Мактабда синф раҳбари ҳамда маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари юритаётган хужжатлар сони қисқартирилди

Мактабда синф раҳбари ҳамда маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари юритаётган хужжатлар сони қисқартирилди


Халқ таълими вазирлигининг умумий ўрта таълим муассасасининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари ва синф раҳбарлари фаолияти самарадорлигини ошириш ҳақидаги буйруғи тасдиқланди.

Халқ таълими вазирлигининг 180-сонли буйруғи билан умумий ўрта таълим муассасасининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари ва синф раҳбарлари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида янги таҳрирдаги низомлар тасдиқланди.

Мазкур низомлар билан боғлиқ асосий ўзгаришлар мактабларда маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари ва синф раҳбари томонидан юритиладиган ҳужжатларнинг сони билан боғлиқ.

Ҳусусан, 2020/2021-ўқув йилидан эътиборан маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари томонидан шу кунга қадар юритиб келинаётган ҳужжатларнинг сони 7 тадан 4 тага, синф раҳбарининг эса 4 тадан 2 тага қисқартирилди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу ўзгаришлар Халқ таълими вазирлиги томонидан сўнгги йиллар давомида тизимда ортиқча ҳужжатбозликни камайтириш орқали умумтаълим мактабларида таълим-тарбия ишларини янги сифат босқичига олиб чиқиш йўналишидаги ишларнинг мантиқий давоми ҳисобланади.

Айнан маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари ва синф раҳбари томонидан мактабларда ўқувчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларга одоб-ахлоқ қоидаларини ўргатиш, ёд ғоялар таъсирига тушиб қолишларининг олдини олиш, турли ҳил ғайриижтимоий ҳатти-ҳаракатларнинг содир этилиши олдини олишга қаратилган тадбирларни амалга ошириш орқали ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли банд этиш каби вазифалар амалга оширилади.

Юритиладиган ҳужжатларнинг сонини камайтириш ёки оптималлаштиришдан кўзланган асосий мақсад, умумтаълим мактабларида ташкил этилаётган тарбиявий ишларнинг бевосита манзилли ва изчил кўриниш касб этишига эришишдан иборат. Яъни, таълим муассасаларида “хавф гуруҳи”га кирган ўқувчиларнинг ҳар бири билан якка тартибда кўпроқ шуғулланиш орқали уларнинг ижтимоий реабилитация жараёнини тезлаштириш кўзда тутилган.

Умид қиламизки, тизимдаги мазкур ўзгаришлар яқин истиқболда умумтаълим мактабларида тарбиявий ишларнинг самарадорлигини ошишига ҳизмат қилади. Зеро келажагимиз бўлган ёшларнинг тарбияси бугунги кунда аллақачон ҳаёт-мамот масаласига айланиб улгурди.

        

     


Report Page