МУРОБАҲА (биринчи қисм)

МУРОБАҲА (биринчи қисм)

Ислом Молияси

Муробаҳа бугунги кунда ислом молия муассасалари томонидан тадбиркорлик/тижорат лойиҳаларини молиялаштириш учун кенг қўлланилади, ваҳоланки муробаҳа дастлаб ислом фиқҳида фақат савдо шартномаси тури сифатида маълум бўлган ва молиялаштиришга умуман алоқаси бўлмаган.

Муробаҳа биринчи навбатда савдо битими эканлиги сабабли ушбу мақолани муробаҳанинг савдо шартномаси сифатидаги асосий қоидаларини кўриб чиқишдан бошлаймиз.

Муробаҳа

1. Муробаҳа – бу махсус савдо-сотиқ тури бўлиб бунда сотувчи маҳсулотнинг харид нархини, қилинган харажатларни ва унинг устига ўзи қўйган устамани (фойдани) харидорга маълум қилади(агар сотувчи маҳсулотнинг таннархини ва устамани маълум қилмаса, унда бу муробаҳа эмас, балки ислом молиясида «мусавама» деб аталувчи оддий савдо битими бўлади);

2. Сотувчи маҳсулотни харидорга етказиши билан боғлиқ барча харажатлар маҳсулотнинг таннархига қўшилади ва ҳосил бўлган нархга устама белгиланади (аммо сотувчининг маҳсулотни харидорга етказишига бевосита алоқаси бўлмаган жорий харажатлари маҳсулотга нарх белгилашда инобатга олинмайди);

3. Томонлар маҳсулот нархини бирданига тўланишига ҳам, кейинроқ (яъни маълум бир муддат ичида) тўланишига ҳам келишишлари мумкин. Демак, муробаҳани фақатгина тўлов муддати узайтирилган савдо битими деб аташ тўғри эмас (ислом ҳуқуқидан унчалик хабари бўлмаган, фақатгина замонавий ислом молия муассасалари фаолияти билан таниш бўлган одамларгина шундай деб ҳисоблашади).

4. Муробаҳа битими маҳсулотнинг нархи аниқ бўлсагина ҳуқуқий кучга эга бўлади. Акс ҳолда маҳсулот муробаҳа шартномаси орқали сотилиши мумкин эмас (у ҳолда бу муробаҳа эмас, балки оддий савдо битими бўлган мусавама битими бўлади).

Мисоллар:

(1) сотувчи битта қўл телефонини 100$ га сотиб олди ва уни муробаҳа битими орқали маҳсулотнинг устига 10% устама қўйиб сотмоқчи. Бунда маҳсулотнинг нархи аниқ бўлгани учун муробаҳа битими жоиз бўлади.

(2) сотувчи 200$ га қўл телефони ва рақамли камера сотиб олди. Бу ҳолда шу қўл телефони ва рақамли камерани бир муробаҳа битими орқали сотиши мумкин, аммо қўл телефонининг ўзини муробаҳа битими орқали сотолмайди, чунки бунда маҳсулотнинг нархи аниқ эмас. Агар сотувчи қўл телефонини ўзини сотмоқчи бўлса, унда оддий савдо битими орқали (яъни маҳсулотнинг таннархини, харажатларни ва устама/фойдани кўрсатмаган ҳолда) сотиши мумкин.


Ислом Молияси каналига аъзо бўлиш


Report Page