МУНОСАБАТ
Бугун ижтимоий тармоқларда “Навоийазот” АЖ томонидан Зарафшон дарёсига кўп миқдорда ҳаёт учун хавфли зарарли моддалар оқизилгани, оқибатда балиқлар нобуд бўлгани, улар орасида «Қизил китоб»га киритилган турлар ҳам борлиги ҳақида хабар тарқалди.
Хабарда мингдан ортиқ балиқ нобуд бўлгани ва айни дамга қадар аниқланган зарар 4 миллиард сўмдан ортиқ бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.
Навоий вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси атроф-муҳит ифлосланишини мониторинг қилиш бўлими (Аналитик лаборатория) Кармана тумани экология инспекцияси инспекторлари ҳамда “Навоийазот” АЖнинг Санитар лабараторияси мутахассислари томонидан дарёнинг олтита нуқтасига бориб ўрганилганда дарёдаги ҳар хил турдаги балиқларнинг оммавий заҳарланиши юзага келганлиги аниқланди. “Навоийазот” АЖга қарашли (л-ташлама) 267-қудуқдан олинган намуналар таҳлил қилинганда белгиланган меъёрлардан азот аммоний – 20 маротаба, азот нитрат – 2,5 маротаба, азот нитрит – 52,5 маротаба, хлоридлар – 7,22 маротаба, мис ионлари – 2,2 маротаба юқорилиги аниқланган. Ҳозирда тезкор суриштирув ишлари олиб борилиб табиатга етказилган зарар ҳисобланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 7 сентябрдаги “Атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш механизмини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 541-сон қарорига кўра, “Навоийазот” АЖ атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг I тоифаси, яъни юқори даражадаги хавфли объектлар қаторига киради. Атроф муҳитга хавф даражаси юқори бўлган бўлган бу корхонадан бунчалик кўп миқдорда хавфли кимёвий моддаларнинг очиқ табиатга чиқариб юборилиши биринчи галда қўпол қонунбузарлик ва шу билан бирга корхона томонидан атроф-муҳит муҳофазасига эътиборсизликнинг яққол кўринишидир.
Саноат чиқиндиларининг табиатга, флора ва фаунага, сув ва тупроққа қанчалик катта зиён келтириши ҳеч кимга сир эмас. Заҳарли кимёвий моддалар нафақат сув ва тупроқдаги жонзотлар ҳаётини хавф остида қолдиради, шу билан бирга атроф-муҳитга салбий таъсири узоқ муддат давомида сақланиб қолади. “Навоийазот” АЖ томонидан Зарафшон дарёсига чиқарилган зарарли моддалар оқибатида нобуд балиқлар мисолида ҳам буни кўришимиз мумкин.
Корхонанинг она табиатга ва унинг жонзотларига етказган бу зарари нималардан далолат беради?
Биринчидан. Бу “Навоийазот” АЖ каби юқори даражада хавфли объектларда атроф-муҳитга чиқариладиган ҳар қандай чиқиндиларни тегишли тартибда назоратдан ўтказиш, бунинг учун доимий равишда экология соҳасига оид мутахассислар хулосаларини олиш йўлга қўйилмаганидан далолат беради. Бундай объектларнинг ўзида доимий ишлайдиган мана шундай механизм йўқлиги туфайли бундай ҳодисалар содир бўлмоқда. Энг ёмони бундай ҳолат шу каби бошқа короналарда ҳам кузатилмоқда.
Иккинчидан. Экологик жиҳатдан хавфли объектлар томонидан атроф-муҳитга чиқарилаётган саноат чиқиндилари ҳамда уларнинг зарарини вақти-вақти билан кенг жамаотчилик иштирокида ўрганишлар олиб борилмайди, жамоатчилик эшитувлари ўтказилмайди. Шу боис ҳам қонунчилик ҳужжатлари орқали бундай таъсир чораларини кўришнинг аниқ механизмларини белгилаш, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга тегишли ўзгартиришлар киритиш вақти етган.
Учинчидан. Юқори даражада хавфли саноат объектлари томонидан атроф-муҳитга етказилган зарарларни қоплашнинг таъсирчан механизмлари жорий этилиши ҳар доимгиданда долзарб ҳисобланади. Шу ўринда экологик хавф-хатарларни суғурталаш механизмлари жорий этилиши алоҳида аҳамият касб этади.
Бугун бундай ҳодисаларга қарши жиддий курашмасак, эртага уларнинг таъсир доираси кундан-кун кенгайиб, бутун экотизим мувозанатини издан чиқаришгача бориши ҳеч гап эмас. Чунки, юқорида айтганимиздек атроф-муҳитга чиқарилган хавфли кимёвий моддалар узоқ йиллар давомида катта зарар манбаи бўлиб қолаверади.
Мана шу масалалар нақадар долзарб эканлиги боис ҳам Сайловолди дастурида саноат чиқиндиларининг зарарини камайтириш йўлида аниқ мақсадлар илгари сурилган.
Жумладан, хавфли кимёвий моддалар таъсирида ер, сув ва атмосферанинг ифлосланиш ҳолатларини қисқартириш ҳамда экологик жиҳатдан хавфли объектларнинг трансчегаравий таъсирини камайтириш бўйича ҳуқуқий таъсир чораларини кучайтириш таклиф этилмоқда. Атроф-муҳитни меъёридан ортиқ ифлослантирувчи манбаларни аниқлаш орқали уларнинг технологик жараёнларини модернизация қилиш, янги инновацион технологияларни жорий этишнинг ҳуқуқий асослари ишлаб чиқилади. Шунингдек, саноат ва маиший чиқиндиларни бошқариш соҳасида замонавий технологияларни жорий этиш мақсад қилинган.
Ўзбекистон Экологик партияси мазкур ҳолатни қаттиқ қоралайди. “Навоийазот” АЖ масъуллари мазкур ҳолат бўйича жамоатчиликка тушунтириш беришларини сўраймиз ва саноат чиқиндиларининг бу каби зарарлари нафақат экологияга, балки инсонларга ҳам зиён келтиришини эслатиб ўтамиз.
Ўзбекистон Экологик партияси
Марказий Кенгаши матбуот хизмати