Маҳалла раислари сайловига боғлаб “Ғелон” МФЙдаги ҳолат юзасидан тарқатилган маълумот ёлғон ва умуман асоссиздир

Маҳалла раислари сайловига боғлаб “Ғелон” МФЙдаги ҳолат юзасидан тарқатилган маълумот ёлғон ва умуман асоссиздир

Ёхуд ишончли ахборот манбаси сифатида танилган

“Kompromatuzb”га РАДДИЯ

Айни пайтда мамлакатимиз бўйлаб маҳаллалар раислари сайловлари ўтказилмоқда. Табиийки, ОАВда ва блогерларнинг турли ижтимоий тармоқлардаги ахборот манбаларида ушбу сайлов жараёнлари билан боғлиқ фото, видео, аудио ва матн шаклдаги ахборотлар тарқатилмоқда.

Хусусан, “Kompromatuzb” телеграм каналининг бугун тарқатган хабарлари орасида “Шаҳрисабз. Ғилон қишлоғида маҳалла раиси сайловида фуқаролар нимадан норози?” сарлавҳали видеоматериал ҳам эълон қилинди. Видеотасвирга эътибор бериб қаралса, воқеа қиш ойларида бўлганлигини билаш қийин эмас. Чунки аҳолининг оёқ остида ва биноларнинг томида қалин қор қопламаларини кўриш мумкин. Аслида ушбу ҳолат жорий йилнинг 18 февралида бўлиб ўтган. Ўша куни “Ғелон” МФЙ раиси Сафармурод Жабборовнинг маҳалла аҳолиси олдида ҳисоботи тингланиши режалаштирилган ва видеотасвирда фуқароларнинг раиснинг фаолияти билан боғлиқ турли кайфиятдаги фикр-мулоҳазалари акс этган. Мазкур ҳолат вақтида “Ғелон” МФЙда яшовчи фуқаро Ниёзова Гулжаҳон Акрамовна жамоат жойида асоссиз, уятли ва ҳақоратли сўзларни ишлатган. Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 40-,183- моддалари билан иш қўзғатилиб, жамоат жойида асоссиз, уятили сўзларни қўллагани учун Жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз туман судининг 2022 йил 7 апрел кунидаги қарорига биноан жарима жазоси тайинланган.

        Видеотасвирда акс этган жараённинг ҳозирда туманда бўлиб ўтаётган маҳалла раислари сайловига умуман алоқаси йўқ.

 “Ғелон” МФЙда маҳалла раиси сайлови 2022 йилнинг 25 май куни соат 14:00 да қишлоқ ҳудудидаги собиқ касб-ҳунар коллежи биносида бўлиб ўтиши режалаштирилган.

“Ғелон” МФЙда Маҳалла раиси сайлови қонунда белгиланган тартибда ўтказилади.

Туман прокуратурасининг мурожаатлар билан ишлаш бўйича масъул ходимининг маълум қилишича, “Ғелон” МФЙдан маҳалла раислигига номзодлардан норозилик мазмунидаги бирорта ҳам ариза келиб тушмаган.

Эслатиб ўтамиз, туманимизда маҳаллалар раислари сайлови жорий йилнинг 16-май куни бошланди.

Туман ҳокимлиги сайлов жараёнларига аралашиш ҳолатлари кузатилгани йўқ.

Фақатгина сайлов қонунчилик нормалари асосида ўтишини таъминлаш, турли қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида туман Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими масъуллари сайлов жараёнига кузатувчи сифатида иштирок этмоқда.

Албатта, ОАВ вакиллари ва блогерлар мамлакатимиздаги муҳим сиёсий жараёнга – маҳалла раислари сайловига бефарқ бўлмаганлари қувонарли хол. Бу мамлакатимизда демократиянинг мустаҳкамланиб бораётгани, сўз эркинлигининг янада қадр топаётгани, юртимиздаги ижтимоий-сиёсий жараёнларга нисбатан жамоатчилик назоратининг ортаётганидан бир далолат.

Аммо, ана шундай долзарб сиёсий жараёнда бирозгина эътиборсизлик сабаб нотўғри ахборот тарқатиб қўйиш халқнинг сиёсий дунёқарашларига салбий таъсир этиши мумкинлигини ҳам унутмайлик.

Шу нуқтаи назардан Шаҳрисабз туман ҳокимлиги “Kompromatuzb” жамоасидан ҳар бир ахборотни тарқатаётганда синчиклаб ўрганишларини, аниқ далилларга таяниб, маълумот тарқатишларини сўраб қолади.

Шаҳрисабз туман ҳокимлиги демократик тамойилларни қадрлайди, мамлакатимиздаги сўз эркинлигини қўллаб-қувватлайди.

 




Report Page