Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчилари ўртасида ўтказиладиган “Энг яхши ҳоким ёрдамчиси” Республика танлови НИЗОМИ

Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчилари ўртасида ўтказиладиган “Энг яхши ҳоким ёрдамчиси” Республика танлови НИЗОМИ



I. Умумий қоидалар

1.1. Мазкур Низом “Энг яхши ҳоким ёрдамчиси” Республика танловини (кейинги ўринларда “танлов” деб аталади) ўтказиш тартиби ва шартларини белгилайди.

1.2. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси танловнинг ташкилотчиси ҳисобланади.

1.3. Мазкур танловга умумий раҳбарлик Республика Ташкилий қўмитаси томонидан амалга оширилади.

II. Танловнинг мақсад ва вазифалари

2.1. Танловнинг асосий мақсади:

маҳаллада аҳолининг, жумладан хотин-қизлар муаммоларини “хонадонбай” ва “фуқаробай” ўрганиш ва уларни ҳал этишга кўмаклашиш;

“Аёллар дафтари” тизими самарадорлигини янада ошириш, бу борада жамоатчилик ролини ошириш;

ижтимоий ҳимояга мухтож аҳоли қатламини, айниқса хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш;

бу борада салмоқли натижаларга эришаётган маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчилари (кейинги ўринларда – ҳоким ёрдамчилари) тажрибасини оммалаштириш;

ваколатли муассаса ва ташкилотлар ўртасида ижтимоий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, жамиятда аёллар фоллигини шаклланишида ҳамда уларни тадбиркорликка жалб этишда ҳоким ёрдамчиларининг ролини ошириш;

“Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар билан ишлаш, аёлларнинг муаммоларини ҳал этишда ўзининг фидокорона меҳнати билан барчага намуна кўрсатган ҳоким ёрдамчиларини муносиб рағбатлантиришдан иборат.

2.2. Танловнинг асосий вазифалари:

маҳалладаги ижтимоий-иқтисодий ҳолатни хонадонбай ўрганиш, жумладан, аҳолининг бандлик даражасини, оилаларнинг даромад манбаларини, томорқа ерларидан фойдаланиш ҳолатини ҳамда даромадли меҳнатга бўлган интилиши ва эҳтиёжларини таҳлил қилиш;

маҳаллада тадбиркорликни ривожлантиришнинг ички имкониятлари, тадбиркорлик бўйича ихтисослашув ва меҳнат ресурсларини инобатга олган ҳолда, уни ривожлантиришга туртки берадиган омиллар ва йўналишларни белгилаш, уларни ишга солиш орқали маҳалланинг иқтисодий ривожланишини таъминлаш;

доимий даромад манбаига эга бўлмаган ва ишсиз аҳолининг, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларнинг қизиқишларини ўрганиш орқали уларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўргатувчи ўқув марказларига йўналтириш ҳамда ўқишни тамомлаган битирувчиларнинг бандлигини таъминлашга ёрдам бериш;

маҳалладаги мавжуд бўш иш ўринларини ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг мавсумий ишчиларга бўлган талабини аниқлаш орқали “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларни бўш (вакант) иш ўринларига жойлаштириш ҳамда ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилиш;

маҳаллада истиқомат қилувчи аҳолининг оилавий тадбиркорлигини ривожлантириш, жумладан, уларнинг ҳунармандчилик, касаначилик, томорқадан самарали фойдаланиш, кичик ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва бошқа турдаги фаолиятни йўлга қўйиши учун оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида кредитлар олишда кўмаклашиш;

маҳалланинг ихтисослашувидан келиб чиқиб, кооперация асосида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагини билдирган етакчи тадбиркорларга имтиёзли кредитлар ажратишни ташкил этиш, тадбиркорлик билан мустақил шуғулланиш тажрибасига эга бўлмаган фуқароларни ўз фаолиятини йўлга қўйиши учун уларга бириктириш;

аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш, уй шароитида деҳқончилик, чорвачилик, паррандачилик, қуёнчилик, асаларичилик, уруғчилик, кўчатчилик, гулчилик каби фаолият турларини йўлга қўйишга кўмаклашиш;

маҳалладаги иш билан банд бўлмаган аҳолининг тадбиркорлик ва доимий даромад келтирувчи фаолият билан шуғулланишини йўлга қўйиш мақсадида уларга иссиқхона қуриш, томорқасини суғориш учун вертикал суғориш қудуқларини бурғилаш, қишлоқ хўжалиги кооперативига аъзо бўлиш, асбоб-ускуна ва меҳнат қуролларини харид қилиш, бино ва иншоотнинг ижара тўлови ҳамда касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқиши учун субсидиялар олишда кўмаклашишдан иборат.

 

III. Танловни ўтказиш тартиби

3.1. Танлов ижтимоий ҳимояга мухтож аҳоли, айниқса хотин-қизлар муаммоларини “хонадонбай” ва “фуқаробай” ўрганиш ва уларни ҳал этишга кўмаклашиш, “Аёллар дафтари” тизими самарадорлигини ошириш, кам таъминланган ва ногиронлиги бор хотин-қизларни иш билан таъминлаш ҳамда бевосита шундай оилаларга моддий ва беғараз ёрдамлар кўрсатилишини ташкил қилишда фидоийлик кўрсата оладиган ҳоким ёрдамчилари ўртасида ўтказилади.

3.2. Танлов уч босқичда ташкил этилади.

I босқич: туман (шаҳар) босқичи.

2022 йил июль-август ойларида туман (шаҳар) миқёсида ўтказилади ва

1-, 2- ҳамда 3-ўрин эгалари аниқланади. 1-ўринни эгаллаган иштирокчи танловнинг II босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритади.

II босқич: Ҳудудий босқич.

2022 йил сентябрь ойида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида ўтказилади ва 1-, 2- ҳамда 3-ўрин эгалари аниқланади.

1-ўринни эгаллаган иштирокчи III босқичда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади.

 

III босқич: Республика-финал босқичи.

2022 йил октябрь ойида Республика миқёсида ўтказилади ва унда 1-, 2- ҳамда 3-ўрин соҳиблари аниқланади.

IV. Танлов иштирокчилари ва уларга қўйиладиган талаблар

4.1. Танловда иштирок этишни истаган талабгорлар туман (шаҳар) Ташкилий қўмитасига жорий йилнинг 1 июль санасигача қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши лозим:

танловда иштирок этиш учун туман (шаҳар) Ташкилий қўмита номига иштирокчи томонидан имзоланган ариза;

ҳар бир иштирокчи тўғрисида маълумот (маълумотнома (объективка), шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси);

иштирокчининг 1 дона 10х15 ўлчамдаги ва 2 дона 3,5х4,5 ўлчамдаги фотосурати (шунингдек, электрон шаклда);

ҳоким ёрдамчисининг фаолияти тўғрисида қисқача ёзма ва асосий кўрсаткичлар бўйича таҳлилий-статистик маълумотнома;

иштирокчи учун тавсифнома (тегишли сектор раҳбари томонидан имзоланган);

фаолияти тўғрисида фотоальбом ва видеоролик;

баҳолаш мезонидаги кўрсаткичларни тасдиқловчи ҳужжатлар.

V. Танлов иштирокчиларини баҳолаш тартиби

5.1. Танлов иштирокчилари Ҳакамлар ҳайъати томонидан Низомнинг 1-илова – “баҳолаш мезони”га асосан баҳолаб борилади. Баҳолашда жамоатчилик ва аҳоли фикри ўрганилади.

5.2. Ҳакамлар ҳайъати аъзолари танлов шартлари бўйича иштирокчиларни баҳолашда ижтимоий адолат, тенглик, иштирокчилар ўртасидаги соғлом рақобат принципларига амал қилишга мажбурдирлар. Улар танловга оид қарорлар қабул қилишда мустақилдир.

5.3. Баҳолаш якуни бўйича иштирокчилар рўйхати, тўплаган балларига қараб, камайиб борувчи тартибда Низомнинг 2-иловасига мувофиқ шакллантирилади ва энг юқори балл тўплаган иштирокчи ғолиб деб топилади.

5.4Икки ёки ундан ортиқ иштирокчилар бир хил балл тўплаган ҳолатда асосий эътибор ҳисобот даврида маҳаллада қайд этилган салбий ҳолатлар ҳамда уларнинг олдини олишга йўналтирилган ишларнинг самарадорлигига қаратилади.

5.5. Ҳар бир босқичда энг юқори балл олган битта иштирокчининг ҳужжатлари, қуйи Ҳакамлар ҳайъати хулосаси кўрсатилган баённома билан бирга, юқори Ҳакамлар ҳайъатига тақдим этилади.

5.6. Республика босқичи ғолиблари ҳақидаги маълумот, Республика Ҳакамлар ҳайъати хулосаси кўрсатилган баённома билан бирга, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига тақдим этилади.

VI. Иштирокчиларнинг мажбуриятлари

6.1. Танлов иштирокчиси:

мазкур Низом талабларига ҳамда жамиятда шаклланган одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиши;

танлов ташкилотчиларининг танловни тартибли ўтказиш билан боғлиқ талабларига амал қилиши;

Ҳакамлар ҳайъатининг иштирокчиларни баҳолаш юзасидан чиқарган қарорларига нисбатан ҳурмат билан ёндашиши шарт.

VII. Танловни ташкил этиш, ғолибларни тақдирлаш тартиби ва танловни молиялаштириш манбаси

7.1. Танлов ғолибларини тақдирлаш Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Ижроия қўмитаси қарори билан тасдиқланган сарф-харажатлар сметаси асосида амалга оширилади.

7.2. Танлов харажатлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 апрелдаги 189-Ф-сонли фармойишига асосан Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига ўтказилган маблағлардан ҳудудларда хотин-қизлар учун янги иш ўринларини ташкил этишга берилган маблағларнинг қайтарилган қисми ҳисобидан қопланади.

7.3. Танловнинг ҳудудий босқичини ўтказиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш учун маблағлар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 7.2-бандда қайд этилган манба ҳисобидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг ҳудудий кенгашларига ўтказиб берилади ёки ушбу манба ҳисобидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг ҳудудий кенгашларида мавжуд бўлган маблағлар ҳисобидан харажатлар қопланади.

7.4. Танловнинг Республика-финал босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими 2022 йилнинг 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни арафасида ўтказилади.

7.5. Танловнинг 2-босқичи (ҳудудий босқич)да 2- ва 3-ўринни олган иштирокчилар мос равишда 5 000 000 (беш миллион) ва 3 000 000 (уч миллион) сўмдан пул мукофоти билан тақдирланади.

7.6. Танловнинг Республика-финал босқичида 1-, 2- ва 3-ўринни эгаллаганларга қуйидаги махсус мукофотлар “Президент совғаси” тариқасида тақдим этилади:

- 1-ўрин соҳибига – диплом ва “Жентра” автомобили;

- 2-ўрин соҳибига – диплом ва “Кобальт” автомобили;

- 3-ўрин соҳибига – диплом ва “Спарк” автомобили тантанали равишда топширилади.

Шунингдек, танловнинг қолган 11 нафар иштирокчиси 30 000 000 (ўттиз миллион) сўмдан пул маблағлари билан рағбатлантирилади.

7.7. Барча соврин ва мукофотлар совриндорларнинг шахсий эҳтиёжлари учун фойдаланиш мақсадида тақдим этилади.

 

VIII. Якуний қоидалар

8.1. Иштирокчи фаолияти ушбу Низомда белгиланган қоидаларга зид равишда баҳоланганлиги ёки ёлғон маълумотлар тақдим этилганлиги аниқланса, юқори босқич Ҳакамлар ҳайъати қуйи босқич Ҳакамлар ҳайъати қарорларини бекор қилиш ва шу асосда ушбу иштирокчини танловдан четлатиш бўйича қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга.

8.2. Танловнинг тегишли босқичлари якунлари бўйича Ҳакамлар ҳайъати хулосалари, қарорлари устидан тушган шикоятлар кейинги босқич Ҳакамлар ҳайъати томонидан кўриб чиқилиб, ҳал этилади.

8.3. Республика Ҳакамлар ҳайъатининг хулосаси қайта кўриб чиқилмайди.

8.4. Ҳакамлар ҳайъати таркибига, уларнинг розилиги билан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан таклиф этилган турли ташкилот ва жамоатчилик вакиллари ҳам киритилиши мумкин.

8.5. Танловни ўтказиш муддатлари амалдаги ҳолатдан келиб чиқиб Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ўзгартирилиши мумкин.

8.6. Танловнинг 1- ва 2-босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими тадбирларини ўтказиш куни, вақти ва жойи тегишли Ташкилий қўмита томонидан белгиланади.

Танловнинг Республика-финал босқичи ғолибларини тақдирлаш маросимини ўтказиш тадбирининг аниқ куни, вақти ва жойи Республика Ташкилий қўмитаси томонидан белгиланади.

8.7. Танловни ушбу Низом талаблари ҳамда қонунийлик, ошкоралик адолатлилик, тенглик каби принципларга риоя қилган ҳолда ўтказишга Республика, ҳудудий, туман (шаҳар) Ҳакамлар ҳайъати раислари ҳамда аъзолари шахсан масъул ҳисобланади.

8.8. Ушбу Низом билан тартибга солинмаган масалалар Республика Ташкилий қўмитаси томонидан ҳал этилади.

8.9. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.



Report Page