Маҳалла фуқаролар йиғини раислари давлат хизматларидан фойдаланишга ўқитилмоқда
Давлат хизматлари агентилиги Тошкент вилояти бошқармасиҲар биримиз бирор бир юмуш билан нотариус, архив, кадастр, газ, электр, сув таъминоти ташкилоти каби турли идораларга мурожаат қилишимизга тўғри келган. Ёки маҳалладан оддий бир маълумотнома олиш учун баъзан кун бўйи навбатда турганимиз ҳам сир эмас. Бир қарашда арзимас бўлиб туюладиган бундай ишлар учун қанча вақтимиз, асабимиз кетади. Бугун эса буларнинг ҳаммасидан аҳоли бир жойда, марказлашган ҳолда фойдаланиш имкониятига эга бўлди.
Бугун инсон ҳаёти, манфаати билан боғлиқ соҳаларда майда нарсанинг ўзи йўқ. Юртимизда давлат хизматларини кўрсатиш борасидаги ишни мутлақо янгича асосда жорий этилганлиги халқимизга катта енгиллик яратиш билан бирга, одамларнинг давлатдан рози бўлишига хизмат қилмоқда. Энг асосийси яхши ниятлар билан ташкил этилган тизим қисқа муддатларда халқнинг ичига кириб, одамларнинг ишончини қозона олди.
Куни кеча мамлакатимиз раҳбарининг Бухоро вилоятига қилган ташрифи давомида берган топшириқлари асосида Тошкент вилоятида давлат хизматларидан фойдаланиш кўникмаларини маҳаллаларда, шунингдек, ёшлар ўртасида шакллантиришга қаратилган тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш йўлга қўйилди. Давлат хизматлари марказларида, маҳалла ва мактабларда масофадан туриб хизматлардан фойдаланиш бўйича семинар, маҳорат дарслари ва давра суҳбатлари ўтказилмоқда.
Ўрта Чирчиқ тумани Давлат хизматлари марказида ўтказилган семинарда тумандаги 20 га яқин маҳалла фуқаролар йиғини раислари ва умумтаълим мактабларининг ёшлар етакчилари иштирок этди. Тадбирда марказ ходимлари давлат хизматларини маҳалласидан, уйидан чиқмаган ҳолда фойдаланиш, онлайн хизмат олишга кўникма шакллантириш борасида керакли тушунчалар берди. Жуда қизиқарли ва фойдали ўтган тадбирда маҳалла аҳолиси ва ёшлар давлат хизматлари, улардан онлайн фойдаланиш ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлди.
— Туманимиздаги 60 дан ортиқ маҳалла фуқаролар йиғини раислари ҳамда умумтаълим мактаблари билан ҳамкорликда бундай амалий семинарларни мунтазам ўтказишни йўлга қўйдик, — дейди Ўрта Чирчиқ туман Давлат хизматлари маркази директори Севара Ҳошимова. — Бундан кўзланган мақсад — нафақат маҳаллаларда, балки умумтаълим мактабларида ҳам махсус хизмат кўрсатиш бурчаклари ташкил этиш орқали вояга етиб келаётган ижтимоий ҳаёт иштирокчиларини давлат хизматлари тўғрисида ҳозирданоқ тўлиқ тушунча ва маълумотга эга бўлишларини таъминлашдан иборат. Қолаверса, давлат хизматларидан онлайн тарзда фойдаланиш жуда қулай ва осон эканлиги мутахассисларимиз томонидан иштирокчиларга тушунтирилмоқда. Сабаби, марказга қанча одам кўп келса у ерда навбат, харажат бўлади, вақт кетади. Биз фуқароларимизни марказларга камроқ келиб, кўпроқ электрон хизмат олиши тарафдоримиз.
— Бугун олган билим ва кўникмаларимиз давлат хизматларидан электрон фойдаланиш зарур бўлиб қолганда жуда асқотади, — дейди Ўрта Чирчиқ туман “Тараққиёт” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Нортожи Раҳимова. — Биз ҳам ўз ўрнида маҳаллаларда қабулимизга келган аҳолига давлат хизматларини уйидан туриб олишларига кўмак берамиз. Одамларимизнинг вақти турли идоралар эшигида бекор ўтмаслиги керак.
Маҳалла оқсоқоллари, фаоллари ва ёшлар иштирокида экскурсия тарзидаги ташкил этилган учрашувда марказ директори тақдимот ўтказиб, яқинда фойдаланишга топширилган марказ фаолияти, аҳолига яратилган қулайликлар, давлат хизматларидан фойдаланиш борасида батафсил тушунча бериб ўтди.
Ахборот коммуникациялари ривожланиб бораётган бугунги кунда нафақат ёшлар, балки катта авлод вакиллари учун ҳам давлат хизматларидан фойдаланишини янада осонлаштириш, ортиқча ҳаракат ва харажатларнинг олдини олиш масалаларига эътибор қаратилаётганлиги айтиб ўтилди.
Амалий семинарда иштирокчилар томонидан ҳам соҳага оид фикр-мулоҳаза ҳамда таклифлар билдирилди. Таклиф этилаётган хизмат турлари ва уларнинг сифати, қайси жиҳатларига кўпроқ эътибор бериш лозимлиги, қайси амалиётни енгиллаштириш ёки бекор қилиш ҳақида айнан хизмат истеъмолчисидан фикр олиш фақатгина тизимни ривожлантиришга хизмат қилади.
Эркин Дорипов,
ДХА Тошкент вилояти бошқармаси
матбуот хизмати бошлиғи