“Мактабларда лидерлик ва STEAM” лойиҳаси доирасидаги билимларни қолган директорларга улашишга қаратилган халқаро конференция Наманган шаҳрида давом эттирилди
Биласизки, А.Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти ҳамда АҚШнинг Шимолий Жоржия университети ҳамкорлигида олиб борилаётган “Мактабларда лидерлик ва STEAM” лойиҳаси доирасида ўрганилаётган билимларни қолган мактаб директорларига етказишга қаратилган конференция, форумлар ташкил этилмоқда. Навбатдаги халқаро конференция “Мактабларда лидерлик, STEAM ва иккинчи тилни ўқитишнинг аҳамияти” мавзусида Наманган вилояти Наманган шаҳрида ўтказилди.
Тадбирда А.Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти директори А.Раджиев, Наманган вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Рустамжон Исроилов, Шимолий Жоржия институти профессори Dr. Carly Wynne, ESN лойиҳасининг инглиз тили мутахассиси Wendy Coulsonлар иштирок этдилар. Шунингдек, Наманган вилоятининг туманларидан инглиз тилида сўзлаша оладиган мактаб директорлари, уларнинг ўринбосарлари ва инглиз тили ўқитувчилари, Тошкент шаҳри ва вилояти, Фарғона вилоятидан лойиҳа иштирокчилари жалб этилди.
Мазкур тадбир давомида иштирокчилар STEAM технологияларини дарсларга қандай қилиб қўллаш, мактаб раҳбар, ўқитувчи ва ўқувчиларининг лидерлик қобилиятларини ошириш ва иккинчи тил ўқитишдаги замонавий технологиялар ҳақида кўплаб билим ва ахборотларга эга бўлдилар.