МУРОЖААТ МАЗМУНИ: «НЕГА АЙНАН НОНУШТА ВА КЕЧКИ ОВҚАТ ПАЙТИ ЧИРОҚ ЎЧАДИ?»
uzbekistonmet.uzКаналга аъзо бўлинг! 👉 🌏 t.me/uzmetaxborotxizmati МУРОЖААТ МАЗМУНИ: Мен Охун Алилов, Тошлоқ тумани, Якавут МФЙ, Беруний кўчаси, 182-уйда яшайман. Бир ҳафтадан буён электр энергияси бир неча соатлаб ўчириб қўйилмоқда. Энг ачинарлиси, эрталаб соат 6 дан 8 гача (нонушта пайти) ва кечки 18 дан кейин (кечки овқат пайтида) бир неча соатлаб...
Бу вақтда ўчирилиши аҳолининг ғазабини қўзғаш учун атайлаб қилинаётганга ўхшайди! Майли, ўчирсин, ёқилғи танқислиги учун чекловлар киритилаётганини тушунаяпмиз, лекин чекловлар кечаси 23:00дан эрталаб 6:00гача ёки кундуз куни киритилсин. Нега айнан аҳоли овқатланадиган, ўқувчилар дарс тайёрлаётган ёки мактабга кетиши олдидан ўчирилади?
МУРОЖААТГА ЖАВОБ: Ҳурматли истеъмолчи Охун Алилов! Сизнинг uzbekistonmet.uz сайтига расмий мурожаатингиз «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти Ахборот хизмати томонидан маълумот ўрнида қабул қилинди.
Маълум қиламизки, Сиз томонингиздан сўралган масала Жамиятимизга турдош ташкилот — «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти ваколатлари доирасида бўлиб, энерготизимда мавжуд барқарорлик мувозанатини сақлаш мақсадида маълум миқдордаги чекловлар ўрнатилиши бевосита «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» ҳамда «Иссиқлик электр станциялари» акциядорлик жамиятларининг фаолиятлари билан ҳам чамбарчас боғлиқ.
Мурожаатингизда электр таъминотидаги чекловлар айнан энергоресурсларга эҳтиёж ортган пайтда (тонгги нонушта ва кечки дам олиш пайтида) амалга оширилаётгани ҳақида ёзибсиз... Сизга шуни маълум қиламизки, одатда айнан эрталабки 5:00 дан 9:00 гача ва кечки 18:00 дан кейин кунлик ўртача истеъмолнинг энг юқори кўрсаткичлари қайд этилади.
Буни оддий сўз билан ифодаласак, куннинг маълум бир пайтида электр таъминотига бўлган талаб кескин ортиши оқибатида электр жиҳозлари ва ускуналарида фавқулодда авария ёки ёнғинлар содир бўлмаслигининг олди олиниб, ишлаб чиқариш ва истеъмол ўртасидаги балансни таъминлаш мақсадида, маҳаллий диспетчерлар томонидан маълум маънодаги чекловлар ўрнатилишига мажбур бўлинади. Агар кичикроқ ҳудуд доирасида турли сабабларга кўра таъминот балансини сақлай олиш имкони бўлмаса, энерготизим барқарорлигини таъминловчи ҳимоя воситалари ишлаши оқибатида каттароқ ҳудуд доирасида узилишлар содир бўлади.
Айрим ҳолларда носоз ва юқори қувват талаб этувчи электр жиҳозларидан оммавий тарзда фойдаланишлар ҳам фавқулотда авария содир бўлишига, трансформаторлар, ҳимоя ускуналари, симёғочлар ёниб кетишига, бунинг оқибатида электр таъминотида вақтинчалик узилишлар бўлишига олиб келади.
Бундан ташқари, айни пайтда электр энергиясини ишлаб чиқариш корхоналарида ёқилғи танқислиги вужудга келган бўлиб, бу омил ҳам ўз навбатида электр таъминотидаги чекловлар ўрнатилишига сабаб бўлмоқда: 👉https://daryo.uz/k/2020/01/18/vazir-orinbosari-gaz-yoqligi-tufayli-elektr-stansiyalari-ishlamayapti/
Маълумот ўрнида: бундан бир неча кун олдин Энергетика вазирлиги томонидан мамлакатимиз аҳолисига вазиятни тўғри тушунгани учун миннатдорлик билдириш баробарида соҳа мутахассислари томонидан электр энергияси ва табиий газ таъминотини яхшилаш учун барча имкониятлар сафарбар этилгани ҳақида расмий баёнот берган эди.
Мурожаатингиз билан боғлиқ масалаларни батафсил билиб олишингиз учун қуйидаги мақолаларни диққат билан мутолаа қилишингизни сўраймиз:
👉 http://uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/177
👉 http://uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/150
Маълумот ўрнида: «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти юқори кучланишли электр энергиясини транспортировка қилиш, электр энергияси импорти ва экспорти масалалари билан шуғулланиб, истеъмолчилар билан бевосита шартномалар имзоламайди.
Охун Алилов, Сизга шуни маълум қиламизки, мурожаатингиз мазмуни тегишли тартибда масъул ходимларига юборилди ва тез орада шикоятингиз юзасидан муносабат билдирилади.
«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Матбуот хизматининг расмий телеграм канали: 👉 https://t.me/hetmuloqot (Телеграм: @hetmuloqot, @HET_admin; Facebook: Hududiy elektr tarmoqlari) ва веб-сайти: 👉 http://www.het.uz/oz.
👉 Қисқа рақами: 1154.
👉 Мурожаат учун: +99871-202-50-55.
Ҳурмат билан,
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати