Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларининг ижросини ташкил этишда услубий кўмак кўрсатиб борилади

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларининг ижросини ташкил этишда услубий кўмак кўрсатиб борилади

Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Адлия вазирлиги томонидан вазирликлар ва идораларда мутлақо янгича ёндашув асосида жорий этилган қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларни ижро этиш тизимининг мазмунини тушунтириш ва ўзаро ҳамкорликнинг келгусидаги масалалари бўйича амалий учрашувнинг навбатдагиси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигида ўтказилди.

Вазирликнинг масъул ходимларига қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини назорат қилишнинг ҳуқуқий асослари, янги тизимнинг ишлаш тартиби тушунтирилиши билан бир қаторда Адлия вазирлигининг асосий вазифаларидан бири қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларни ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли ижро этилишини таъминлашга ҳуқуқий-услубий кўмаклашиш эканлиги алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, ижрочилар томонидан қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг аниқ амалий натижаларга эришилиши таъминланмасдан, юзаки бажарилишига йўл қўймаслик бўйича чоралар кўришлари ва уларнинг ўз вақтида, сифатли ижро этилиши устидан таъсирчан мониторинг таъминланиши айтиб ўтилди.

Учрашувни ташкил этишдан асосий мақсад қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг амалда бажарилишига тўсқинлик қилаётган муаммолар ва омилларни аниқлаш, уларни ҳал этиш бўйича аниқ масалалар белгилаб олиш, соҳага хос бўлмаган, такрорланувчи вазифа ва функцияларни қисқартириш, ортиқча қоғозбозлик ва мажлисбозликка йўл қўймаслик юзасидан вазирликнинг таклифларини ўрганиш эканлиги маълум қилинди.

Шунингдек, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, хусусан, Президент ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқишга доир фаолияти таҳлил қилиниб, эътибор қаратилиши зарур бўлган масалалар ҳақида фикр алмашилди.

Хусусан, 2020 йилда киритилган лойиҳаларнинг 3 таси регламент талабларига мувофиқ тақдим этилмаганлиги сабабли қайтарилганлиги, киритилаётган лойиҳаларда норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш Концепцияси, қонунчилик техникаси талабларига риоя қилинмаётганлиги масалага жиддий эътибор қаратишни тақозо этиши алоҳида қайд этиб ўтилди.

Шу билан бирга, Вазирликка Ijro.gov.uz тизими орқали келиб тушган 156 та Президент ҳужжатларидаги 750 га яқин топшириқларнинг ижро ҳолати, муаммо ва камчиликлар атрофлича муҳокама қилинди.

Амалий учрашув якунида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг ижросини ташкил этиш ва назоратини олиб боришни янада яхшилашга қаратилган таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Келгусида Адлия вазирлиги томонидан давлат органлари ва ташкилотларига, хусусан, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси юзасидан ҳуқуқий-услубий кўмак кўрсатиб борилиши маълум қилинди.

Адлия вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими


Report Page