Маъмурий адлия соҳасида Франция билан ҳамкорлик

Маъмурий адлия соҳасида Франция билан ҳамкорлик

Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Адлия вазирлиги масъул ходимларидан иборат Ўзбекистон делегацияси айни кунларда маъмурий адлия соҳасида Европа тажрибасини ўрганиш учун Франция Республикасига ташриф буюрди. Ташриф АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигининг (USAID) “Ҳуқуқий ислоҳотлар” дастури доирасида ташкил этилмоқда.

Хизмат сафаридан мақсад – маъмурий адлия соҳасида, хусусан маъмурий тартиб-таомилларни амалга оширишда юзага келадиган низоларни судгача (ёки суддан ташқари) ҳал қилиш бўйича Франциянинг илғор тажрибасини ўрганиш орқали мамлакатимизда судгача низоларни ҳал қилиш жараёнларини соддалаштириш ва “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонун ижросини самарали ташкил этиш.

Бугунги кунда мамлакатимизда судгача низоларни ҳал қилиш фуқаролар ва тадбиркорлар ўртасида оммалашмаган. Бироқ хорижий давлатларда айнан маъмурий шикоят қилиш босқичида аҳолининг асосий эътирозлари ҳал этилади.

Судгача низоларни ҳал қилишнинг самарали механизмларини жорий қилиш аҳоли ва тадбиркорларнинг давлат органлари томонидан қабул қилинадиган қарорларига ишончини оширишга, уларнинг ҳуқуқларини давлат органларининг ноқонуний ҳаракатларидан тезкор ҳимоя қилишга, мамлакатимизда бизнес учун инвестицион муҳитнинг яхшиланишига хизмат қилади.

Ташрифнинг дастлабки кунида делегация аъзолари Франция Давлат кенгаши (Conseil d'État) фаолияти билан яқиндан танишишди. Франция Давлат кенгаши Президент ҳузурида ташкил этилган бўлиб, маъмурий низоларни ҳал қилиш бўйича олий ваколатли орган ҳисобланади ва қуйидаги асосий вазифаларни бажаради:

маъмурий органларнинг қарорларидан норози бўлиб берилган маъмурий шикоятларни кўриб чиқади;

Франция ҳукумати томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳаларини Парламентга киритишдан олдин кўриб чиқиб, амалдаги қонунчиликка мувофиқлиги ва аҳоли ҳаётига таъсири бўйича хулосалар беради;

маъмурий тартиб-таомиллар соҳасида юзага келаётган муаммоларни, шу жумладан маъмурий органларнинг бекор қилинаётган қарорларининг бекор бўлишига олиб келаётган сабабларини тадқиқ қилади ва ўрганади.

Ташриф давомида Франция Давлат кенгашининг Маъмурий ҳужжатлар бўйича комиссияси президенти Жан-Люк Неваш, суд ишларини юритиш департаменти бошлиғи ўринбосари Кристин Могюе, Давлат кенгаши Бош котиби ўринбосари Сильван Хамберт, Ҳуқуқий тадқиқотлар департаменти директори Мартин де Буасдефре билан учрашувлар ўтказилди.

Учрашувлар давомида Франция Давлат кенгашининг маъмурий низоларни ҳал қилишдаги ўрни, унинг фаолият йўналишлари, давлат органлари ва фуқаролар ўртасида низоларни судгача ҳал қилишда медиация механизмларини қўллаш тартиблари, фуқароларни давлат органларининг ноқонуний қарорларидан ҳимоя қилиш воситалари ҳақида маълумотлар олиниб, ўзаро фикр алмашилди. Шу билан бирга, Франция томони охирги йилларда Ўзбекистонда маъмурий тартиб-таомилларни ривожлантириш, маъмурий судлар фаолиятини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар ҳақида хабардор қилинди.

Ташриф Ўзбекистон Республикасининг Франциядаги элчихонаси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Хизмат сафари ҳақида қўшимча маълумотлар бериб борилади.

 Адлия вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими


Report Page