Махсумов Минхож Носирович

Тиббиёт фанлари доктори, профессор, Максумов Минхож Носирович 23 август 1928 йилда Тошкент шаҳрида зиёлилар оиласида тугилган.
1946-1951 йилларда Тошкент тиббиёт институтининг даволаш факультетида таҳсил олган.
1951 йилда Тошкент тиббиёт институтининг даволаш факультетини имтиёзли диплом билан битирган.
1951- 1958 йилларда Собиқ Иттифоқ ҳарбий қўшинлар сафида ҳарбий врач лавозимида ҳизмат қилган. Хизмат давомида тиббиёт хизмати капитани унвонини олган.
1958 – 1960 йилларда Ўзбекистон Фанлар академияси қошидаги Ўлка тиббиёт институтининг фармакология йўналиши бўйича аспирантурада тахсил олди. Аспирантурада таҳсил олиш жараёнида Ленинград (ҳозирги Санкт–Петербург ) “Экспериментал тиббиёт институти”да академик Сергей Викторович Аничков рахбарлигида илмий фаолият олиб борди.
1962 йилда Ленинграддаги “Экспериментал тиббиёт институти”нинг илмий кенгашида “Метамизил, метилдиерацил ва уларнинг йодметилатларининг меъда ичак трактига таъсирини ўрганиш” мавзусида номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди.
1962-1964 йиллар мобайнида Ўзбекистон Фанлар академияси қошидаги Ўлка тиббиёт институтида илмий фаолиятларини давом эттириш билан бир қаторда Тошкент Давлат тиббиёт институнинг фармакология кафедрасида педагогик фаолиятини олиб борди.
1964-1994 йилларда Тошкент фармацевтика институти катта ўқитувчиси, доценти, кейинчалик эса фармакология курси раҳбари лавозимида ишлаб келди.
1975 йилда Ленинграддаги “Экспериментал тиббиёт институти”нинг илмий кенгашида “Юқори ҳарорат ва инсоляция шароитида баъзи фармакологик воситалариннг меъда ичак трактига таъсирини ўрганиш” номидаги докторлик диссертациясини ҳимоя қилдилар.
1978 йилда профессор унвонига сазовор бўлдилар шу йили Тошкент фармацевтика институтида Фармакология кафедраси ташкил этилиб, унга мудир этиб тайинланди.
1978-1994 йилларда фармакология кафедраси мудири тартибида фаолият олиб борди.
1994-2014 йилларда фамакология ва клиник фармация кафедраси профессори лавозимида фаолият олиб борди.
Тошкент фармацевтика институтида фармакология кафедрасини ташкил топишида, шаклланишида, ўқув-услубий ва илмий ишларни йўлга қўйилишишида профессор М.Н.Маҳсумовнинг хизматларии каттадир. Чунончи, ўқув жараёнини ўқув техник воситалари ўқув услубий қўлланмалар, жадваллар ва бошқа ўқув қуроллари билан таъминлашга кафедра мудири сифатида катта ахамият берди. Бу даврда профессор М.Н.Маҳсумов раҳбарлигида ўқув, илмий, жамоат ва талабаларнинг тарбия ишлари яхши йўлга қўйилди ва салмоқли натижаларга эришилди.
Проф. М.Н.Маҳсумов кафедра мудири бўлган даврдан бошлаб фармакология фани фармация факультетидан ташқари малака-ошириш факультетида ҳам ўқитила бошланди. 1990 йилдан бошлаб фармакотерапия курси фармакология кафедраси таркибида ўқитила бошланди. Курс мудири тартибида тиббиёт фанлари доктори, проофессор В.П.Каримов фаолият олиб борди. Проф. М.Н.Маҳсумов фармакотерапия курсини клиник базада олиб боришни ташкил қилди.
Профессор М.Н. Маҳсумов муаллифлигида фармакология фанига оид бир қатор ўқув адабиётлари чоп этилган. М.Н.Маҳсумов ва М.М.Маликов ҳаммуаллифлигида илк бор ўзбек тилида тиббиёт ва фармацевтика институтлари учун “Фармакология”, дарслиги яратилди. Ушбу дарслик 2006 йилда илк бор лотин тилида чоп этилди ва 2007 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан III даражали диплом билан тақдирланди. Абу Али ибн Сино таълимотида, халқ табобатида ва ҳозирги эамон тиббиётида доривор ўсимликлардан кенг тартибда фойдаланилаётганлигини ҳисобга олиб, ўқув дастурига доривор ўсимликларни ўқитиш ва уларни илмий жиҳатдан ўрганишга эътибор берилди. Проф. М.Н.Маҳсумов томонидан 2012 йилда “Фитотерапия” дарслиги чоп этилди. Фармакология ва клиник фармация кафедрасида фармакокинетика фани курс тартибида ўқитилаётганлиги учун кафедра профессорлари Х.У.Алиев ва М.Н.Маҳсумовар томонидан 2012 йилда “Фармакокинетика” дарслиги чоп этилди. Шу билан бирга кафедрада 15 дан ортиқ чоп этилган услубий қўлланма ва маъруза матнларига проф. М.Н.Маҳсумов ҳаммуаллифлик қилган.
Профессор М.Н. Махсумов раҳбарлигида қатор микроэлемент сақлаган ва доривор ўсимликлардан олинган биологик фаол моддаларнинг фармакологияси ўрганилган. Улардан 4 таси клиник синовлардан ўтказилган. Шунинг билан бир қаторда проофессор М.Н. Максумов томонидан 3 та монография, 3 та справочник, 10 та услубий тавсияномалар, 2 та луғат ва 150 дан ортиқ илмий мақолалар чоп этилган. Шунингдек, 7 та авторлик гувоҳномалари, 6 та рационал таклифлар амалиётга қўллашга тавсия этилган.
Фармакология ва клиник фармация кафедрасининг физиология кафедрасидан ажралиб, алохида шаклланишида профессор М.Н. Махсумовнинг хиссаси катта. Янги кафедрада илмий ишлар хам йўлга куйилди, илмий кадрлар тайёрланди ҳамда уларнинг рахбарлигида 3 та номзодлик ва 1 та докторлик диссертацияси ёкланди. М.Н. Махсумов раҳбарлигида Махмудов Т.М. томонидан Киевдаги Фармакология ва токсикология илмий текшириш институтида “Токсическое действие хлората магния на обменные, костно-регенаративные процессы и их коррекция антиоксидантами, анаболиками” номли докторлик ҳимояси бўлиб ўтган. Бердиев Р.Ж. томонидан “Особенности действия м токсичности лекарственных веществ, метаболизирующихся в печени, при интоксикации хлоратом магния в раннем онтогенезе” номли кандидатлик диссертациясини ҳимоя қилинган. Шильцова Н.В. томонидан “Влияние некоторых антигистаминных препаратов на активность пищеварительных ферментов участвующих в гидролизе жиров в норме и при анафилактическом шоке” номида кандидатлик ҳимояси бўлиб ўтган.
1994 йилда ”Ўзбекистонда ўсадиган доривор ўсимликларнинг яллиғланиш жараёнига таъсирини яратиш” номли мавзусида илмий техник ишланма лойиҳаси танлови ғолиби деб топилиб, Ўзбекистон Республикаси Фан ва техника давлат комитети Грантига илмий раҳбарлик қилганлар.
1978 йилда профессор М.Н. Махсумов Ленинград шахрида, 1982 йилда Киевда, 1998 йилда Москвада малака оширган. Шу билан бирга чет эл ва ҳамдўстлик давлатларида бўлиб ўтган халқаро ва республика миқиёсидаги конференцияларида, съездларида, конгресс мажлисларида маърузалари билан иштирок этган.
Бундан ташқари бутун фаолиятлари давомида Тошкент фармацевтика институти фармакология ва клиник фармация кафедрасида фармакология, клиник фармация, фармакокинетика фанларидан маърузалар ўқиб келганлар.
Профессор М.Н. Махсумов унумли меҳнатлари учун муносиб тақдирландилар, “Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш аълочиси” (1976 йилда) нишондори, “Меҳнат ветерани” (1984 йилда), 1987 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими” фахрий унвони билан, 1998 йилда “Ҳурмат ёрлиги”, 2001 йилда эса “Республика Мустақиллигини 10 йиллиги” кўкрак нишони билан мукофотландилар. Шунингдек, бир қанча фахрий ёрлиқлар билан мукофотланганлар.
2008 йилда узоқ йиллар тиббиёт ходимлари тайёрлашдаги ҳизматларини инобатга олган ҳолда таввалуд айёмларининг 80 йиллиги муносабати билан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, тиббиёт фанларри доктори профессор Минхож Носирович Максумов Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси кенгашининг “Фахрий ёрлиғи” билан тақдирландилар.
Профессор М.Н. Махсумов бутун фаолияти давомида институтнинг жамоат ишларида Марказий Кенгаш раиси, ТИЖ раҳбари, аттестация ва эксперт комиссияси раиси ва б. сифатида фаол қатнашган. Шуниндек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармакология қўмитасининг эксперти, институт Муаммолар комиссияси аъзоси сифатида фаолият олиб борганлар.
Профессор Минхож Носирович Тошкеннт фармацевтика институти раҳбарияти, профессор ўқитувчилари ва талабаларининг ҳурматига лойиқ устоз, меҳнатсевар олим, юқори даражали малакали мутахассис, ўта камтарин, тажрибали лектор, мехр-мурувватли инсон бўлганлар.
21 январь 2018 йилда Ўзбекистон фармокологларининг етакчи вакилларидан бири, таниқли олим, тажрибали педагог, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими” фахрий унвони совриндори, “Республика мустақиллигининг 10 йиллиги”, “Ўзбекистон соғлиқни сақлаш аълочиси”, “Меҳнат ветерани” медали нишондори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Минхож Носирович Махсумов бевақт вафот этди.