Вазир: талабалар таклиф ва ташаббуслари назоратга олинади

Вазир: талабалар таклиф ва ташаббуслари назоратга олинади


Вазир Абдуқодир Тошқулов Қарши давлат университетида таҳсил олаётган бир гуруҳ фаол талаба-ёшлар билан учрашиб, самимий мулоқот қилди. 

– Бугун бўладиган мулоқотимизни университет раҳбарияти билан келишган ҳолда ёшларни истиҳолага қўймаслик учун расмиятчиликдан, масъуллардан холи тарзда ўтказишга қарор қилдик, – деди А.Тошқулов. 

Дастлаб, вазир сўнгги вақтда олий таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, келгусидаги режалар, тизимда ўз ечимини кутаётган муаммоларга тўхталиб, таълим муассасасида талабалар учун яратиб берилаётган шароит ва имкониятлар хусусида батафсил сўз юритди.

Бугунги кунда вилоятда 6 та олий ўқув юрти мавжуд бўлиб, олий таълим билан қамров 19,1% га етди. Талабалар контингенти 43,48 минг нафарни ташкил қилмоқда. Профессор-ўқитувчилар 2740 нафарни, илмий салоҳият эса 27,1% ни ташкил қилади.

Суҳбат давомида қамровнинг оширилиши, ёшларнинг пухта билим олишларига эътибор кучайтирилиши таълим тизимида учраётган муаммоларга асосий ечим сифатида қаралиши, хорижий тиллар ва ўз соҳасини яхши биладиган рақобатбардош кадрларни тайёрлаш олий таълим муассасаларининг давлат ва жамият олдидаги асосий вазифаси эканлиги қайд этилди.

Учрашувда талабалар ўзларини қийнаётган муаммолар, қизиқтираётган масалалар юзасидан вазир билан тўғридан-тўғри, эркин мулоқот қилдилар. Хусусан, талабанинг магистратурага ўқишга кириши учун чет тилини билиш даражаси тўғрисидаги малака сертификати мажбурий эканлиги ҳақидаги саволга вазирнинг берган жавоби барчани хурсанд қилди.

– Шу саволга жавоб бериш асносида сизни янги ўзгаришдан хабардор қилмоқчиман. Жорий йилда магистратурага ўқишга киришда мутахассислик фанидан топшириладиган имтиҳонни бекор қилиш тартибини кўриб чиқаяпмиз. Ўзи шундоқ ҳам талаба 8 семестр давомида мутахассислик фанларидан керакли кўникма ва билимни эгаллайди, – деди А.Тошқулов.

Мулоқотда, шунингдек, талабалар томонидан берилган таълимдаги имтиёзлар, немис тили фани қамровини кенгайтириш, талабаларнинг иқтидорини инобатга олган ҳолда номдор давлат стипендиялари низомига ўзгартириш киритиш, волонтёрлик марказларини очиш, талабалар учун танлов фанлар ҳуқуқи берилиши каби кўплаб саволларга вазир томонидан батафсил жавоб берилди. Қатор таклиф ва ташаббуслар қайд дафтарга битилиб, ижроси назоратга олиниши маълум қилинди.

Report Page