Манба: www.ixlos.org

Манба: www.ixlos.org

@GALABA_YAQIIN

Ҳар бир замонда иқтидорли одамлар чиқиши, ҳар бир авлоднинг ичида ишончли, ростгўй, яхши кишилардан иборат жамоат бўлиши мумкин. Аммо саҳобаларникидек софликка бурканган порлоқ муайян бир авлоднинг бўлиши ҳақиқатда ғаройиб, эътиборни қаратишга лойиқ ҳодисадир. Масалан, бирор жойда Абу Бакр Сиддиқ ёки Умар ибн Хаттоб каби киши чиқса, бу ўша авлоднинг, ўша замоннинг саодати бўлади. Шунингдек, Талҳа ибн Убайдуллоҳ, Холид ибн Валид ё Абу Ҳурайра каби шахсларнинг етишиб чиқиши ҳам ўша замоннинг бахти бўлаверади. Лекин бу зотларнинг барчаси бир замонда жам бўлиши ҳақиқатда ажойиб, бетакрор ишдир. Шунинг учун ҳам уларнинг ҳаётига йўл-йўлакай қараб кетилмайди, қилган ишлари шунчаки санаб ўтилмайди.

Ушбу маърузалар тўпламидан кўзланган мақсад ҳам фақат эслаб-эслатиб кетишдан иборат эмас.

Шунингдек, саҳобалар қатнашган барча ҳодисалар билан танишиб чиқиш ҳам эмас. Балки бизнинг мақсадимиз: саҳобалар авлодига қандай тақлид қилишни, қандай қилиб улардек бўлишни, қандай қилсак, уларнинг йўлидан юришни, қандай қилиб дунёда ҳам, охиратда ҳам улар эришган мавқега эришишни ўрганишдир! Бунинг учун энг олдин ушбу зотларнинг нафақат Ислом ва тарих мезонидаги, балки Аллоҳ азза ва жалла ҳузуридаги қиймати ҳақида ҳам сўзлаш лозим кўринади. Зеро, Аллоҳнинг мезонларига кўра қийматини ўлчаш мумкин бўлган Исломдаги ягона авлод мана шу саҳобалар авлодидир. Чунки Аллоҳ Ўзининг китобида ёки Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва саллам орқали берган хабарлар билангина уларнинг қадри аниқ-тиниқ билинади. Саҳобалардан кейин яшаган инсонларга келадиган бўлсак, бирор-бир авлод ҳақида «булар Аллоҳнинг ҳузурида қадрли зотлар» деб айтишнинг ёки бирор шахсга нисбатан «бу банда фазилатли, ҳидоят йўлидаги одам» деб қатъий фикр билдиришнинг иложи йўқдир.

Чунки бирор шахсга қилиб турган амалига қараб саҳобаларга берилгани каби илоҳий баҳо берилмайди. Чунки амалларнинг қиймати қалб ва ундаги ниятга боғлиқ. Қалбнинг ишини эса, одамзод ҳеч қачон била олмайди. Тўғри, қаердадир баъзи бир эркак-аёлларнинг фазилатига ишора қиладиган далил топилиши мумкин, лекин, юқорида айтиб ўтганимиздек, бу ҳужжат Аллоҳнинг ҳужжатидек аниқ бўлмайди. Зеро, ташқи кўринишидан яхши, лекин ичи умуман бошқача бўлган одамларни ҳаётда тез-тез учратиб турибмиз. Бундай икки хилликни эса Аллоҳ азза ва жалладан ўзгаси билмайди.

Келинглар, олдин саҳобалар авлоди ҳақида Аллоҳ таоло нима деганига қарайлик. Аллоҳ азза ва жалла Ризвон байъатида ҳозир бўлган саҳобалар ҳақида шундай дейди: “ Эй Пайғамбар! Мўминлар дарахт остида сизга байъат берган пайтларида Аллоҳ улардан рози бўлди. Аллоҳ ўша мўминларнинг қалбларидаги (иймон, садоқат ва вафо)ни билди ва уларга хотиржамлик туширди (қалбларини мустаҳкам қилиб қўйди). (Ҳудайбия сулҳида улар йўқотган нарса) ўрнини яқин фатҳ билан (Хайбар фатҳи билан) тўлдириб берди ” (Фатҳ сураси, 18).

Яъни Аллоҳ улардан рози бўлди, шундай ҳукм қилинди ва иш битди! Ушбу оят қайсидир саҳобий ёки бир жамоа ҳақида эмас, балки 1400 нафар саҳобий ҳақида айтилмоқда, Аллоҳ уларнинг барчаларидан рози бўлсин! Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзига эътибор беринг: “ Аллоҳ пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни тавбага ва Ўзининг тоатига муваффақ қилди. Ўз юртлари ва қариндош-уруғларини ташлаб, Ислом диёрига кўчиб келган муҳожирларнинг тавбаларини қабул қилди. Шунингдек, жазирама иссиқда, озиқ-овқат ва от-улов тақчиллиги ҳолида, Табук жангида Аллоҳнинг душманларига қарши жанг қилиш учун Расулуллоҳ билан чиққан ансорларнинг тавбаларини ҳам қабул қилди. Улардан баъзиларининг қалблари ҳақдан бурилиб, юмшоқ ва осойишта ҳаётга мойил бўлаёзганидан сўнг Аллоҳ уларни тавбага муваффақ қилди. Аллоҳ уларни собитқадам қилди, қўллаб-қувватлади ва тавбаларини қабул қилди. У уларга меҳрибон ва раҳмлидир ” (Тавба сураси, 117-оят).

Бу оят Табук ғазотида қатнашган ўттиз минг саҳобий ҳақида айтилган. Бинобарин, саҳобалардан кейин келган бирор авлодга нисбатан аниқ бир ҳукм айтишнинг имкони йўқ. Бирор муайян инсоннинг тавбасини – у ҳар қанча дунёда амали зиёда бўлмасин – Аллоҳ қабул қилган, дейиш, уни Аллоҳнинг ҳузурида яхши, мартабаси улуғ киши эканини даъво қилиш, ёки жаннатдаги улуғ даража соҳиби эканини таъкидлаш, ёхуд дўзахдан буткул омонда эканини айтиш умуман мумкин бўлмаган ишдир.

Бухорий ривоят қилган ҳадисда [1] келишича, Хорижа ибн Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳумога Умму Ало деган ансория аёл муҳожирлар Мадинага келганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўрталарида қуръа ташлаганларини ва ҳар бирини ансорлардан бирининг уйига юборганларини айтиб берган. Ўшанда Умму Ало билан эрининг чекига Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳу тушган. Умму Ало розияллоҳу анҳо айтади: “Уни уйимизга олиб келдик. Бир пайт у оғир касал бўлиб қолди ва вафот этди. Сўнг ювилиб, ўзининг кийимларига кафанлаб қўйилганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кириб келдилар”. Усмон ибн Мазъун Мадинада вафот этган энг биринчи муҳожир бўлиб, Умму Ало розияллоҳу анҳо у кишидан кўп яхшиликларни кўрган эди. Шунда Умму Ало: «Аллоҳ сизни раҳматига олсин, эй Абу Сойиб. Сиз Аллоҳ эъзозлаган банда эканингизга гувоҳлик бераман», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу гапни эшитиб: «Аллоҳ уни эъзозлаганини қаердан билдинг?» дедилар.

Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳудек яна ким бор?! Биринчилар қаторида Исломга кирди, олдин Ҳабашистонга, кейин Мадинага ҳижрат қилди, Аллоҳнинг йўлида бир кўзидан айрилди, сабот, азимат, жиҳод ва сабрда энг ажойиб намуна бўлди. Ҳақиқатда у камолга эришган киши эди. Шундай бўлса-да, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ уни эъзозлаганини қаердан билдинг?» деяптилар. Қиссанинг давомида Умму Ало айтади: “Шунда мен: «Ота-онам сизга фидо бўлсин Эй Аллоҳнинг Расули, ундай бўлса, Аллоҳ кимни эъзозлайди?» дедим. (Яъни Аллоҳ азза ва жалла Усмон ибн Мазъунни эъзозламаган бўлса, у ҳолда яна кимни эъзозлайди?) Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Унга (яъни Усмонга) келадиган бўлсак, у ҳақда аниқ хабар (яъни, ўлим хабари) келди. Аллоҳга қасамки, мен унга яхшиликни умид қиламан». Яъни Усмон ибн Мазъун жаннат аҳлидан ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг учун яхшиликларнинг барчасини умид қилдилар. Лекин у зот Умму Алонинг, шунингдек, барча мусулмонларнинг қалбига Қуръон ёки суннат йўли орқали ваҳий келмаган ҳолда бирор муайян инсонга нисбатан Аллоҳ эъзозлагани ҳақида қатъий ҳукм қилмаслик тушунчасини сингдиришни хоҳладилар. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жуда ҳам ҳайратли, ғаройиб сўз айтдилар: «Аллоҳга қасамки, Аллоҳнинг Расули бўлатуриб, менга нима қилинишини билмайман».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари ҳақида айтаётган бу сўзлари у зотнинг тавозеларига далолат қилади.

Шундан сўнг Умму Ало: «Аллоҳга қасамки, бундан кейин ҳеч қачон бирор кимсани поклаб мақтамайман», деди. Умму Ало розияллоҳу анҳо таълимни тушунди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам етказишни хоҳлаган ҳикматни тўла англади.

Юқоридаги таълимдан келиб чиқсак, Имом Бухорий Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган қуйидаги ҳадисни кенгроқ тушунишимиз мумкин бўлади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурида бир киши бошқа бир кишини мақтади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Шўринг қурисин, соҳибингнинг бўйнини уздинг-ку», дедилар. Бу сўзни бир неча бор қайтардилар, сўнг: “Агар бирортангиз ноилож биродарини мақтайдиган бўлса, «Фалончининг кимлигини Аллоҳнинг Ўзи билади, У Зотга бировни мақтай олмайман, лекин менинг билишимча, у ундай, бундай», десин, агар унинг шундай эканини аниқ билса”, дедилар[2] .

Ушбу келтирилган ривоятлар, модомики, Қуръон ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аниқ хабар бермаган эканлар, саҳобалар авлодидан кейин келган бирор авлод ёки муайян бир кишининг яхши эканига аниқ ҳукм айтиш мумкин эмаслигига далолат қилади. Аммо бу гап саҳобалар авлодига тааллуқли эмас. Чунки улар ҳақиқатда бошқалардан ўзиб кетганликлари, Аллоҳ азза ва жалла уларни мақтаб, поклагани аниқ билинган ишдир. Бинобарин, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳақида сўзлаган пайт «Аллоҳ Ўзи билади», «Аллоҳга бировни мақтай олмайман-у», дейишимиз ўринли эмас. Зеро, Аллоҳ таолонинг Ўзи Умар ибн Хаттобни мақтаб, поклаб қўйибди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у кишини алқаб қўйибдилар. Мана шу саҳобалар авлоди учун ўзига хос, тенгсиз фазилатдир.

[1] «Саҳиҳул Бухорий» (2687).

[2] «Саҳиҳул Бухорий» (2662).

Дарҳақиқат саҳобалар авлоди тенги йўқ, бетакрор авлод бўлиб, муҳим сабабларга кўра, улар каби авлод тарихда қайта такрорланмайди. Ушбу авлоднинг юқори даражага етиши учта сабабга кўра, деб ҳисоблайман:

Биринчи сабаб : Аллоҳ азза ва жалла уларни танлаб олгани

Бу авлод Аллоҳ таоло тарафидан танлаб олинган авлоддир. Яъни улар айнан Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари бўлиш учун яратилганлар. Бинобарин, Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг бўлиши шарт эди, чунки у зот бажариши керак бўлган вазифа бор эди, уни у кишидан бошқаси бажара олмасди. Шунингдек, Умар, Усмон, Али, Талҳа, Зубайр, Билол, Холид, Хадича ва Ойша розияллоҳу анҳумларнинг барчаси айни пайтда, айни жойда айнан бўлишлари лозим эди. Аллоҳ азза ва жалла фаришталар ва инсонлар орасидан ўз элчиларини танлаб олганидек, пайғамбарларининг ҳамроҳларини ҳам саралаб олади: « Аллоҳ пайғамбарларига малоикалардан элчиларни танлайди ва халқларига рисолатини етказиш учун одамлар ичидан элчилар танлайди. Аллоҳ бандаларининг сўзларини эшитувчи ва барча нарсаларни Ўзи яхши кўриб тургувчи Зотдир » (Ҳаж сураси, 75).

Аллоҳ таолонинг Исо алайҳиссалом асҳоблари ҳақида айтган ушбу сўзлари устида фикр юритинг: “ Эй Исо, сенга берган неъматимни ёдга олгинки, ҳаворийларга – ихлосли биродарларингдан бир жамоага илҳом бериб, уларнинг дилларига ягона Аллоҳга ва сенинг пайғамбарлигингга иймон келтиришни солиб қўйдим. Улар: “Эй Раббимиз, биз иймон келтирдик, бизнинг Сенга бўйсунувчи ва Сенинг амрларингга итоат этувчи эканимизга Ўзинг гувоҳ бўл” деб айтдилар” (Моида сураси, 111). Яъни бу оятда Исо алайҳиссаломнинг асҳобларига Аллоҳ азза ва жалла ё илҳом йўли билан, ёки билвосита ваҳий орқали хитоб қилгани ва ҳаворийларнинг бу хитобга дарҳол бўйсунганлари хабарини бермоқда.

Аллоҳнинг Ўз пайғамбарларига ҳамроҳлар танлаши муайян йўл билан бўлиши лозим. Бу йўл гоҳида худди Мусо алайҳиссаломнинг асҳоблари танланганидек қийин ва машаққатли бўлиши мумки. Зероб Мусо алайҳиссаломнинг асҳоблари ёмонлик, азият ва беодоблик билан танилган эдилар. Шунга қарамай Аллоҳ азза ва жалла улар ҳақида Ўз китобида шундай дейди: “ Дарҳақиқат, Биз Бани Исроилни Ўзимиз яхши билган ҳолимизда ўз замонасидаги оламлар ичидан танлаб олдик ва Биз уларга Мусо орқали улар учун фаровонликда ҳам, машаққат пайтларида ҳам синов ва имтиҳонлари бўладиган мўъжизаларни бердик ” (Духон сураси, 32-33).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобларига келадиган бўлсак, Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда Убода ибн Сомит (Аллоҳ у кишидан рози бўлсин ва рози қилсин) айтади: “ Бир кеча саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни йўқотиб қўйишди . (Доим бир манзилга тушсалар, у кишини ўрталарига олишар эди – агар сафарга чиқиб, сўнг кечаси тунаш учун бирор жойда тўхтасалар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳимоя қилиш мақсдида у кишига ўрталаридан жой ҳозирлар эдилар).

Ярим тунда уйғонганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни топмадилар”. Убода ибн Сомит айтади: “Шунда саҳобалар қўрқиб кетишди ва Аллоҳ таборака ва таоло пайғамбарига улардан бошқаларни саҳобаликка танлади, деб ўйлай бошлашди. Шу пайт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва

салламнинг шарпалари кўзга ташланди. У зотни кўрган саҳобалар такбир айтишди ва: «Эй Расулуллоҳ, Аллоҳ таборака ва таоло сизга биздан бошқа саҳобаларни танлаб бердими, дея қўрқиб кетдик», дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Йўқ, сизлар дунёю охиратда менинг асҳобимдирсиз…» дедилар [1] .

Демак, саҳобалар танланган зотлардир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қабул қилиб олинган ушбу динни бутун инсониятга етказиш вазифаси уларнинг елкаларига ортилган эди. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин бошқа пайғамбар келмайди. Шундай экан, агар саҳобаларда ёлғончилик, хиёнат, дангасалик, бўшанглик ёки дунёга муҳаббат қўйиш, ҳою ҳавасга берилиш каби сифатлар бўлганида нима бўлар эди?! Агар бизга дин бузилган, ўзгарган ёки чалкашган ҳолатда етказилганида қиёматгача ер аҳлининг ҳоли нима кечади?! Шунинг учун ҳам Аллоҳ азза ва жалла Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларига диққат билан қулоқ тутадиган, у зотни астойдил, эҳтиром ила тинглайдиган, сўнг эшитган нарсаларининг барчасини бизга етказадиган, шу билан бутун башариятга ҳужжат қойим қиладиган кишиларни танлаб олиши шак-шубҳасиз эди. Акс ҳолда, Аллоҳ азза ва жалла ер аҳлини қандай ҳисоб-китоб қилади?! Аллоҳ азза ва жалла ўз Китобида: “Аллоҳ таоло пайғамбарлар юбориш билан

(бандалар учун узрга ўрин қолдирмайдиган) ҳужжатни барпо қилмай туриб ҳеч бир кимсани азобламас” (Исро сураси, 15), деб турган ҳолида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин яшаган одамларни қандай ҳисоб-китоб қилади?!

Шундай экан, бу омонатни кўтарадиган ва кейинги авлодларга гўёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг орасида тирик юрганларидек кўринишда етказиб берадиган авлоднинг бўлиши шарт эди. Мана шу нарса саҳобалар авлодининг ягона авлод бўлишдек шарафга лойиқ кўрилган биринчи сабаб эди. Аллоҳ азза ва жалла Ўз Расулига ҳамроҳ қилиш учун бу авлодни илоҳий иноят ила танлаб олди.

[1] Имом Аҳмад, «Муснад» (5/325), «Ҳасан» ҳадис.

Зубайр Исмоил

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Report Page