Макроиқтисодиётдаги энг муҳим “nonsense”

Макроиқтисодиётдаги энг муҳим “nonsense”

MacroBS

Тасаввур қилинг, банкдан кредит олмоқчисиз, айтайлик, 100 млн.сўм. Банкка мурожаат қилдингиз ва амалга оширмоқчи бўлган лойиҳангни тақдим этдингиз. Банк ҳам лойиҳани ўрганиб чиқиб, сизга кредит ажратишга қарор қилди. Жуда кўпчилигимиз ўйлаймиз: юқоридаги суммани ажратиш учун банк дастлаб шунча миқдорда депозитга пул жалб қилиши ёки қилган бўлиши керак деб, тўғрими? Аслида эса, жараён қуйидагича содир бўлади (Спойлер: бундай тизим “нормал” банк-кредит тизимида ишлайди). 

Агар банкка мурожаат қилган мижоз тўловга лаёқатли бўлса ва қарз бўйича фоиз тўловларни бозор ставкасида тўлашга рози бўлса, унда банкда кредит ажратиш учун унинг ҳисобида нақд пул ёки олдиндан қўйилган депозит(омонат) бўлиши шарт эмас. Ҳар қандай банк мижознинг ҳисобрақамини сўралган маблағга кредитлаш орқали пул яратиш хусусиятига эга. Банк нуқтаи-назардан мазкур ажратилган қарз унинг активлари ва депозитларини 100 млн.сўмга кўпайтиради. Депозитлар (омонатлар) пул таклифининг муҳим элементи бўлгани учун макроиқтисодий нуқтаи-назардан банк “ҳаводан пул яратди”. Ҳа, шундай ҳаводан пул яратди. 

Табиий савол туғилади – агар жараён шу даражада осон бўлса, банклар исталганча пул яратиши мумкин эмасми? Албатта, йўқ. Йўқса, сиз ҳам, мен ҳам банк очган бўлар эдик. Банкнинг пул яратиш имконияти унинг мавжуд капитали билан чегараланган. Капиталнинг етарлилигини ҳисоблаш мураккаб бўлсада, умуман олганда банк ўзининг берган қарз маблағларининг 4%дан кам бўлмаган миқдорда капиталга эга бўлиши керак. 100 млн кредит бериш учун банк камида 4 млн.сўм ортиқча капиталга эга бўлиши керак. Капитал фақат банкнинг ўзлик маблағи бўлиши керак; депозиторлар ёки бошқа банклар ва хаттоки, Марказий банкка ҳам тегишли бўлмаслиги керак. Банк эгалари томонидан киритилган маблағ ва плюс қайта реинвестиция қилинган ҳар қандай фойда банкнинг капитали ҳисобланади. 

Албатта, ҳар қандай киритилган 4 млн инвестиция учун банк 100 млн сўм пул яратиши мумкинлигини ҳисобга олсак, банкнинг пул яратиш имконияти чекланган бўлсада, анча катта. Бундан ташқари банк берилган кредит учун фоиз шаклида даромад олишини ҳисобга олсак, капиталга қўйилган бундай талаб банк учун яхши миқдорда фойда олиш имконини ҳам беради. Шунинг учун нормал фаолият юритувчи банк тизимида қарз олиш банкни ўзини лойиҳасига ишонтирувчи одамлар учун унча қийинчилик туғдирмайди. 

Шу билар бирга, банк дунёга келтирган 100 млн сўмдан 10 млн. сўм Марказий банкда захира яратиши керак (шартли равишда мажбурий заҳира нормаси 10% деб олсак). Бироқ, бу банкка яхши мижозлар учун кредит ажратиш учун тўсиқ бўла олмайди. Чунки, банклар ҳар доим мижозга берган кредитидган арзонроқ фоиз ставкада 10 млн. сўм резервни қарзга олиши мумкин. Резерв топишнинг эса бир қанча манбалари бор (масалан, банклараро пул бозоридан ёки Марказий банкдан). Шу билан бирга, кредит олган мижознинг маблағлари мазкур банкда узоқ сақланиб қолмайди ва банкнинг мазкур яратилган ҳисобрақам бўйича мажбурий заҳираларини узоқ муддат ушлаб туришни талаб қилмайди.

Шу нарса диққатга сазоворки, ушбу мисолда банк кредит бериш учун омонатчилар (депозиторлар)нинг пулидан фойдаланмади. Агар мижоз олинган кредитни трансакция амалга ошириш учун бошқа ҳисоб рақамга ўтказишни сўраса, унда банк Марказий банк резервидан (Марказий банк банк банклараро тўловларни амалга оширишда ишлатилувчи “резерв (пул)”нинг ягона яратувчиси ) фойдаланган ҳолда бу ишни амалга оширади. 

Албатта, зукко ўқувчи савол қўйиши мумкин – банклар кредит бериши учун банклараро пул бозорида кимнингдир олдинроқ қарзга берилмаган депозити бўлиши керак эмасми? Ҳа, шундай бўлиши керак. Бироқ юқоридаги мисолдан маълумки, бошқа банкда қарзга берилмаган депозит мавжуд, чунки шу бошқа банк бизнинг банк томонидан яратилган 100 млн.сўмни ҳозиргина қабул қилиб олди.

Умуман, кредит ажратиш учун фақатгина бир ҳолатдагина, яъни сиз олган кредитнинг барчасини нақд пул шаклида банкдан олсангиз ва шу маблағ банк тизимида бошқа депозитга қўйилмасагина депозитор (омонатчилар)нинг пули олдиндан керак бўлади. Шу сабабга кўра ҳам банк тизимига таянувчи иқтисодиётлар иқтисодий ўсишга эришиши осонроқ кечади: “банклашган” иқтисодиётда тадбиркорларнинг пулга бўлган талабларини қондириш енгил кечади. 

Юқори жараёнга эътибор қаратган бўлсангиз иқтисодиётда пул (кредит) эластиклигини Марказий банк ва тижорат банклари таъминлаши керак. Банклараро пул бозори ҳозирги икки иерархияли тизимнинг энг муҳим элементи ҳисобланади. Бунда банк ва мижоз ўртасидаги муносабатлар банкнинг балансида амалга ошса, кейинчалик банклар Марказий банк балансида (тизимида) ҳисоб-китобларни амалга оширади. Бу жараён мўтадил кетиши учун Марказий банк кредити (резервни таъминлаши) жуда ҳам муҳим (Бу жараён ҳам алоҳида муҳокама талаб мавзу). 

Ҳўп, айтишингиз мумкин, пул яралишини тушундик нима, тушунмадик нима. Нима аҳамияти бор деб? Аҳамияти шундаки, бутун дунёда ўқитиладиган макроиқтисодиёт фани, унинг назариялари ва моделлари юқорида кўрсатилган пулнинг яралиши жараёнидан фарқли бўлган қуйидаги “nonsense”га асосланган: 

Тижорат банклари жамғармаси (пули) борлар ва инвесторлар (пулга муҳтожлар) ўртасидаги воситачи, холос. 

Аслида эса ҳар бир банк қарз бериш (депозит яратиш) орқали иқтисодиётда пул яратиш кучига эга ва банкнинг мажбуриятлари пул сифатида муомалада бўлади. 

P.S. Кези келганда шу “nonsense”дан келиб чиқувчи бошқа макро “nonsense”лар ҳақида тўхталамиз.