Маънавият айёми

Маънавият айёми

Суҳроб ҲАМРО. Муносабат.

САРЧАШМА ''КЎЗ ОЧДИ''

    Маълумки, 2021 йилнинг 26-мартида мамлакатимиз раҳбарининг “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ҳамда "Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармасини ташкил этиш тўғрисида”ги икки қарори қабул қилинди.

    Том маънода аҳолини маънавий жиҳатдан юксалтириш мақсадида қабул қилинган бу икки қарор халқимизни, хусусан, адабиёт намояндалари ва ихлосмандлари, чинакам маърифатпарвар фуқароларимизнинг дил тубидаги энг эзгу орзу-интилишларнинг инъикоси ўлароқ дунё юзини кўрди. Бир сўз билан айтганда, мана шундай юксак даражадаги эътиборга ижтимоий-маънавий эҳтиёжимиз бор эди.

    Янгиланаётган Ўзбекистонда маънавият соҳасида дебоча,  дастлабки йирик қадам, эсингизда бўлса, 2017 йилда Юртбошимиз томонидан имзоланган ''Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида''ги қарор орқали қўйилган эди.

    Юқорида номи зикр этилган, янги қабул қилинган икки қарор эса, маънавият борасида ҳукумат даражасидаги яхлит, якдил муносабатнинг ҳосиласи бўлиб, тарихий аҳамият касб этади.

    Турли негатив ижтимоий таъсирлар, ахборот хуружи авж олиб бораётган нозик бир даврда тарбия масаласи асосий муаммоларимиздан саналади. Чинакам маънавий муҳитни мажбурият нуқтаи назаридангина ўтказиб келинаётган, таги пуч, илдизи буюк алломаларимизнинг, хусусан, тасаввуф алломалари, жадид маърифатпарварларининг илғор фалсафий қарашлари ва ҳикматлари баҳридан симирмаган тадбир ҳамда учрашувлар билан яратиб бўлмаслигини чуқур англаб етган мамлакат раҳбари ғоят муҳим икки қарорга имзо чекди.

    Олий таълим муассасаларининг амалиёт билан ҳамкорлигининг тўғри йўлга қўйилмаганлиги, битирувчиларни ишга жойлаштиришда хўжамкўрсинчиликка асосланиш, коррупция, айирмачилик, кадрлар муаммоси мамлакатимиз Президентини чуқур безовта қилиб келаётганлиги президентентликка киришган дастлабки кунларидаги маърузаларидаёқ аён бўлганди.

    ''Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида''ги қарорда маънавий-маърифий ислоҳотларнинг самарадорлигига тўсиқ бўлаётган бир қатор муаммолар санаб ўтилган бўлиб, уларни бартараф этиш йўллари ҳам аниқ белгилаб берилган. Жумладан, қарор бўйича, халқимиз, асосан ёшларимизни маънавий таҳдидлардан ҳимоя қилиш самарали йўлга қўйилмаганлиги, бу борадаги илмий тадқиқот ишлари талаб даражасида эмаслиги, кадрлар муаммосини бартараф этиш мақсадида 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб олий таълим тизимининг тегишли таълим йўналишлари ўқув режаларига бакалавриат босқичида “Маънавиятшунослик”, магистратура босқичида “Касбий маънавият” фанлари киритиладиган ҳамда магистратура таълим босқичида “PR-менежер” мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрланиши йўлга қўйиладиган бўлди.

Қарорда санаб ўтилган, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишга тўсқинлик қилиб келаётган бир қанча иллатлар қаторида эл-юрт тақдирига лоқайдлик, маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчилик, оилавий қадриятларга беписандлик ва ёшлар тарбиясига масъулиятсизлик кабиларга барҳам беришга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш мамлакатимизда истиқомат қилиб келаётган ҳар бир ватандошимиз (Ўзбекистон фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс бўлишидан қатъи назар) маънавий ҳаётида сезиларли ижобий ўзгариш ясаши билан ғоят муҳим аҳамият касб этади.

    Дарҳақиқат, мамлакатимизда сўз эркинлигига, фикрлар ва ғоялар плюрализмига имкон бермас, коррупция, боқимандалик каби иллатлардан халос бўлмас эканмиз, салоҳиятли, чинакам маънавиятли ёшларнинг ҳар томонлама юксалиши учун ҳеч бўлмаганда минимал ижтимоий мезонлар асосида шароит яратмас, хусусан ''социал лифт'' тамойилига панжара ортидан қарар эканмиз, бўш иш ўринлари ярмаркаларини хўжамкўрсинга ўтказар, маънавиятнинг асосий унсури бўлмиш – аҳолининг ижтимоий-маданий ва ижтимоий-сиёсий савиясини юксалтиришга устувор эътибор қаратмас эканмиз, юксак тараққиёт ё бўлмаса, учинчи ренесанс пойдевори тўғрисида кўр-кўрона аюҳаннос солишимиз ножоиз, назаримизда.

    Юқорида санаб ўтилган иллатлардан халос бўлиш ва маънавият масаласида янгича амалий ишлаш йўлидаги улкан қадам – мазкур икки қарорнинг қабул қилиниши биз каби маърифатпарвар юртдошларимизнинг эртанги кунга бўлган умид-ишончини юксалтиргани айни ҳақиқат.

   ''Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармасини ташкил этиш тўғрисида''ги қарорда ''Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш'' мақсадли жамғармаси ташкил этилиши, мазкур жамғарма ҳисобига 2021 йилда давлат бюджетидан 120 миллиард сўм, жумладан, Республика Маънавият ва маърифат марказига мамлакат миқёсида маънавий-маърифий ишларни самарали ташкил этиш учун 10 миллиард сўм, унинг ҳудудий бўлимларига жойларда маънавий-маърифий соҳаларни ривожлантириш учун 90 миллиард сўм, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун 20 миллиард сўм маблағ ажратилишининг белгилаб қўйилганлиги ижод аҳли, хусусан, ёш ижодкорларни қувонтирди. Чунки, юксак савиядаги, кишилик жамиятининг эстетик дидини ўстиришга хизмат қиладиган адабий асарлар ярата олиш бахтига ноил ижодкорлар тирикчилик важидан турмушнинг турли жабҳаларида меҳнат қилиб, бўш вақтларидагина ижод қилиш имконига эга эдилар. Ўйлаймизки, ажратилажак маблағлар эндиликда профессионал асар яратадиган ижодкорларнинг ижодни асосий юмуш сифатида амалга оширишлари учун молиявий манба бўлиб хизмат қилади ва мутасаддилар томонидан адолатли сарф этилади!

   Ҳар қандай тараққиёт замирида шаксиз маънавият, илм ётади. Бунга, бир сўз билан айтганда, китоб мутолаасисиз эришиб бўлмайди. Илло, маънавият, тарбия масаласи, қадриятлар ва ўзлигимизга эътибор борасида амалий ишлар самарадорлигини айнан китобхонликни кенг тарғиб қилиш орқали амалга ошириш қанчалик даражада муҳимлигини даврнинг ўзи кўрсатиб қўйди...

   Азиз юртдошларим! 

   Янгиланаётган Ўзбекистонда янгича дунёқарашнинг яққол намунаси, таъбир жоиз бўлса, ниҳоят, қайтадан “кўз очган” жадидчилик ҳаракатининг “йўл харитаси” бўлмиш мазкур икки қарор, ҳақли равишда маънавият айёми барчангизга муборак бўлсин!

Суҳроб ҲАМРОЕВ,

БухДУ Педагогика назарияси ва тарихи мутахассислиги магистранти,

''Маърифат'' тарғиботчилар жамияти аъзоси


Report Page