Мактабга қабул қилишдаги муаммолар: «Тошкентлик» бўлмаганларнинг фарзандлари ҳарф танимасинми?

Мактабга қабул қилишдаги муаммолар: «Тошкентлик» бўлмаганларнинг фарзандлари ҳарф танимасинми?

@Ustozlarga


16:271276

Табиб табиб эмас, бошига тушган табиб, дейди доно халқимиз. Воқеа-ҳодисаларнинг бевосита иштирокчиси бўлмасангиз, фақат рост сўзни ёзмоқчи бўлсангиз ҳам, барибир битикларингизда заррача бўлса-да ёлғон қўшиларкан. Яқинда даврий матбуотимизнинг юзини безаган бир хабар («Мактабга ўқувчи қабул қилиш тартиби қандай?») фарзандлари шу йил мактабга борадиган ота-оналарни хурсанд қилгани шубҳасиз. Аммо, таассуфки, бу хабардаги ҳамма гаплар ҳам ҳақиқат эмаскан! Қоғоз бошқа, ҳаёт бошқа!

Гап шундаки, сентябрь ойини мен ҳам кўплаб ёш ота-оналар сингари орзиқиб кутяпман. Чунки тўнғич фарзандим биринчи синфга боради! Ахир, бундай бахт қайси ота-онани хурсанд қилмайди, дейсиз?!

Лекин ҳали сентябргача уч ой борлигига қарамай мен кабиларнинг юрагига ғулғула тушган: «Мактабга топшириш керак бўлган ҳужжатларни вақтида йиға оламанми?». Хабарда санаб ўтилганидек, умумтаълим муассасаси директори номига ариза, ота-онанинг фуқаролик паспорти нусхаси, боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси нусхаси, боланинг соғлиги тўғрисидаги тиббий маълумотнома ва 3/4 расмни тайёрлаш бир кунлик иш. Аммо аслида мактаблар томонидан норасмий равишда талаб қилинаётгани фақат шулар эмас-да!

Энг аввали, гарчи мактабгача таълим муассаси тайёрлов гуруҳини аъло даражада тамомлаган бўлса-да, гарчи 6,5 ёки 7 ёш ҳам эмас, 7,5 ёшда бўлса-да, мен ҳам фарзандимни психо-невролог кўригидан ўтказиб, маълумотнома олишим керак экан. Шундай қилдик. Таажжубланарлиси эса Чилонзор тумани бўйича 38-оилавий поликлиникидаги биргина мутахассисдан маълумотнома олиш керак экан (?!). Гарчи шанба, дам олиш куни бўлса-да, узундан-узоқ навбатда 33-бўлиб, қабулга кирдик. Саволларга бийрон жавоб берган ўғлимга маълумотнома ёзиб берар экан, ҳамшира эмас (!), шахсан шифокорнинг ўзи «Бланка учун ўн минг ташаб кетарсиз» деб қолди. «Фарзанди мактабга борадиган ота-она қувончи олдида ўн минг сўм нима бўпти?! Жуда майда гапку», дерсиз. Мен ҳам шундай ўйладим. Шифокор хонасидан чиқиб, бошқа оналар билан суҳбатдан аён бўлдики, А4 форматдаги қоғознинг тўртдан бир бўлагига тенг бўлган «Бланка учун» ҳаммадан шунчадан пул сўралаётган ва андишали халқимиз ҳам «дўхтир опанинг дилига озор бермаётган» экан. Энди ўйлаб кўринг, мен 33-навбатда қабулга кирган бўлсам, шифокор бир кунда ўртача 35 нафар кишини қабул қилса, чинданам, бу майда гапми?

Майли, «бланка»ни олишга олдик, аммо олдинда бизни бундан ҳам муҳимроқ «гап»лар кутиб турганини ҳали билмас эдик. Эътибор берган бўлсангиз, бояги хабарда («Мактабга ўқувчи қабул қилиш тартиби қандай?») «Мактаб ёшидаги болаларни умумий ўрта таълимга қамраб олиш туман (шаҳар) ҳокимликларининг қарори билан умумтаълим муассасалари бириктирилган ҳудудлар доирасида умумтаълим муассасаси педагог ходимлари томонидан болаларни бирма-бир (уйма-уй) рўйхатга олиш орқали амалга оширилади», деган жумла бор эди. Маъзур тутасизу, шу гап ҳам ғирт ёлғон десам айбга буюрмайсиз. Сабаби мен ўзим яшайдиган маҳаллада бировнинг эшигини тақиллатиб, «Фарзандингиз бу йил мактабга борадими?» деб сўраган халқ таълими ходимини кўрганим йўқ. Мен соҳанинг ҳурматли (бу гапни чин дилдан айтяпман. Зеро, ҳазрат Навоий айтганларидек, «Айламак бўлмас адо, онинг ҳақин юз ганж ила») ходимларига туҳмат қилаётганим йўқ асло! Бунга шубҳаси бўлганлар айтсинларчи, унда Чилонзор тумани «Катта Хирмонтепа» маҳалласи, 8/1 уйда яшовчи мактаб ёшига етиб, етиб эмас, ошиб кетган тўрт мучаси соғ Лачин исмли (рус миллатига мансуб кекса бувиси ва онаси билан истиқомат қилади) бола нега мактабга қамраб олинмаган? Шу уй эшигини бирор мактаб мутасаддиси тақиллатиб келганми? Ахир, у Ўзбекистонда нафас олмаяптими?! Балки оиладаги шахсий сабабларни рўкач қилиш мумкиндир. Аммо кечирасизу, бир боланинг хат танимай ўсиши асло оилавий иш эмас! Қолаверса, бизда умумий таълим бепул ва мажбурийдир. Майли, мавзудан йироқлашмайлик.

Хуллас, университетда бирга ўқиган курсдошим билан (унинг ўғли ҳам 7 ёшда) ўзимиз мактабга йўл олдик (Бизнинг маърифатли халқимиз шунга аллақачон ўрганиб бўлишган). Сабаби тажрибали ота-оналарнинг маслаҳатига кўра кечроқ ариза берсангиз, «Жой тўлиб қолди»га ўхшаш баҳоналар эшитиш мумкин экан. Мактаб директори билан суҳбатлашиб, яхши ниятимизни айтдик. У бизга сиз қуйида кўриб турганингиз мана шу қоғоз бўлагини тутқазди. Ва «кўринишидан вилоятликларга ўхшаш» бўлганимиз учунми, «Прописка, албатта, керак» деб қўйди. Икки журналист бир-биримизга имоли қараб қўйдик. Директор опа эса бамайлихотир «керакли ҳужжатлар рўйхати»ни оғзаки қайтара бошлади...


Биз эса (биримизда доимий прописка бор, биримизда эса йўқ) «Доимий рўйхатда турмасдан ҳам пойтахтда ишлаш мумкинлигини шахсан Президентимизнинг ўзи айтиб турганда, нега мактаб прописка сўрайди?! Пойтахтда ишлайдиганларнинг фарзандлари ҳарф танишга ҳақли эмасми?» каби саволлар билан директорни «қийнаб қўйдик». Аммо опамиз ҳам «марсдан тушган»дай бизга термулиб туравердилар-да, «Биздан ҳам шуни талаб қилишади-да, рўйхатда турган жойи бўйича қабул қилишимиз керак» деди. Биз турли ичкин ўйлар билан ортга қайтдик.

Ҳозирча гап шу. Аммо сентябргача ҳали кўп вақт бор... Муаммони ечиш учун ҳам, кўпайтириш учун ҳам! Мақсадимиз мутасадди ташкилотларга асл, ҳаққоний ҳолатни кўрсатиб бериш эди. Буёғи уларнинг зиммасидаги иш.

Зуҳал Рўзиева