Мактаб таълимида сифатли бошқарув
АРГОСЖорий йилнинг 16-17 октябрь кунлари Самарқанд давлат университетида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академияси ҳудудий филиали, А.Авлоний номидаги Халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти, Самарқанд вилоят Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази, Самарқанд давлат университети, вилоят Халқ таълими бошқармаси ҳамда Самарқанд шаҳар Халқ таълими бўлими ҳамкорлигида Самарқанд шаҳридаги умумтаълим мактаблари, ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаблари ҳамда “Баркамол авлод” маркази раҳбарлари учун ўқув-семинари ташкил этилди.
Мазкур семинарда 80 нафардан зиёд умумтаълим мактаблари директорлари иштирок этди.
Семинарда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2020 йил 30 сентябрдаги “Ўқитувчи ва мураббийлар куни”га бағишланган тантанали маросимда сўзлаган нутқида ўқитувчи ва мураббийлар зиммасига юклатилган бир қатор вазифалар ижросини таъминлаш масаласи муҳокама қилинди.
Семинарда Давлат бошқарув академияси ҳудудий филиали ўқитувчилари, давлат органлари ва ташкилотларининг ҳудудий бошқарма бошлиқлари ҳамда олий таълим муассасалари ректорлари, хусусан, вилоят Халқ таълими, Молия, Адлия, Бандлик, Касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармаси бошлиқлари, Давлат бошқаруви академияси Самарқанд ҳудудий филиали директори, вилоят Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази директори, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси вилоят бўлими бошлиғи, СамДУ, СамДЧТИ, СамИСИ, ТАТУ Самарқанд филиали директори марзучи сифатида иштирок этди.
Ўқув-семинарда вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидаги умумтаълим мактаблари директорлари онлайн тарзда видеоалоқа воситаси орқали иштирок этди.
2 кунлик ўқув машғулотлари давомида мактаб директорларига мактабни бошқаришда юзага келаётган турли муаммоларни бартараф этиш усуллари, малака оширишнинг аҳамияти, таълим муассасасини бошқаришда замонавий методлар, таълимда рақамли иқтисодиётнинг қўлланилиши, таълим иштирокчилари билан самарали мулоқотга киришиш, таълим муассасаси бошқарувида тажриба ва малаканинг аҳамияти каби йўналишларда машғулот ҳамда тренинглар ўтказилди.
Инсон капитали яратувчилари сифатида уларнинг касбий компетенцияларини ривожлантиришга қаратилган интерактив тренинглар ташкил этилди. Ушбу тренингларда мактаб директорлари ҳам фаол иштирок этдилар, амалиётда дуч келаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича савол-жавоблар олиб борилди.
Ўқув-семинари якунида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ҳудудий филиали раҳбари томонидан О.Хасановнинг "Лидерлар китоби" тақдимоти ҳам ўтказилиб, директорларнинг лидерлик қобилиятларини ривожлантириш мақсадида китоб совға қилинди.
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Ахборот хизмати