Мактаб формаси масаласи яна юракларни увуштирадими ёхуд ичимиздаги оғриқлар.

Мактаб формаси масаласи яна юракларни увуштирадими ёхуд ичимиздаги оғриқлар.

© Тарих ва сиёсат


Мактаб формаси масаласи яна юракларни увуштирадими ёхуд ичимиздаги оғриқлар.


Сентябрь ойи яқинлашган сари мамлакатимизнинг қўштирноқ ичидаги илғор дунёвийлашган қатламида, халқимиз олдидаги барча муаммолар ҳал бўлган-ку, битта шу мактаб формаси масаласи қолиб кетгандек, шу масаласи кўтарилади. 


Ўзларини ҳукуматга яқин блогер сифатида даъво қиладиган “Дайди*ўқ” каби каналларда яна мамлакатимизнинг дунёвий давлат эканлиги ҳақидаги шахсий қарашларига беланган постлар чиқа бошланди. 


Аввалроқ айтиб ўтганимиздек, мамлакатимиздаги атеистик мафкурага эга оз сонли радикал фуқаролар ва мутасаддилар “дунёвийлик” тушунчасидан ўзларининг ғаразли мақсадларида фойдаланиб, мамлакатимизнинг эмин-эркин, тенг ҳуқуқли, эътиқодли ва қадриятли қатламига нисбатан нафратларини ошкор қилмоқда. 


Ана шундай нафрат, аниқроғи исломофобик касалликнинг кўринишларидан бири бу “мактаб формаси” масаласидир. Атеист радикалларининг наздида давлат томонидан бериладиган таълим атеистик бўлса, давлат хизмат кўрсатаётган фуқароларнинг ҳар қандай қадрият ва эътиқодларини писанд қилмаса, шундагина давлат дунёвий бўлади, гўё. 


Аслини олганда, конституцион тизимга кўра, давлат халқ хизматчисидир. Халқ эса, давлатга “бизнинг ҳамма фарзандларимизни ўқитиб бериш мажбуриятини оласан” деган мажбуриятни юклаган. 


Давлат барча фуқароларга сифатли умумий ўрта таълимни таъминлаб бериш мажбуриятига, халқ эса ўша таълимни олиш мажбуриятига эга. Давлат таълимни таълим соҳасига оид профессионаллар - давлат хизматчилари орқали амалга оширади. 

Давлатнинг дунёвийлиги бирорта диний ва миллий қадриятларга тўсиқ яратишида эмас, балки диний қадрият ва эътиқодларни мажбуран ўқитмаслигида намоён бўлади.


Афсуски, мамлакатимиздаги сохта либераллар, аслида радикал атеистлар, давлатнинг дунёвий эканлигидан ўзларининг исломофобик бузғунчи ғояларини амалга оширишда фойдаланмоқдалар.


Хўш, давлат дунёвий бўлса, ундаги мактабларда диний ва миллий либосларга ўрин йўқми? Ҳақиқатдан ҳам, “Дайди *ўқ” каби радикал атеистлар даъво қилганидек, мактаб ўқувчилари таълим олиши учун динидан, эътиқодидан, урф-одатидан, ҳатто ҳаёсидан айрилиши шартми?


Ушбу саволга жавоб бериш учун аввал келинг, диний либос тушунчасини шарҳлаб ўтайлик.


Исломий эътиқодимиз ва маданиятимизга кўра, эркак ва аёллар тана қисмининг белгилан қисмини беркитган ҳолда кийиниб юришлари талаб этилади. Ушбу талаб, авваламбор, турли фитналарнинг олдини олиш, эркакка эркакча, аёлларга аёлларга хос муомила қилиш, шунингдек уларнинг шаъни ва номусини ҳимоя қилишга қаратилган. 


Мисол учун, аёлларнинг кийинишига оид талаблар уларнинг эркинлиги, ҳурлиги, ҳимоя остидалиги, шунингдек ижтимоий ҳолатини намоён қилади. Аниқроғи, либос аёлларнинг ижтимоий мавқеъини намойиш этади. 


Сатр - яъни баданнинг керакли қисмларини ёпиб юриш, исломий эътиқод, маданият ва инсоний фитратнинг талабларидан биридир. 

Бундан ташқари, бизнинг динимиз, дунёқарашимиз ва маданиятимиз либосларимизнинг поклиги, тозалиги ва гўзал бўлишини ҳам талаб этади. Поклик ҳам диний либос талабларидан биридир. 


Радикал атеистларнинг исломофобик даъволарига кўра, агар давлат дунёвий бўлгани учун ўзи хизмат кўрсатадиган халқининг динсиз бўлишини талаб этса, яъни диний талабларга жавоб берадиган либосларни тақиқласа, унда фуқароларнинг ярим яланғоч, кир ва рўдапо либосларда юришини талаб қилиши керак. Зеро, сатр, поклик ва гўзаллик диний талаблардандир. 


Иккинчидан, дунёвийлик тамойили фуқароларнинг урф-одатларининг камситилишини талаб қилмайди. Балки у фуқароларга диний эътиқод билан боғлиқ бўлмаган хизматларни кўрсатишни талаб этади. Давлат дунёвийми, марҳамат бизга дунёвий таълимни сифатли таъминлаб қўйсин! Бизнинг диний ва миллий қадриятларимизга аралашмасин! Мана шу ҳақиқий дунёвийлик. 


Таълим ҳам давлатнинг фуқаролар олдидаги мажбурияти экан, уни фуқаролар ҳуқуқларига зиён етказмаган ҳолда, сифатли амалга ошириши керак.


Давлат дунёвий бўлса, мактабларда миллий ва диний урф-одатларга йўл йўқ, дейиш французча радикал атеистик мафкуранинг бир кўринишидир. Аввалроқ таъкидлаганимиздек, француз радикал инқилобчи секулярларининг ғоялари мамлакатимизнинг радикал атеистлардан иборат блогерлари ва мутасаддилари орасида тарқалган. Французпарастча дунёқараш эса, Париж олимпия ўйинларининг очилиш маросими мисолида, қандай разилликларга олиб келишини кўрдик.


Ўзбек атеист, исломофоб сиёсатчиларининг орасида “дунёвийлик” дейилганда фақат фаранцузча радикал дунёвийлаштиришни ўйлашлари халқимиз, миллатимиз учун таҳдид ҳисобланади. Зеро, дунёвийлик фақат французча радикал атеизмдан иборат эмас.


Келинг, дунёдаги энг илғор дунёвий давлатлар ва ундаги мактаб формаларига бўлган муносабатни кўриб чиқамиз:


Туркия - ушбу давлат дунёвий бўлиши билан бирга, 2013 йилдан бошлаб мактабларда қизларнинг рўмол ўраб юришларига рухсат берган.

Индонезия - энг кўп мусулмон аҳолига эга дунёвий давлат. Мактабларда рўмол ўрашга рухсат берган.

Канада - ривожланган дунёвий давлат. Мактабларда миллий, диний ва маданий либосларни кийишга рухсат берган.

Жанубий Африка Республикаси - дунёвий ривожланган давлат. Мактабларда миллий ва диний либосларга рухсат берган.

Австралия - ривожланган дунёвий давлат. Мактабларда рўмол ўрашга рухсат берган.


Энг ривожланган дунёвий давлат бўлган АҚШдаги ҳолат ҳам бизнинг радикал атеистларни қувонтирмайди. Зеро, Америка Қўшма Штатлари Конституцияси диний эркинликни кафолатлайди, бу эса диний эътиқодни либос орқали ифода этиш ҳуқуқини ҳам ўз ичига олади. Бундай эркинлик давлат мактабларига ҳам тегишли бўлиб, ўқувчиларга ҳижоб, дўппи, рўмол каби кийимларни кийишга рухсат беради.


Америка қонунчилигига кўра, дунёвий давлатчилик диний амалларни чекловчи қонунларни қабул қила олмайди. Шундан келиб чиқиб, мактабларда миллий ва диний қадриятларга асосланган либосларни кийишни ҳам тақиқлай олмайди. АҚШ Олий Суди ўз фаолияти давомида бир неча ҳолатда ўқувчиларнинг диний кийимларини кийиш ҳуқуқини қўллаб-қувватлаган. АҚШ мактаблари ягона кийиниш формаларини жорий қилиш ҳуқуқига эга бўлсаларда, бундай талаблар миллий ва диний эътиқодларни тақиқлаш эвазига бўлиши керак эмас. Агарда бундай тақиқлар жорий қилинмоқчи бўлса, дастлаб унинг хавфсизлик ва тартибни сақлашга хизмат қилиши илмий асосда исботланиши керак. 


Шундай қилиб, энг ривожланган дунёвий давлат АҚШ давлат мактабларида диний кийимларни кийишга нисбатан энг кенг рухсат берувчи давлатлардан бири ҳисобланади.


Хўш, Франциядагидек радикал дунёвийликдан ташқари, бошқа кўплаб ривожланган дунёвий давлатларда давлат мактабларида диний либосларга рухсат берилган экан, нимага биз, ўзбек қоракўзлари ўз мактабларимизда ўзбекона, миллий, маданий ва гўзал усулда рўмолларни ўраганимиз учун радикал атеист ва айрим мактаб директорларидан дакки эшитишимиз керак?


Ахир давлат бизнинг миллий, маданий ва диний ишларимизга аралашмаслик, уларни камситмаслик, уларни таҳқирламаслик кафолатини олган эмасми? 


Нима сабабдан бир нечта радикал атеистларнинг дунёвийлик ҳақидаги ҳаёлларини деб ўз юртимизда миллий либосларимизни кийишдан қийналишимиз, нима сабабдан ҳар йили сентябрь ойи яқинлашганда мастура қизларимизни ҳеч ким уршмайдими, сўкмайдими, қўлини бигиз қилиб кўрсатмайдими, деб юрагимиз увушиши керак?!


Биз ўзимизни давлатда яшяпмизми ёки бегона давлатдамизми ўзи?!


© Тарих ва сиёсат

Report Page