«Маҳалла ва оила» илмий-тадқиқот институти «ўзбек оилаларида жисмоний куч ёки ҳақоратли сўзлар билан камситилиш ҳолатлари тез-тез учраб тураётганини» аниқлади

«Маҳалла ва оила» илмий-тадқиқот институти «ўзбек оилаларида жисмоний куч ёки ҳақоратли сўзлар билан камситилиш ҳолатлари тез-тез учраб тураётганини» аниқлади

Расмий хабарлар

“Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти томонидан республикамизнинг 6 та ҳудудида, хусусан Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Самарқанд, Сирдарё, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрида жамиятда хотин-қизларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ҳолати самарадорлиги масаласига доир тадқиқот ўтказилди.

Тадқиқотдан кўзланган асосий мақсад хотин-қизларнинг ҳуқуқий онги ва маданияти даражаси,  мавжуд ҳолат, муаммоларни тадқиқ этиш орқали уларнинг ҳуқуқий маданиятини янада ошириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.

Танланган ҳудудлардаги социологик ўрганишларга аҳолининг умумий сонидан келиб чиқиб, 18-50 ёш оралиғидаги жами 800 нафар хотин-қизлар жалб этилди ва улар орасида сўров ўтказилди.

Тадқиқотга жалб қилинган  хотин-қизларнинг  55,2 % яъни 440 нафари шаҳарда, 44,8 % яъни 357 нафари  қишлоқ жойларида истиқомат қиладилар. Уларнинг 32,3 % (257 нафари) олий, 49 % (390 нафари) ўрта, 17,2 % (137 нафари) ўрта-махсус ва 1,3 % (13 нафари) эса тўлиқсиз ўрта маълумотга эга бўлган хотин-қизлар ташкил этди. Таҳлил натижасида Сўровда иштирок этган хотин-қизларнинг 73,8 фоизи турли соҳаларда фаолият юритаётганлиги, 26,2 фоизи эса  ишсиз эканлиги аниқланди.

 Хотин-қизлар ўртасида ўтказилган сўровнома натижалари қуйидагиларни кўрсатмоқда:

Биринчидан, аксарият аёлларнинг ҳаётида қонун ва диний меъёрлар устунлик қилмоқда. Жумладан, сўровномага жавоб берган 48,9% яъни ҳар иккинчи аёлнинг ҳаётида – қонун ва диний меъёрлар устунлик қилса,  30,3% респондентлар учун фақат қонунлар  устуворлиги аниқланди. Ахлоқ қоидалари (6,4%), миллий урф-одатлар (5,4%) ҳамда (3,8%) диний меъёрларни ўзлари учун бирламчи ҳаётий қадрият сифатида билувчилар нисбатан озчиликни ташкил этди. Шу билан биргаликда, тадқиқотда ўз шахсий манфаатларини устун қўйган ҳолда вазиятга мослашиб яшашни тўғри, деб билувчилар (3,8%) ҳам борлиги  қайд этилди.

Иккинчидан, респондентларнинг қонун, ҳуқуқ ва бурч борасидаги тасаввурларини ва бунга муносабатини аниқлаш мақсадида уларга тегишли саволлар билан мурожаат қилинди. Унга кўра, аёлларнинг 61,0 %  учун қонун бу энг аввало, тартиб, 53,8% учун адолат ва 37,9% учун ҳимоядир эканлиги аниқланди. Шу билан биргаликда 15,4% қонун халқни бошқариш усули, 12,1% учун ҳаёт кафолатидир.

Учинчидан, хотин-қизлар учун оила, умуминсоний қадриятлар ва ахлоқ меъёрлари муҳим ўрин тутади. Респондентларнинг тўртдан уч қисми айнан шу қадриятларга амал қилишларини билдирган бўлса, моддий қадриятлар ва манфаатдорлик эса қадриятларнинг тартибида охирги ўринларни эгаллаган. Бу борада деярли 10 фоиз аёллар томонидан қонун қадрият сифатида эътироф этилди.

Тўртинчидан, сўровда иштирок этган 89% фарзандли аёллар ўз болаларининг тарбиясида ҳуқуқий билимларга алоҳида эътибор қаратишлари маълум бўлди. Респондентларнинг 57% яъни ярмидан кўпи доимий равишда фарзандларига ҳуқуқий тарбияни бериб боришга интилишади. 40 фоизга яқини эса, айрим ҳолларда ҳуқуқий тарбия билан шуғулланишлари аниқланди. Фарзандларига қонун ва ҳуқуқ борасида таълим-тарбия бера олмаётганлар аёллар эса 5 фоизни ташкил этмоқда.

Бешинчидан, сўровда иштирок этган респондентларнинг 75 фоиздан кўпроғи маълум бир вазиятларда ҳуқуқий билимларининг етарли эмаслигини ҳис қилишади. Мазкур тоифадагиларнинг энг катта миқдори, яъни 22,7 фоизи банк ва молиявий масалаларда, 20,6 фоизи иш жойидаги муайян ҳолатларда ва 19,7 фоиз аёллар эса уй-жой билан боғлиқ муаммолар билан дуч келганда ҳуқуқий маслаҳатга муҳтожлик сезишади.  

Олтинчидан, ўрганиш натижалари, ўзбек оилаларида жисмоний куч

ёки ҳақоратли сўзлар билан камситилиш ҳолатлари тез-тез учраб тураётганлигини ҳам кўрсатмоқда.

Хусусан, оилада турмуш ўртоғи томонидан жисмоний куч ёки ҳақоратли сўзлар билан камситиш ҳолатлари борасида сўралганида, 60,0 фоизга яқин аёлларнинг ўз турмуш ҳаётларида бу каби зўравонлик ва камситилишларга дуч келишмагани, ҳар тўртинчи аёл (25 %) баъзи ҳолатларда, 7 фоиз аёл учун эса бу одатий ҳол эканлиги, 9 фоиз аёл бу саволга жавоб беришни истамагани, ва буларнинг жами бўлиб 40 фоизи эса, у ёки бу кўриниш ва жадалликда турли зўравонлик, камситиш ва зуғум ўтказилаётганлигини баён этишган.

Ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, бундай салбий ҳолат кўпроқ 66,0%Сирдарё  ва 50,0% Самарқанд  вилоятларига тўғри келмоқда.

Еттинчидан, аёлларнинг ҳуқуқий саводхонлигини текшириш мақсадида берилган  саволларга олинган жавобларнинг умумий тўғрилик даражаси 43,7 фоизни ташкил этмоқда. Бу ҳолат аёллар орасида ҳуқуқий саводхонлик даражаси ўрта даражадан анча паст эканлигини кўрсатмоқда.

 Ўрганишлар хотин-қизларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини ошириш каби чора-тадбирларга тўсқинлик қилувчи қуйидаги айрим муаммо ва камчиликлар ҳанузгача сақланиб қолаётганлигини ҳам кўрсатмоқда:

– кундалик ҳаётдаги вақт ва билим етишмаслиги сабабли аёллар етарли даражада ўз фарзандларига билим ва кўникмаларни бера олмаяпти;

 – ўзбек хотин-қизлари қадриятлар тизимининг шаклланишида ота-она, яқин қариндошлар, қўшнилар, миллат ва диний мансублик сезиларли равишда ўз таъсирини кўрсатмоқда;

– ҳанузгача оилаларда аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликлар учраб турмоқда;

– хотин-қизларнинг ҳуқуқий маданиятига салбий таъсир кўрсатувчи омилларга нисбатан уларда ҳуқуқий иммунитет шакллантирилмаган;

– хотин-қизларнинг ҳуқуқий билимларини оширишга доир вазифа ва тадбирлар умумий тусда белгиланган;

– ҳозирги глобаллашув даврида хотин-қизларнинг ҳуқуқий онги

ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришнинг инновацион усулларидан, тарғиботнинг илғор ва таъсирчан воситаларидан етарли даражада фойдаланилмаяпти; ­

– хотин-қизларнинг ҳуқуқий маданиятини шакллантиришда ўзбек халқининг тарихи, дини, урф-одатлари, миллий қадриятларига таянилмаяпти;

– хотин-қизларга мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари ва давлат дастурларининг мазмун-моҳиятини изчил етказиш тизими етарли даражада амалга оширилмаган.

Бундан келиб чиққан ҳолда, келгусида айнан хотин-қизларнинг ҳуқуқий саводхонлик даражасини янада кўтариш, уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришга тўсқинлик қиладиган омилларни тўлақонли ўрганиш ва уларнинг ечимига оид чора-тадбирларни ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқдир.


Report Page