МУРУВВАТ — ХАЛҚИМИЗНИНГ ЭНГ ЭЗГУ ФАЗИЛАТИ
Ютуқ – аҳил ва ҳамжиҳат бўлган элники!Хабарингиз бор, Республика махсус комиссияси қарорига кўра 1 апрелдан жорий қилинган янги карантин чоралари доирасида якка тартибда амалга оширилаётган хайрия акциялари вақтинча тўхтатилди.
Бундан кўзланган асосий мақсад коронавирус пандемияси тарқалиши даврида ҳамюртларимиз, айниқса, оилаларимиз файзи фариштаси бўлган нуронийларимизни ушбу вирус юқишидан эҳтиёт қилишга қаратилган.
Янги тартиб бўйича мамлакатимиз миқёсида эҳтиёжманд оилаларга ва инсонларга хайрия ёрдамларини манзилли тарзда етказиш тадбирлари марказлашган ҳолда олиб борилмоқда. Вилоятимизда бу вазифани маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси қошида ташкил этилган Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази амалга оширмоқда.
Махсус мухбиримиз ижтимоий ёрдамни олиш ва бу борадаги шарт-шароитлар хусусида вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Комила Кавлонова билан суҳбатлашди.
— Комила опа, эҳтиёжманд оилалар ижтимоий ёрдам олиш учун кимга ва қаерга мурожаат қилиши зарур?
— Фарғона вилояти маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси ҳузуридаги Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказида “Call-марказ”и фаолияти йўлга қўйилди. Ҳамюртларимиз 1197 қисқа рақами орқали бу ерда ташкил этилган Маълумот марказига мурожаат қилишлари мумкин.
— Ижтимоий ёрдам асосан кимларга берилиши назарда тутилган?
— Ижтимоий ёрдам маҳсулотлари маҳаллалардаги кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, нуронийлар, доимий иш билан банд бўлмаган аҳоли вакиллари ҳамда карантин туфайли кунлик ишга чиқа олмаётган фуқароларнинг оилаларига етказиб берилади.
— Ижтимоий ёрдам олиш учун қандай маълумотлар керак бўлади?
— Эҳтиёжманднинг фамилияси, исми, маҳалла номи ва телефон рақамлари (ушбу маълумотлар аризани расмийлаштириш учун зарур).
— Маълумот маркази дои-мий ишлаши учун шароитлар етарлими?
— Маълумот марказига (1197 қисқа рақами) ҳар куни соат 9:00 дан 17:00га қадар мурожаат қилиш мумкин.
— Бундай ёрдам қанча муддатга берилади ва уни қайта олиш имкони борми?
— Бу тизимнинг асосий вазифаси ҳақиқатда ёрдамга муҳтож оилани аниқ топишга қаратилган бўлиб, Марказларда учта йўналиш бўйича ахборотлар жамланади.
Биринчиси, 1197 қисқа рақами орқали келиб тушаётган мурожаатлар ёрдамида, албатта.
Иккинчиси, шаҳар-туманлар кесимида ҳақиқий вазиятни яхши биладиган маҳалла фаолларининг аниқ ва шаффоф маълумотлари асосида шакллантирилади.
Учинчи йўналиш ҳудудларда фаолият олиб бораётган волонтёрлар ёрдами билан йиғиладиган маълумотлардан иборат бўлади.
Шу асосда рўйхат шакллантирилгач, шунга муносиб деб топилган ҳар бир оилага рўйхат бўйича ажратилган маҳсулотлар етказиб берилади. Ижтимоий ёрдам жамланмасидаги маҳсулотлар 4-5 кишилик оила учун 10 кунга етиши ҳисобланган.
Таъкидлаш жоизки, вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказининг (73) 244-05-10, (94) 133-28-22 телефонлари орқали боғланиб ҳам ҳамюртларимиз бу масалада ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олишлари мумкин.
БИЗНИ БИР-БИРИМИЗГА БЎЛГАН МЕҲРИМИЗ АСРАЙДИ
Коронавирусга қарши курашиш жараёни янги тузилма – Фарғона вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси учун халқимиз ишончини қозониш борасида чинакам маънода синов даври бўлаётгани айни ҳақиқатдир.
Агар таъбир жоиз бўлса, бугун бошқарманинг ҳар бир ходими туну кун хизматда. Вилоят марказидан тортиб, энг чекка ва олис ҳудудларгача етиб бориб, давлатимизнинг эҳтиёжманд оилалар ва инсонларга беғараз ёрдамини етказаётган соҳанинг ҳар бир масъул вакили астойдил меҳнат қилмоқда.
Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази фаолияти билан танишиш асносида вилоят ҳокими ўринбосари – маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Саидмурод Аминжоновнинг фикр-мулоҳазалари билан қизиқдик.
— Куни кеча Фарғона аҳлига муҳтарам Президентимиз номидан 700 миллион сўмлик 35 тонна энг зарур кундалик озиқ-овқат маҳсулотлари олиб келинди. Бу маҳсулотларни вилоятимиз шаҳар-туманлари кесимида 2,5 мингта оилага етказиш бўйича манзилли рўйхат шакллантирилди,— дейди суҳбатдошимиз. — Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази фаолиятини ташкил этишда волонтёрларимизнинг ҳиссаси катта. Маҳсулотларни аҳоли хонадонларига етказишда ҳам бу ёшларимизнинг хизматидан фойдаланяпмиз.
Бу борадаги тартибга кўра, олиб борилган маҳсулот аҳоли уйларига тарқатилаётганда маҳалла вакиллари белгиланган масофадан яқинлашмайди. Дизинфекция қилинган транспорт воситаларида олиб борилган маҳсулотларни махсус кийимдаги волонтёрлар ёрдамга муҳтож оила вакилларига узатишади. Оила маҳсулотни қабул қилиб олгач, рўйхатга олинади. Бу оилага маҳсулотлар тўлиқ етиб боргани бошқармада ташкил этилган штаб аъзолари томонидан мониторинг қилинади. Шу тариқа энг керакли кундалик озиқ-овқат маҳсулотлари пакети 4-5 кишилик битта оиланинг 10 кунлик эҳтиёжига етади.
Ҳар куни бу масала бўйича ўнлаб маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ва эҳтиёжманд оилалар вакиллари билан суҳбатлашамиз. Баъзи тушунмовчилик ва муаммолар зудлик билан ҳал этилишига эришиляпти. Аммо ўз манфаатидан бошқасини тан олмайдиган айрим юртдошларимизнинг ўринсиз хатти-ҳаракатлари туфайли келиб чиқадиган асаббузарлик ҳолатлари ҳам йўқ эмас.
Бугун бутун дунё аҳли бирдек эътироф этаётганидек, бундай мураккаб шароитда инсониятни бир-бирига бўлган самимий меҳри асрайди. Бир-биримиздан меҳримизни аямайлик.
Ҳар бир оила, ҳар бир инсон тақдири давлатимиз ва Президентимиз эътиборида турибди. Ана шундай мустаҳкам таянч ва суянчга эга ҳамюртларимизнинг ҳеч бири меҳр ва эътибордан четда қолмайди.
Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази ташкил этилган дастлабки кунларнинг ўзида вилоятимиз шаҳар ва туманларидаги мингдан ортиқ эҳтиёжманд оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда дори-дармонлар етказиб берилди. Бевосита вилоят ҳокимлиги, республика ва маҳаллий бюджет маблағлари, ҳомий корхона-ташкилотлар, саховатпеша ҳамюртларимиз кўмаги билан бу ишлар кўлами кундан кунга кенга-йиб бормоқда.
АЛЛО, СИЗНИ “CALL-МАРКАЗ”И ЭШИТАДИ
Фарғона вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси ҳузурида Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази ташкил этилди.
Марказ томонидан амалга оширилаётган
ишлар бўйича қисқача маълумот:
Марказда доимий тарзда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Фарғона вилоят Кенгашининг фаол ёшларидан иборат 85-100 нафар волонтёрлари (кўнгилли ёшлар) ихтиёрий асосда фаолият олиб бормоқдалар.
Аҳоли мурожаатлари билан тизимли ишлаш ва манзилли ёрдам кўрсатиш мақсадида очилган “Call-марказ”нинг 1197 қисқа рақами ҳар куни соат 9:00-17:00 оралиғида узлуксиз равишда ишламоқда.
Бугунги кунгача ҳамюртларимиздан “Call-марказ”га жами 750 га яқин мурожаат келиб тушган бўлиб, ушбу мурожаатлар электрон дастур орқали ҳар бир шаҳар-туман бўйича тузилган ишчи гуруҳларга юборилади.
Вилоят бўйича манзилли рўйхат асосида кундалик эҳтиёж учун зарур бўлган бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари қарийб 100 та юк ташиш учун мўлжалланган автотранспорт воситалари орқали аҳоли хонадонларига етказиб бериляпти.
500 ЮЗДАН ЗИЁД КЎНГИЛЛИ ЁШЛАР
Аҳаджон АКБАРОВ,
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи
вилоят Кенгаши раиси:
Фарғоналик йигит-қизлар
синовли кунларда асло
томошабин эмас
угунги кунга қадар вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси ҳузурида ташкил этилган Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази ишига кўмаклашиш учун 550 нафарга яқин волонтёрлар (кўнгилли ёшлар) рўйхати шакллантирилди. Ҳар куни 85-100 нафар атрофида талабалар, ишсиз ёшлардан иборат волонтёрлар марказга келтирилаётган юкларни тушириш, маҳсулотларни қадоқлаш ишларига кўмаклашмоқдалар.
Ўз навбатида волонтёр ёшлар гуруҳи “Call-марказ”ининг 1197 қисқа рақамига келиб тушаётган ҳар бир мурожаат бўйича шаҳар-туманлар кесимида мониторинг ўтказади. Бу борада ҳар бир мурожаатчининг оилавий аҳволи шаҳар-туманлар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари мутахассислари ёрдамида мониторинг қилинади. Шундан кейин ушбу оила ҳақиқатда ёрдамга муҳтожлиги аниқланса ҳамда бошқа ҳомийлик ёрдамлари олмаган бўлса, ўн кунлик эҳтиёжига етадиган 9 турдаги кундалик зарурий озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилади. Маҳсулотларни қадоқлаш ва етказиб беришда санитария-гигиена талабларига риоя этиш, дизинфекция ишларини бажариш сингари карантиннинг барча тартиб-таомилларига қатъий амал қилиняпти.
Марказда ҳар бир ёрдам ҳақиқий эгасига тўлиқ етиб боришини мониторинг қилиб бориш мақсадида 6 нафар волонтёр ёшлардан иборат штаб фаолияти йўлга қўйилган. Штаб аъзолари ҳомийлик ёрдамлари кўрсатилган ҳар бир оилага бирма-бир қўнғироқ қилиб, ижро интизомини жиддий ўрганиб боришади.
Шу билан бирга, ҳозирги синовли кунларда эл хизматига камарбаста волонтёр ёшларимиз шаҳар-туманларда дизинфекция ишларини амалга ошириш ҳамда карантин постларида фаолият олиб боришда мутахассисларга яқиндан ёрдам беришмоқда.
Хайрия карвони йўлга чиқди
Коронавирус пандемияси даврида эҳтиёжманд, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш, амалий ёрдам кўрсатиш борасида олиб борилаётган амалий ишлар кўлами кун сайин бардавом бўлиб бормоқда. Асосий мақсад — чекка ва олис ҳудудларда умргузаронлик қилаётган меҳрга муҳтож оилаларни йўқлаш, кўнгил сўраб амалий ёрдам кўрсатиш.
7 апрель куни Маҳалла ва оилаларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси биносида ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази томондан ҳомийлар маблағлари эвазига жамланган 9 турдаги озиқ-овқат ва бирламчи эҳтиёж маҳсулотлари ортилган машиналар карвони Марғилон, Тошлоқ, Қува, Қўштепа, Ёзёвон, Фарғона, Олтиариқ туманлари бўйлаб йўлга чиқди. Бу белгиланган маҳсулот турларини ҳар бир ҳудуд, оилаларга манзилли етказиб бериш имкониятини берди. Шу кунга қадар 1500 нафардан ортиқ оилалар ҳомийлик хайрия ёрдамлари билан таъминланди.
КИМ ҚАНЧА ХАЙРИЯ ҚИЛДИ?
Вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармасининг Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказига ўнлаб фарғоналиклар беғараз ёрдам сифатида турли озиқ-овқат маҳсулотларини тақдим этмоқдалар.
Вилоятимизда кундан-кунга ҳомийлик ёрдамлари кўрсатиш истагида бўлган юртдошларимиз сафи кенгайиб бораётгани қувонарли, албатта. Бу Фарғона аҳли коронавирус пандемияси шароитида давлатимиз томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли саъй-ҳаракатларга муносиб ҳисса қўшишга интилаётганидан далолатдир.
Халқимизда мурувват - ўнг қўлнинг иши, ўнг қўлинг билан берганни чап қўлинг билмасин! – деган ҳикматли иборалар бўлса-да, бундай саховатпеша ҳамюртларимизни барчага таништириб қўйиш зарур.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи
Фарғона вилоят Кенгаши:
4800 дона тухум ва 150 кг товуқ гўшти.
Марғилон шаҳридаги
“Марҳаматли замин таровати”
фермер хўжалиги:
3000 минг дона тухум.
Тошлоқ туманида жойлашган
“Обиджон” фермер хўжалиги:
50 кг ун, 120 дона тухум ва 70 литр ўсимлик ёғи.
Ўзбекистон, Бувайда, Риштон, Қува, Фурқат туманларии ҳамда Марғилон шаҳар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари томонидан 9 турдаги кундалик зарурий озиқ-овқат маҳсулотлари.
Шунингдек, Марғилон шаҳрида яшовчи Дилмурод Позилов 120 кг сабзи, 100 кг пиёз, 127 кг картошка, 24 кг макарон, 100 кг ун, 60 дона буханка нон, Қувасой шаҳрида истиқомат қилувчи Улуғбек Холматов 100 кг ун ва 50 кг гуруч ҳамда Фарғона шаҳрида яшовчи Фотима Юлдашева буханка нон сингари озиқ-овқат маҳсулотларини баҳолиқудрат ёрдам сифатида тақдим этган.