Мактаблар мавсумга тайёр эмас. Янги ўқув йилига саноқли кунлар қолди...

Мактаблар мавсумга тайёр эмас. Янги ўқув йилига саноқли кунлар қолди...


Янги ўқув йили бошланишига ҳам оз фурсат қолди. Айни кунларда ўқитувчилар жамоаси таътилдан қайтиб, машғулотларга тайёргарлик кўришяпти. Хўш, таълим муассасаларичи, янги ўқув йилига тайёрми? Шу каби саволларга ойдинлик киритиш мақсадида туман ҳокими Ҳ.Тўйчиев соҳага масъул мутасаддилар билан биргаликда умумтаълим мактабларини кўздан кечирди.

Туманимизда 56 та мактаб фаолият юритади. Уларнинг барчасида июнь-июль ойларидан таъмирлаш ишлари бошланган.

– Аксарият мактабларимизда жорий таъмир ишлари якунига етди, – дейди халқ таълими бўлими мудири вазифасини бажарувчи Ғайрат Муродов. – Фақат айримларида иш сустлашган. Ҳусусан, 46- ва 13-мактаб биносини таъмирлаш ҳануз якунига етказилмаган.

46-умумтаълим мактаби тумандаги йирик мактаблар сирасига киради. Жорий йилда муассаса биносининг том қисми, иситиш тизими янгиланиши, шунингдек, янги ҳожатхона қурилиши кўзда тутилганди. Шартнома асосида “Интеграл инвест” МЧЖ ва “Низомжон Саидрасулов” ҳусусий фирмаси томонидан амалга оширилиши зарур бўлган ишлар ўз вақтида бажарилмаган. Ўрганиш жараёнида ҳожатхона қурилиши давом этаётгани, том ва иситиш тизими ҳам ҳали якунига етмагани аниқланди.

13-умумтаълим мактабида ҳам ҳожатхона қурилиши режалаштирилган бўлиб, иш шу пайтгача ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Ўқув йили бошланишига саноқли кунлар қолганига қарамай, эндигина пойдевор қисми қурилибди. 

Бундан ташқари, 6-, 38-, 53-мактаблар ҳам ҳозирча, мавсумга тайёр эмас. 

Туман ҳокими Ҳ.Тўйчиев қурувчи ташкилот раҳбарлари билан суҳбатлашди. Ишни жадаллаштириш, белгиланган муддатда фойдаланишга топшириш масъулияти яна бир бор эслатилди. Акс ҳолда, ҳуқуқий оқибат юзага келиши ҳақда огоҳлантирилди. 13-умумтаълим мактаби ҳовлисида саф майдончаси, 38-умумтаълим мактабининг ичимлик суви билан таъминлаш бўйича қўшимча тавсиялар берилди.

2-, 14-, 29-мактабгача таълим муассасаларида ҳам таъмирлаш ишлари якунланмагани аниқланди. Барча биноларини мавсумга шай ҳолга келтириш учун 25 августга қадар якуний муддат белгиланди.



Report Page