Маънавият-янги уйғониш сари йул

Маънавият-янги уйғониш сари йул

@nurafshanziyo

Хабарингиз бор, Давлатимиз раҳбари томонидан маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида бугунги таҳликали даврда ёшларнинг маънавий тарбиясига эътибор ва масъулият масалалари бўйича зиёлилар олдига аниқ вазифалар қўйилган.

Жорий йилнинг 16 апрел куни Тошкент вилояти ИИБ нинг мажлислар залида "Маънавият-янги уйғониш сари йул", мавзусида семинар (маънавият соати) бўлиб ўтди. Кенгайтирилган холдаги маърузани тарих фанлари номзоди, доцент, РМММ тарғиботчиси, Нурафшон шаҳар халқ депутатлари кенгаши депутати С.У.Сулейманова олиб борди.

У ўз маърузасида халқимиз асрлар давомида дунё тамаддуни ривожига муносиб ҳисса қўшган комил фарзандлари, уларнинг илмий-маънавий мероси билан ҳам бошқа халқлар орасида ҳурмат-эътиборга сазовор бўлиб келган. Шарқона таълим-тарбияда ор-номус, одоб-ахлоқ, сабр-қаноат, бағрикенглик, илм-маърифатга интилиш, ўзидан яхши ном, яхши амаллар қолдириш каби фазилатлар бундан минг йиллар аввал ҳам бугунгидек муҳим аҳамият касб этган.

Қалблари илм-маърифат нуридан мунаввар бўлган кишилар ғайриахлоқий хатти-ҳаракатлардан тийилиб, кибрга, ҳою ҳавасга берилмай, белларига камтаринлик белбоғини боғлаб яшаган. Улуғ алломаларимизнинг бизларга қолдирган маънавий меросида бу борада кўп ҳикматли ҳикоятлар бор. Саховатпешалик, бағрикенглик, савобли хайрия ишлари, ҳар қандай ҳолатда ҳам маънавий комилликка интилиш, фарзандларни имон-эътиқодли қилиб тарбиялаш халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган.

Шу боис, эл-юртимиз не-не босқину истилоларга, оғир йўқотишларга қарамай, ўзлигини, дину диёнатини сақлаб қолган.

Маърифатли, зиёли кишиларнинг ибратли ҳаёти, илмий хазинаси дунё тамаддуни саҳифаларини ҳамон машъала янглиғ ёритиб келади. Халқимизнинг табиати ва тарихий тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, маънавий тарбия ва маънавий комиллик миллий истиқлол ғоясининг муҳим талабига айланди.

Бу ғоя янги озод ва эркин жамиятимиз ҳаётида қадим-қадимдан жамоа бўлиб яшаш руҳининг бугун ҳам устуворлиги, оила, маҳалла, эл-юрт тушунчаларининг муқаддаслиги, ота-онага, миллатнинг ўлмас руҳи бўлган она тилига муҳаббат, ҳаёт адабийлигининг рамзи бўлмиш аёл зотига эҳтиром, меҳнатсеварлик, ҳалоллик, меҳр-оқибат каби фазилатларни ўзида тўла акс эттиради. Айни чоғда, бу ғоя қонун устуворлиги, инсон ҳақ-ҳуқуқлари ва ҳурфикрлилик, турли миллат ва элат вакилларига, уларнинг миллий туйғулари ва диний эътиқодига ҳурмат каби умуминсоний қадриятларни ҳам юксак даражада эътироф этади деб такидлади.

@nurafshanziyo

 


Report Page