оят. 


Абдулқодир Абдур Раҳим 


"Эътиқод дурдоналари" нашрга тайёрланаётган 3-нашридан


ЯҚПНЛАРИНГИЗГА ҲАМ УЛАШИНГ! 

КАНАЛИМИЗГА АЪЗО БЎЛИШ УЧУН ҚУЙИДАГИ ЛИНКНИ БОСИНГ ! 

@KUKALDOSHUZ

Report Page