МУРОД МУҲАММАД ДЎСТ

МУРОД МУҲАММАД ДЎСТ


Бугун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўст 72 ёшни қаршилади. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси жамоаси адибни ушбу сана билан муборакбод этади.

  Мурод Муҳаммад Дўст 1948 йили Самарқанд яқинидаги Жом қишлоғида туғилди. Ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетида, сўнг Москвадаги адабиёт институтида таҳсил олди.

  У “Ўзбекфильм” киностудиясида, “Шарқ юлдузи” журналида, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида, “Ўзбеккино” Давлат акциядорлик компаниясида хизмат қилди.

  Ижоди ўтган асрнинг 70-йилларидан бошланиб, “Қайдасан, қувонч садоси?” номли биринчи ҳикоялар тўплами 1976 йили нашр этилди. Шундан сўнг адибнинг “Мустафо”, “Истеъфо”, “Дашту далаларда”, “Чоллардан бири”, “Бир тойчоқнинг хуни” каби ҳикоя ва қиссалари босилди. 1983 йилда “Галатепага қайтиш” қиссаси эълон қилинди. Ёзувчи турғунлик даврининг маънавий, иқтисодий ва сиёсий таназзули ҳақида ҳикоя қилувчи “Лолазор” (1988) романини яратди. Бу асари учун 1989 йилда Давлат мукофотига сазовор бўлди.

  Мурод Муҳаммад Дўстнинг “Галатепага қайтиш” қиссаси талабчан илмий-адабий жамоатчиликнинг юксак эътиборини қозонди. Ундаги Ғайбаров ‒ адабиётда ҳали учрамаган янгича дунё, янгича тафаккур кишисининг образидир. “Лолазор” романида ана шу янгича тафаккур тиғидан емирила бошлаган коммунистик мафкуранинг таназзули, истиқлол шамчироғининг ёна бошлаганлигига ишоралар бор.

  Мурод Муҳаммад Дўст таниқли киносценарист ҳамдир. Унинг “Галатепалик авлиё”, “Дев билан пакана”, “18-квадрат”, "Пўшт, арава” ва “Кўргим келади”, “Рўё” (“Акахон”) сингари сценарийлари асосида суратга олинган кинофильмлар томошабинлар орасида маълум ва машҳур.

Ёзувчи 1996 йили “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” унвони, 1999 йили “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган.


Report Page