Мақсадимиз - коррупциядан ҳоли тизим яратиш.
Кадастр агентлиги раҳбариятининг топшириғига биноан, жойларда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг коррупцияга қарши курашиш сиёсатини ходимларга етказиш тадбирлари қизғин давом эттирилмоқда.
Ушбу тадбирлардан кўзланган асосий мақсад соҳа ташкилотларида коррупцияни тубдан йўқотишга эришиш, ходимларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, коррупцияга нисбатан тоқатсиз муносабатни шакллантириш, коррупциявий ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга барҳам бериш, уларнинг оқибатлари, уларга олиб келувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупциявий ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги тамойилини таъминлашдан иборатдир.
Наманган вилояти кадастр тизимида коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашиш тадбирлари бугунги кунга қадар вилоятнинг Тўрақўрғон, Норин, Учқўрғон, Уйчи, Янгиқўрғон, Косонсой ва Чортоқ туманларида бўлиб ўтди. Унда жами 250 нафардан зиёд ходимлар қамраб олинди.
Бугун тасдиқланган режа-графикка асосан Кадастр агентлиги Наманган вилояти бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Қахрамон Ғозиев, бошқарманинг комплаенс-назорат хизмати бош мутахассиси Mаҳкамжон Нурматов ва Давлат кадастрлари палатасининг Наманган вилоят бошқармаси масъул ходимлари иштирокида Наманган шаҳар бўлими ва филиали ходимлари билан кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди.
Тадбирда бошқарманинг комплаенс-назорат хизмати бош мутахассиси M.Нурматов, Кадастр агентлиги раҳбарияти томонидан қўйилган коррупцияга йўл қўймаслик ва уни олдини олишга қаратилган вазифалар, яқинда тасдиқланган коррупцияга қарши курашиш Сиёсати, унинг мазмун моҳияти, қоррупция келтириб чиқарадиган оқибатлар, жиноятга жазо муқаррарлиги ҳақида батафсил тўхталди.
Коррупция билан боғлиқ жиноят Давлат кадастрлари палатасининг Наманган шаҳар филиалида 2021 йилнинг июнь ойида кадастр муҳандиси А.Юсуфов томонидан содир этилганлиги ва унга нисбатан суднинг ҳукми билан 5 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси қўлланилгани афсус ва надомат билан эсланди. Ачинарлиси, А.Юсуфов ўзининг ёш ғайратга тўла даврини панжара ортида ўтказиши, жазони ўтаб қайтганидан сўнг ҳам бирон бир давлат идорасида фаолиятини давом эттира олмаслиги, нафақат кадастр идоралари тизимига балки ўзининг оиласи ва яқинларига ҳам иснод келтирганлиги таъкидланди. Шу ўринда А.Юсуфовнинг фожеасида бугунги мажлис иштирокчиларининг ҳам айби борлиги қайд этилиб, агар жамоа ўз вақтида ҳамкасбини жиноят йўлидан қайтарганларида, у бугунги кунда меҳнат жамоаси билан бирга халқимизга хизмат қилаётган, ёш умрини хазон қилмаган бўлар эди. Бу каби салбий ҳолат мажлис иштирокчиларига сабоқ бўлиши лозимлиги, келгусида нафақат коррупция билан боғлиқ, балки жиноят ва ҳуқуқбузарликнинг ҳар қандай кўринишига йўл қўймасликлари лозимлиги уқтирилди.
Йиғилиш иштирокчиларига жамиятимизда ҳалол меҳнат билан обрў қозонган, бугунги кунда ҳам эл ардоғида бўлган фидоий инсонлардан ўрнак олиб ишлашимиз ва яшашимиз лозимлиги, тўғрисўзлик ва ҳалолликда ҳикмат кўплигини ҳаётий мисоллар билан халқчил тилда тушунтириб берилди.
Маърузачи коррупцияга қарши курашиш бугунги кунда давлат сиёсати даражасида эканлиги, унга қарши курашиш учун эса барчамиз бирдек масъул эканимиз, яқин келажакда коррупционерлар элнинг назаридан қолиб, ҳамма улардан ўзини олиб қочадиган ва жирканадиган манқуртлар тоифасига айланишини ҳаётнинг ўзи кўрсатишини гапириб ўтди.
Учрашувда ходимларни ижтимоий ҳимояси, ойлик маошларни ўз вақтида берилиши, уларнинг оилавий муаммолар ёки саломатликларида муаммо бор йўқлиги сўраб суриштирилди. Ҳар бир ходимга қийинчиликларда моддий ва маънавий ёрдам берилиши алоҳида тушунтирилди.
Шунингдек кадастр соҳасида узоқ йиллар ҳалол ишлаб келаётган фахрийлардан, соҳада янги иш бошлаган ёшларимизни оталиққа олиб, уларга насиҳат қилиб, порахўрлик иллатини оқибатларини тушунтириш кераклигини алоҳида таъкидлади.
Энг асосийси мақсадимиз Кадастр агентлиги ва Давлат кадастрлари палатасининг Наманган вилояти бошқармалари тизимини “Коррупциядан холи” тизимга айлантиришдир.
Мазкур йўналишида туман-шаҳар бўлим ва филиаллар ходимлари билан учрашувлар давом эттирилади. Олдимизда турган вазифалар соҳада инсон манфаатини юқори ўринларга олиб чиқиш, ходимларни ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва уларга ишлаш учун замонавий шароитлар яратишдир.
Матбуот хизмати.