Мактабларда фаолият юритаётган барча ўқитувчи ва ходимлар коронавирусга бепул тест топшириб дорилар билан таъминланмоқда

Мактабларда фаолият юритаётган барча ўқитувчи ва ходимлар коронавирусга бепул тест топшириб дорилар билан таъминланмоқда


Аввал хабар берилганидек, республикамиз мактабларида фаолият юритаётган ўқитувчи ва ходимлардан "COVID-19"га тест олиш ҳамда бепул дорилар билан таъминлаш ишлари олиб борилмоқда.

Бугунги кунга қадар Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан ўрта таълим мактабларининг барча ўқитувчилари ҳамда бошқа ишчи ходимларнинг аксарияти махсус лаборатория усулида коронавирус инфекциясига текширувдан ўтказилган.

Шунингдек Халқ таълими вазирлиги, унинг ҳудудий бошқарма ва туман (шаҳар) бўлимларида Штаблар ташкил этилган бўлиб, улар томонидан умумтаълим мактаблари фаолиятини хавфсиз ва белгиланган вақтинчалик санитария талаблари асосида ташкил этиш юзасидан кунлик бажарилаётган ишлар бўйича маълумот алмашинуви йўлга қўйилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Халқ таълими вазирлигининг “COVID-19 пандемияси даврида умумий ўрта таълим мактабларига тиббиёт ходимларини бириктириш ва фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қўшма қарорга кўра, республикада мавжуд 9 986 та умумий ўрта таълим мактабларига тиббиёт ходимлари, патронаж ҳамширалар, туман тиббиёт бирлашмалари, даволаш-профилактика муассасалари раҳбарлари, ҳудудий санитария-эпидемиология хизмати ходимлари бириктирилган.

Шунингдек коронавирус пандемиясининг салбий оқибатлари, коронавирус инфекцияси билан касалланишини олдини олиш ва даволаш мақсадида Халқ таълими вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қўшма қарори имзоланган ва унга кўра барча ўқитувчи ва ходимлар гидроксихлорохин хамда цинк препарати билан бепул таъминланмоқда.

Ҳозирги кунда мактабда фаолият юритадиган ходимлардан тест олиш жараёни давом этмоқда. Тест топшириш тадбирларига қамраб олинмаган ходимлар ҳудудлардаги халқ таълими бошқармалари ҳамда санитария эпидемиология осойишталик марказларига мурожаат қилишлари мумкин.

Report Page