Маҳкума аёллар учун байрам тадбири ўтказилди

Маҳкума аёллар учун байрам тадбири ўтказилди

Ички ишлар вазирлиги

“Наврўз” халқимизнинг азалий миллий байрамларидан бири бўлиб, яшариш ва янгиланиш байрамидир. Халқимиз ушбу байрамни минг йиллардан буён нишонлаб келади. Бу ҳақда тарихий манбаларда ёзилган.

Мустақилликка эришганимиздан сўнг бошқа миллий урф-одатларимиз, маданиятимиз билан бирга “Наврўз” байрамини нишонлаш ҳам халқимизга қайтариб берилди. Шу кунларда бутун юртимиз бўйлаб байрам шукуҳи кезиб юрибди.

Бугунги кунда байрам кайфиятини аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига улашиш, уларни ижтимоий-иқтисодий томондан қўллаб-қувватлаш, оғирини енгил қилиш, дардини эшитиш, муаммоларини жойида ҳал қилиш, халқнинг ичига кириб бориш давлат идораларининг асосий вазифаси ҳисобланади.

Шу муносабат билан бугун Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармаси Жазони ижро этиш бўлими 21-сон жазони ижро этиш колониясида жазо муддатини ўтаётган маҳкума аёллар учун байрам тадбири ташкиллаштирилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари полковник Б.Адилов ва ИИВ Қоровул қўшинлари бош бошқармаси қўмондони генерал-майор Д.Пан иштирок этиб, колонияда жазо муддатини ўтаётган маҳкума аёлларни байрам билан қутлашди. Шунингдек, ИИВ Қоровул қўшинлари бош бошқармаси қошидаги эстрада ансамбли хонандалари томонидан шўх куй ва қўшиқлар ижро этилиб, маҳкума аёлларнинг кўнглига бир дам бўлсада хушнудлик бахш этилди.

Тадбир сўнгида маҳкума аёллар ушбу байрам ташкилотчиларига ўз миннатдорчиликларини билдиришди.

Бу каби оммавий-маданий тадбирлар колонияда жазо муддатини ўтаётган маҳкума аёллар онгида жамиятнинг ижтимоий ҳимояга мухтож бир аъзоси сифатида давлатимизнинг эътиборида эканлигини ҳис қилган ҳолда қонунларимизга бўлган ҳурмат руҳини шакллантиришга хизмат қилади, деган умиддамиз.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси