Маданий бойликлар ҳисобининг юритилиши, уларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши масалалари: хорижий тажриба ва амалиёт

Маданий бойликлар ҳисобининг юритилиши, уларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши масалалари: хорижий тажриба ва амалиёт

Сурайё Гаппорова, Адлия вазирлиги Ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш бошқармаси бош маслаҳатчиси

Маданий бойликлар ҳар бир мамлакатнинг миллий, тарихий, бадиий, илмий-маърифий, маънавий-ахлоқий ва бошқа маданий аҳамиятга молик жиҳатларини ўзида акс эттирувчи кўчар ашёлар ҳисобланади. 

Маданий бойликларни муҳофаза қилиш, илмий ўрганиш, улардан оқилона фойдаланиш ва юртимизнинг сайёҳлик салоҳиятини оширишда уларнинг ўрни ва аҳамиятини ошириш ҳамда моддий маданий мерос соҳасидаги давлат назоратини тубдан такомиллаштириш бугунги кун долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади. 

Бу борада хорижий тажрибага қарайдиган бўлсак Австралияда “Кўчар маданий бойликларни муҳофаза қилиш” Акти 1986 (Protection of Movable Cultural Heritage Act 1986) қабул қилинган (Актга 2016 йил 7 ноябрда ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган). 

Унга кўра Австралияда миллий маданий бойликлар назорати рўйхати (the National Cultural Heritage Control List) мавжуд. Мазкур рўйхат асосида Австралиядан кўчар миллий маданий бойликларнинг экспорт қилиниши назорат қилинади.

Бундан ташқари, Австралияда кўчар маданий бойликларни муҳофаза қилиш қоидалари (Protection of Movable Cultural Heritage Regulations 2018) ҳам тасдиқланган. Унда ушбу турдаги маданий бойликларни муҳофаза қилиш қоидалари белгиланган.

Норвегияда “Маданий обьектларни экспорт ва импорт қилишни тартибга солиш тўғрисида”ги (Regulations on the import and export of cultural objects) қоидалар мавжуд.

Мазкур қоидаларнинг 2-моддасига мувофиқ, қуйидагилар Норвегияда маданий обьектлар сифатида эътироф этилади:

- 1970 йилгача бўлган Сами материаллари;

- 1930 йилгача бўлган Сами тилида босилган матнлар ва хариталар;

- 1950 йилгача бўлган овоз, фото ва киноматография материаллари;

- 1950 йилгача бўлган автотранспорт воситалари, самолиётлар, уларнинг аксессуарлари ҳамда 50 йилдан ортиқ бўлган қайиқлар;

- 1900 йилгача бўлган этнорографик материаллар;

- 1850 йилгача бўлган Норвегияда босилган матн ва хариталар;

- 1650 йилгача бўлган чет элда босилган матн ва хариталар;

- 1537 йилгача бўлган Норвегия тангалари.

Японияда миллий бойликлар ва муҳим маданий бойликларнинг алоҳида реестри юритилади.

Хитойнинг “Маданий меросни сақлаш тўғрисида”ги Актида (Cultural Heritage Preservation Act) муҳим қадимий буюмларга ва миллий бойликка эгалик қилувчилар мазкур буюмларни асраб-авайлаш бўйича агентликлардан ёки тегишли профессионал муҳофаза қилиш муассасаларидан мазкур буюмларни сақлашни сўраши мумкин. 

Бунда ваколатли органлар бундай буюмларни сақлаш ишлари учун субсидия ажратиши мумкин.

Миллий қонунчиликка назар соладиган бўлсак, “Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида”ги Қонуннинг 8-моддасига кўра, эллик йил муқаддам ва ундан ҳам олдинроқ яратилган маданий бойликлар Ўзбекситон Республикасидан олиб чиқилиши мумкин эмас.

Шунинг учун ҳам Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тартиби тўғрисидаги низом (Вазирлар Маҳкамасининг 23.03.1999 йилдаги 131-сон Қарорига 1-илова)га кўра маданий бойликлар тоифасига кирувчи барча ашёлар бадиий экспертизадан ўтказилади. 

Агар бадиий экспертиза натижасида ашёлар эллик йил муқаддам ва ундан ҳам олдинроқ яратилган маданий бойлик деб топилган тақдирда, уларнинг республика ҳудудидан олиб чиқилиши тақиқланади. 

Аммо республика ҳудудидан олиб чиқилиши тақиқланган ашёларни сақланишини таъминлаш билан боғлиқ механизмлар очиқлигича қолмоқда. 

Ёки мазкур маданий бойликларни йўқолиб кетишидан сақлаб турган жисмоний ва юридик шахсларга уларни ўз ихтиёри билан давлатга топширганлиги учун (Маданият вазирлигига, музейларга, экспонатлар сақланадиган жойларга) уларни рағбатлантириш механизмлари ҳам мавжуд эмас.

Натижада қўлдан қўлга ўтаётган ёки тартибга солинмаган шаклда олди-сотди қилинаётган маданий бойликларнинг қимматлик даражасини сақлаш, асл ҳолатини йўқотмаслик ва уларни асраб-авайланиши билан боғлиқ масалалар очиқлигича қолган.

Республика бўйича тарихий, маданий, маънавий қимматликларга эга бўлган мавжуд маданий бойликларнинг ҳисоби юритилмаслиги оқибатида уларнинг йўқолиб кетиш хавфи тобора ошиб бормоқда. 

Шу билан бирга, эллик йил муқаддам ва ундан ҳам олдинроқ яратилган маданий бойликларнинг Ўзбекситон Республикасидан олиб чиқилишининг тақиқланиши масаласи ҳам кўриб чиқилиши мақсадга мувофиқ.

Сабаби - амалдаги “Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида”ги Қонун 1998 йилда қабул қилинган. Бунда 1920-йиллардан то Иккинчи Жаҳон уруши тугагунча даврда яратилган маданий бойликларга тааллуқли ашёларни, тасвирий ва декоратив-амалий санъатнинг миллий мактаблари анъаналарида яратилган маданий қадриятларни сақлаб қолиш мақсад қилинган. Чунки бу даврда собиқ советлар сиёсатига мувофиқ, ҳунармандчилик ривожланмаган (хатто зарарли деб ҳисобланиб, якка усталарнинг фаолияти чекланган) ва тасвирий санъат ривожига ҳам етарли эътибор берилмаган.

Натижада мазкур даврда яратилган санъат асарлари жуда кам сонли бўлиб, ҳозирги кунда ноёб ва баъзилари нодир ҳисобланади. Бироқ, маданий бойликларни олиб чиқишнинг 50 йиллик қонуний муддати ўша даврдан бери мунтазам ўзгартириб келинди ва ҳозирги кунда 1971 йилга тўғри келмоқда.

Шунинг учун ҳам маданий бойликларни уларнинг яратилиши вақтига қараб республикадан олиб чиқиш имконияти учун аниқ бир чегара белгиланиши лозим. 

Дейлик, 1960 йилдан кейин яратилган маданий бойликларни республикадан олиб чиқиш имконияти пайдо бўлсин. Бу билан жисмоний ва юридик шахслар учун ҳам чет эллик фуқаролар учун ҳам қулайлик яратилади. 

Сурайё Гаппорова, Адлия вазирлиги Ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш бошқармаси бош маслаҳатчиси



Report Page